Жаҳон | 13:04 / 09.05.2021
12610
5 дақиқада ўқилади

Нега Африканинг айрим мамлакатларида вакциналар чиқиндига ташланмоқда?

Африка мамлакатларининг катта қисми Covid-19 вакцинасини сотиб олиш масаласида қийналмоқда. Қитъанинг айрим мамлакатларида эса яроқлилик муддати ўтган минглаб вакциналар чиқиндига ташланмоқда.

Фото: Reuters

Малавида 16 минг 400 доза, Жанубий Суданда 59 минг доза Oxford-AstraZeneca вакцинасининг яроқлилик муддати 13 апрелда тугаган.

ЖССТ яроқлилик муддатини хавфсиз тарзда узайтириш йўлларини излаш учун ушбу вакциналарни сақлашга чақирганига қарамай, ҳар иккала мамлакат ҳам мазкур вакциналарни йўқ қилишга қарор қилди.

Конго Демократик Республикаси эса камбағал мамлакатларга вакциналар етказиб беришни мақсад қилган COVAX дастури доирасида қабул қилинган 1,7 миллион вакцинанинг катта қисмидан фойдалана олмаслигини эълон қилди.

Конгода апрель ойи охирига қадар ушбу вакциналарнинг атиги минг дозаси ишлатилган.

Гарчи яроқлилик муддати 24 июнь бўлса-да, ушбу вакциналарнинг аксарияти Того ва эмлашнинг биринчи босқичини тугатган мамлакатлар сирасидаги Ганага жўнатилмоқда.

Вакциналардан нима учун фойдаланилмади?

Аслида, Oxford-AstraZeneca вакциналари ишлаб чиқарилганидан кейин 6 ойгача музлаткичларда хавфсиз сақланиши мумкин.

Бироқ айрим мамлакатларда эмлаш жараёнини секинлаштирадиган бир неча омиллар мавжуд.

Жанубий Африка ҳукумати мамлакатдаги коронавирус штаммидан етарли даражада ҳимоя қила олмаслиги сабабли февраль ойида қабул қилиб олинган яроқлилик муддати 13 февралгача бўлган Oxford-AstraZeneca вакциналаридан фойдаланмасликка қарор қилганди.

Африка Иттифоқи эндиликда ушбу вакциналарни қитъанинг бошқа мамлакатларига тарқатишга ҳаракат қилмоқда.

Март ойи охирида Африка мамлакатларига тарқатиш учун Африка Иттифоқига 1 миллион доза вакцина юборилди. Бироқ айрим мамлакатлар, шу жумладан, Жанубий Судан ушбу вакциналарнинг яроқлилик муддати ҳақида уларга маълумот берилмаганини айтди.

Бошқа томондан, Нигерия расмийлари ушбу дозаларнинг ҳаммасидан қисқа вақт ичида эмлаш учун фойдаланиш мумкин эмаслигини таъкидлади. Шунинг учун вакциналарнинг бир қисми қўшни Того ва Гана давлатларига, яна бир қисми эса Ямайкага юборилди.

ЖССТ фақат Того ва Гамбия давлатларигина ўз вакциналарининг барча дозаларини яроқлилик муддати тугамасидан олдин қўллаганини маълум қилди.

Қолган вакциналарнинг тақдири эса номаълумлигича қолмоқда.

Нима учун эмлаш кечиктирилди?

ЖССТнинг Африкадаги мутахассиси Фиона Атухебве қитъадаги мамлакатларнинг аксар қисми вакциналарни етарли даражада тайёргарлик кўрмай туриб қабул қилиб олгани, бу эса ўз навбатида эмлаш жараёнини секинлаштирганини таъкидлади.

Бошқа томондан, айрим мамлакатларда ушбу жараёнларга молиявий муаммолар ҳам салбий таъсир ўтказди.

Африка касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (Africa CDC) вакили Жон Нкенгасонг соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг сонини кўпайтириш ва уларни вирусдан ҳимоя воситалари билан таъминлашга чақирди.

«Африка қитъаси қандай қилиб эмлашни билади, чунки бу қитъадаги баъзи мамлакатларда бошқа касалликларга қарши эмлаш ишлари олиб борилмоқда. Муҳим бўлган масала шу: сиз эмлаш қамровини қандай кенгайтирасиз ва бу жараённи қандай тезлаштирасиз?» деди Нкенгасонг. 

Конго Демократик Республикасида нафақат соғлиқни сақлаш тизимининг ёмонлиги, балки транспорт тармоғининг кучсизлиги ҳам вакциналарни мамлакатнинг турли қисмларига етказилишига тўсиқ бўлмоқда.

Конго ҳукумати хавфсизлик бўйича хавотирлари сабаб март ойи ўрталарида Oxford-AstraZeneca вакциналарининг қўлланишини тўхтатиши, 19 апрелдан эмлашни давом эттириши ҳам вазиятни янада мураккаблаштирди.

Африка давлатлари вакциналарнинг яроқлилик муддати тугашига яқин қолганда ёки яроқлилик муддати ўтиб кетганда бу ҳақда ЖССТга ёки Africa CDC ташкилотларидан бирига хабар беришлари шарт.

Вакцинага шубҳа билан қаралиши ҳам жараёнга таъсир қилдими?

Африка мамлакатларидаги баъзи экспертлар ва сиёсатчиларнинг таъкидлашича, вакциналарнинг хавфсизлиги ва самарадорлигига жамоатчилик томонидан шубҳа билан қаралаётгани ҳам эмлаш жараёнини секинлаштирмоқда.

Сьерра-Леоне соғлиқни сақлаш вазири Остин Дембининг айтишича, улар ўз мамлакатида одамларни эмлаш жараёнига жалб қилиш ва уларни кўндириш масаласида қийинчиликка дуч келишмоқда.

Малавилик вирусолог Гама Бандау қабул қилиб олинган барча вакциналардан фойдалана олинмаётганига вакциналарга бўлган ишончнинг камлиги ҳам таъсир қиляпти, деган фикрда.

Жанубий Африкада қон ивиши каби ножўя таъсирлар кузатилгани сабабли бир муддат ишончлилик даражаси муҳокама қилинган AstraZeneca вакциналаридан фойдаланишни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳам вакциналарга нисбатан шубҳаларни янада кучайтирди.

Бандаунинг сўзларига кўра, Жанубий Африка расмийлари иккиланишга барҳам бериш учун «қўлларидан келганича ҳаракат қилишган», аммо жамоатчиликдан кутилган жавоб олинмаган.

Covid-19 вакциналари ҳақидаги фикрларни ўрганиш мақсадида 15 мамлакатда Africa CDC томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, қитъада яшовчиларнинг аксарият қисми вакциналарнинг хавфсизлигидан хавотирда эканини билдирган.

Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг ўртача 20 фоизи эмланмаслигини айтган. Ушбу кўрсаткич Эфиопия, Нигер ва Тунисда 10 фоиздан кам, Конго Демократик Республикасида эса 41 фоизни ташкил этади.

Мавзуга оид