Жаҳон | 09:39 / 10.05.2021
60512
3 дақиқада ўқилади

9 май Германияда қандай кутиб олинди? (фото)

9 май санаси Ўзбекистонда Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланади. Ушбу кун одатда ўтган аждодларимиз, хусусан Иккинчи жаҳон уруши ва фронт ортидаги жангларда иштирок этиб ҳалок бўлган инсонлар хотирланади.

Мазкур санани «Ғалаба куни» сифатида нишонловчи собиқ совет иттифоқи давлатлари ҳам бор. Германия ўз навбатида 9 майни норасмий тарзда «Германиянинг национал-социализмдан озод этилган куни» сифатида ҳар йили ёд олади.

UzbekLife колумнисти Берлин шаҳрида ушбу тадбирлар қай тарзда ўтгани ҳақида фоторепортаж тайёрлади.

Мазкур мемориал комплекс фашистик Германияга қарши жангларда ҳалок бўлган совет иттифоқи аскарларига бағишлаб 1945 йил 11 ноябрда очилган. Мажмуа жойлашуви ўзига хос маънога эга бўлиб, Гитлер ғояси бўйича «учинчи рейх»ни боғлаб турувчи шимол-жануб (Nord-Süd-Achse) ва шарқ-ғарб (Ost-West-Achse) йўллар кесишмаси ўрнида барпо этилган. Комплекс колонналарида эса Берлин устидан жангларда ҳалок бўлган ҳарбийлар исмлари битилган. Анъанага кўра бугунги кунда ҳар йили 8 – 9 май кунлари собиқ совет иттифоқи давлатлари элчихоналари томонидан ўз халқлари номидан ушбу мемориалга жангларда қурбон бўлган аскарлар хотирасига гулчамбарлар қўйилади.

Иккинчи жаҳон уруши якунларида Берлин шаҳрига кирган биринчи танклардан бири – мемориал комплекснинг бир қисми. 

Treptow парки ичида жойлашган жангларда ҳалок бўлган совет аскарлари хотирасига бағишланган бошқа мемориал комплекс. Ушбу комплексда ҳам анъанага кўра элчихоналар томонида гулчамбарлар қўйилади.

Иккинчи жаҳон урушида ўлдирилган синти ва рома халқлари хотирасига барпо этилган мемориал комплекс. Рейхстаг биноси сўл қанотида жойлашган.

Иккинчи жаҳон урушида ўлдирилган яҳудийлар хотирасига бағишланган мемориал комплекс. Бранденбург дарвозаси ёнида.

Neue Wache (янги вахта) – уруш ва тирания қурбонлари хотирасига бағишланган Германиянинг марказий мемориали. Ушбу бино ичидаги ягона скулптура – ўлган боласини бағрига босаётган она сиймоси.

Бугунги кунда Германия Федератив Республикаси ўтган асрнинг биринчи ярмида  рўй берган даҳшатли урушлар ва ундан келиб чиққан миллионлаб қурбонларни асло унутмаган.

Аксинча, иттифоқдош халқларига (АҚШ, Англия, Франция ва собиқ СССР халқлари) Германия ва бутун Европани национал-социализм ва фашизмдан озод этгани учун чуқур миннатдорчилик руҳида 8 май кунини хотирлайди. Фашистик Германиянинг капитуляцияси Германия вақти билан 8 май соат 23:01да кучга кирган. Бу пайт Москва вақти бўйича кейинги кун, яъни 9 майга ўтган бўлади. Шунинг учун Германияда уруш тугаган кун 8 май қайд қилинади.

Маҳкам Ҳамидов,

UzbekLifeнинг Германиядаги колумнисти

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид