Ўзбекистон | 07:20 / 10.05.2021
3859
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада табрик плакатларидан бирида немис аскарлари тасвирланди. Ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги изоҳ берди

Фарғона шаҳридаги «Ватанпарварлар боғи»да «Хотира бор экан – миллат барҳаёт» сўзлари остида немис аскарлари расми туширилган кўчма плакат суратлари тарқалди. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати мазкур ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Маълум қилинишича, 9 май куни Фарғона шаҳрида Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги катта тантана билан нишонланган. Байрам тантаналари ичида боғ ҳудудида «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлимининг қўпол техник хатоси ва эътиборсизлиги оқибатида плакатлардан бирига немис аскарлари тасвири туширилган. Натижада, шундай ҳолат кузатилган.

Фарғона вилоят ҳокимлиги томонидан ушбу масала шу куннинг ўзида ўрганилган. Дастлабки суриштирувга кўра, интернетдан Иккинчи жаҳон уруши даври билан оид расмларга қидирув бериб, етарли билимсизлик туфайли тасодифий расм олингани, плакат дизайнида фойдаланилгани маълум бўлди. 

Таъкидланишича, плакат макетини ким тайёрлаганлиги, нега айнан ушбу расм танланганлиги, у нима учун тасдиқлатилмаган ҳолда ўрнатилганлиги батафсил ўрганилиб айбдорларга кескин чоралар кўрилади.

Қайд этилишича, ҳозирда кўчма плакат «Ватанпарварлар боғи»дан олиб ташланган. Ўрнига Иккинчи жаҳон урушида қаҳрамонлик кўрсатган ўзбек жангчилари тасвирланган баннер ўрнатилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид