Жамият | 16:36 / 11.05.2021
3288
3 дақиқада ўқилади

Аллергия эмас, унга мойиллик туғма бўлади — Халқаро молекуляр аллергия маркази илмий ходими

11 май куни «30 май – Бутунжаҳон астма ва аллергияга қарши курашиш куни» доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Халқаро молекуляр аллергия маркази томонидан «Астма, аллeргия, инфeкцион диагностика ва даволашга молекуляр ёндашувлар» халқаро илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Халқаро молекуляр аллергия маркази клиник бўлими мудири Моҳигул Исматова марказнинг аллергик касалликларни даволашдаги бугунги улкан аҳамияти, аллергик касаллик ва уларнинг давоси билан боғлиқ қизиқарли маълумотлари билан ўртоқлашди.

«Бутун дунёда охирги 10 йилликлар ичида аллергик касалликлар, жумладан, астма касаллиги жудаям кенг тарқалиб бормоқда. Бунинг сабаблари етарлича топилади, масалан, экологиянинг бузилиши, овқатланиш тартиби ўзгаргани, кўп миқдорда дорилар истеъмол қилиш ва бошқа омиллар. Аллергик касалликлар билан курашиш ҳозирги тиббиётнинг долзарб муаммоларидан саналади. Мамлакатимизда ҳам халқаро тиббиёт ҳамжамияти билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда. Президент қарори билан Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида Халқаро молекуляр аллергия маркази ташкил этилиб, бу ерда сўнгги аллергодиагностика усуллари татбиқ этилади. Биз шу аллергодиагностика асосида Тошкент шаҳри ва вилоятларда аллергик касаллиги бор беморларни бепул соғломлаштириш ишларини бажариб келамиз.

Ўзбекистонда молекуляр аллергологияни татбиқ этиш шу соҳада амалга оширилган энг катта ишлардан десак бўлади. Ҳозирда болаларда айниқса, аллергик касалликлар кўп учрамоқда ва бу диагностика орқали болаларда нафақат аллергияларни аниқлаш, балки аллергик касаллик шу болада қандай кечишини олдиндан айтиб бериш имкониятига эгамиз. Биз ушбу молекуляр диагностика орқали бир беморда 300 тагача аллергияни аниқлай оламиз, унинг ичида овқат аллергиялари, уй ҳайвонларига, дарахтлар гулларига, уй чанги замбуруғга аллергия ҳам бор. Ҳар бир беморнинг аллергик профили турлича бўлгани учун парҳез беморга мослаб тавсия қилинади.

Аллергодиагностиканинг яна бир муҳим хусусиятларидан бири айниқса, айри аллергенларни аниқлаб, улардан аллергенспецификиммунотерапия ўтказиш ва унинг самарасини олдиндан айтиб бериш ҳисобланади.

Халқаро молекуляр аллергия маркази аллергенларнинг тарқалиши бўйича ҳам тадқиқотлар олиб боради. Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги аллергенларнинг фарқи мавжуд. Масалан, Тошкентда кипарез ва алтернария аллергия кўп учраса, водий вилоятларида уй чангига аллергия кўпроқ учрагани аниқланди. Бу ҳудудларининг иқлим шароити ва бошқа хусусиятлар билан боғлиқ.

Аллергия туғма бўлмайди, балки аллергияга мойиллик туғма бўлади, у генлар орқали наслдан наслга ўтади. Яъни болага ота-онадан аллергияга мойиллик ўтади, туғилгандан кейин аллергияга шароит ва муҳит бўлса, аллергия ўзини намоён қилади. Ёки тескариси, аллергия ривожланишига шароит бўлмаса, намоён бўлмаслиги ҳам мумкин», деди аллерголог шифокор Моҳигул Исматова.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид