Жамият | 13:21 / 11.05.2021
11827
8 дақиқада ўқилади

Суд ва президент қарори бўлишига қарамай Янгиер шаҳри ҳокимлиги 2 йилдан буён тадбиркорнинг товон пулларини тўлаб бермаяпти

Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрининг Марказий деҳқон бозори ҳудудида жойлашган «Жамшид-Азиз-Файз» МЧЖга қарашли чойхона бинолари ва савдо дўкони 2019 йил 14 май куни шаҳар ҳокимлиги томонидан бузиб ташланган.

Kun.uz'га мурожаат қилган корхона раҳбари Жамшид Зуҳуровнинг айтишича, унинг бинолари президентнинг 2017 йил 27 мартдаги «2017 — 2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПҚ-2853 сонли қарори асосида бузилган.

Жамшид Зуҳуров - «Жамшид-Азиз-Файз» МЧЖ раҳбари

Лекин, Янгиер шаҳри ҳокими Илёр Хўжаев ушбу бинолар бузилган вақтда уларнинг товон пуллари ҳокимлик томонидан тўлаб берилиши ҳақида «Кафолат хати» ёзиб берганига қарамасдан, орадан икки йил муддат ўтган бўлса-да, ҳали ҳам компенсация пули тўланмай келмоқда. Тадбиркорнинг товон пулини ундириш ёки бузилган ҳудуд ўрнига ер бериш тўғрисидаги ҳокимликка қилган мурожаатларига эътиборсиз қилиб келинган.

«Менинг мулкларим аслида тўлиқ бозор ҳудудида ҳам бўлмаган, ҳозир чойхонам бузилган жой автомобиллар тўхташ жойи бўлиб турибди. Лекин, президент қарори асосида янги бозорни қураётган тадбиркор ва ҳоким биргаликда менинг биноларимни ҳам буздириб ташлашди. Ундан кейин Янгиер ҳокими Илёржон Хўжаев қабулига бир неча марта кирдим. «Бўлди, берамиз», дейди, лекин бермайди.

Кейин шаҳар ҳокими ўринбосари Исомиддин ака билан гаплашдик, у ҳам пул тўлаб берилиши, фақат шаҳар бюджетида ортиқча пул йўқлиги туфайли кейинроқ тўланишини айтди. У шаҳар бюджети йилни даромад билан якунлаётгани, лекин орттирилган пул бошқа соҳаларга йўналтирилаётганини айтди. Мен-чи? Нега ҳокимият дастлаб ўз қарзини тўлаб қўймайди? Ахир мен ўша мулкимдан ойда 3-4 миллион сўм даромад қилардим, 10-15 кишини доимий иш билан таъминлардим», – дейди тадбиркор.

Ҳокимликдан қарзини ўзи ололмаслигини тушунган «Жамшид-Азиз-Файз» МЧЖ раҳбари Жамшид Зуҳуров 2020 йил октябрь ойида Иқтисодий ишлар бўйича Гулистон туманлараро судига мурожаат қилади. Суд тадбиркорнинг мулки етказилган зарар қопланмасдан туриб бузиб юборилган деб топган ҳамда Янгиер шаҳар ҳокимлигининг чорак якуни бўйича ортиқча тушган маҳаллий бюджетининг даромад қисмидан тадбиркор фойдасига 390 миллион 885 минг сўм моддий зарар (товон пули), экспертиза ўтказиш билан боғлиқ 1 миллион 143 минг сўм харажатларини ундириш бўйича қарор чиқаради.

Жамшид Зуҳуровнинг айтишича, судда қатнашган шаҳар ҳокимлиги юристи даъво предмети ва унинг суммасига ҳам эътироз билдирмаган.

Суднинг ҳал қилув қарори 2020 йил 9 ноябрь куни қонуний кучга киради ва 30 ноябрь куни Мажбурий ижро бюросининг Янгиер шаҳар бўлими томонидан ижро варақаси қабул қилиб олинади.

«Ижро варақасини қабул қилиб олганига 6 ой бўлганига қарамасдан МИБ ходимлари ҳали ҳам суд қарорини ижро этмаяпти. Аввалига ҳокимият, энди эса МИБ ходимлари орқасидан югуриб юрибман. Улар Янгиер шаҳар молия бўлимига берганмиз, чоракдан шаҳар бюджети фойда билан чиқса, ўша фойдадан тўлайди, ўшаларга боринг, дейишди. Шундан сўнг Бош прокуратуранинг 1007 ишонч телефонларига қўнғироқ қилиб, Янгиер шаҳар МИБ устидан шикоят ҳам қилдим, фойдаси бўлмади.

Мулкларим бузилишидан олдин солиқлардан 4,5 миллион сўм атрофида қарзим бор эди. Мажбурий ижро бюроси ходимлари 15 кун муддат берилишини айтиб огоҳлантирди, муддат тугагач дарҳол келиб уйимдаги сотса бўладиган буюмларимни мусодара қилиб кетишди.

Мени бир савол қийнайди: наҳотки қонунлар ҳамма учун ҳар хил ишлайди? Арзимаган сумма учун мулкларимни мусодара қилган МИБчилар нега ҳокимиятнинг суд қарори билан тасдиқланган 390 миллион сўмлик қарзини ундириб бера олмаяпти?» – дейди тадбиркор.

Биз ҳолатга изоҳ олиш учун Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати билан боғландик. Маълум қилинишича, ҳақиқатан бу масала юзасидан ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

«Лекин, Бюджет кодексининг 128-моддасида, ундирувни давлат бюджети маблағларига қаратишни назарда тутувчи ижро ҳужжатларини ижро этиш молия органлари томонидан тегишли бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши кўрсатилгани боис, ижро ҳужжати асли ижро учун Янгиер шаҳар ҳокимлиги молия бўлимига юборилган.

Шунинг учун, ижро ҳужжати қонун талабига мувофиқ Бюро органлари томонидан эмас, балки Янгиер шаҳар ҳокимлиги молия бўлими томонидан ижро қилиниши лозим», дейилади МИБ матбуот хизмати берган изоҳда.

Шунингдек, Янгиер шаҳри ҳокимлиги билан боғланганимизда шаҳар ҳокимлиги марказий бозорни реконструкция қилиш жараёнида «Жамшид-Азиз-Файз» МЧЖга тегишли мулклар бузиб юборилганини тасдиқлади. Лекин, ҳокимлик матбуот хизмати бандлиги боис масалага унчалик эътибор қилишни хоҳламади ва тадбиркордан қарзнинг бир қисми (212 миллион сўм) 2019 йил май ойида Янгиер шаҳар ҳокимлигига яқин бошқа бир тадбиркор томонидан тўлаб берилганини айтди.

Илёржон Хўжаев - Янгиер шаҳар ҳокими

Кўриб турганингиздек, Янгиер шаҳар ҳокимлиги масалани янада чигаллаштириб юборган. Яъни ҳокимликнинг «Жамшид-Азиз-Файз» МЧЖдан 392 миллион сўм атрофида қарздорлиги мавжуд. Лекин, масъуллар ушбу қарзни бюджетдан тўлаб бериш ўрнига бошқа бир тадбиркор билан келишиб, ҳокимлик қарзини ўша тадбиркорга тўлатган. Энди ҳокимликдан ўз ҳаққини ололмай юрган «Жамшид-Азиз-Файз» бошлиғи бошқа тадбиркордан қарздор ҳам бўлиб қолди. Бундан ташқари ҳокимлик ўз жавобгарлигини тадбиркорга юклашга ҳаққи борми деган савол ҳам ўртага чиқади? Бунинг ортидан ҳокимликка ёрдам берган тадбиркорга қонунда кўзда тутилмаган «имтиёзлар» берилмаслигига ким кафолат беради?

Лекин, барибир асосий савол очиқ қолмоқда: Янгиер шаҳар ҳокимлиги «Жамшид-Азиз-Файз» МЧЖдан 392 миллион сўм қарздорлигини қачон тўлаб беради?

Яна бир ҳолат. Суд қарорида, гарчи тадбиркорнинг бузилган мулки учун Янгиер шаҳар ҳокимлиги компенсация тўлаб бериши кўрсатилган бўлса-да, мулкларни бузишга асос бўлган ҳужжат - ПҚ-2853 сонли «2017 — 2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги президент қарорида вилоят ҳокимликлари тадбиркорларга етказилган зарарни қоплаб беришга масъул эканлигини белгиланган.

Хусусан, қарорнинг 16 бандида «Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш ишларини амалга ошириш учун белгиланган тартибда зарур ер участкалари ажратилишини, шунингдек, уларнинг ҳудудлари тайёрланишини ҳамда бино ва иншоотлар бузилиши туфайли юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарлар қопланишини таъминласинлар» дейилган.

Суд қарори ва президент қарорида аниқ жавобгарлар белгилаб қўйилган бўлишига қарамай, янгиерлик тадбиркор ўз мулкига етказилган зарар учун компенсацияни 2 йилдан буён ололмай юрибди. Янгиер шаҳар ҳокимлиги суд қарорини 5 ойдан буён бажармаяпти, МИБ ҳокимлик олдида яна ожиз. Сирдарё вилояти ҳокимлиги эса президент қарорида кўрсатилган мажбуриятларидан ҳам хабари йўқ.

Фаррух Абсаттаров, Kun.uz мухбири,
Тасвирчи ва монтаж устаси: Абдуқодир Тўлқинов.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид