Ўзбекистон | 15:45 / 12.05.2021
39406
5 дақиқада ўқилади

«Экологияни Экология қўмитаси раисидан асраш керак бўляпти» — Депутат қўмита раисидан тушунтириш талаб қилди

Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Алишер Мақсудовнинг рухсатномаси билан «Қизил китоб»га киритилган қўнғир айиқ Тошкент вилояти ҳудудида россиялик овчи томонидан ўлдирилиши жамоатчиликнинг кескин эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Жумладан, оммавий мулоқот тармоқларининг кўплаб фойдаланувчилари Алишер Мақсудовнинг қўмита раислигидан истеъфо беришини сўрамоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳам ҳодиса юзасидан муносабат билдирди.

У лавозимга қўйилишида экологияни сақлашга ҳисса қўшишига ишонч билдирилган Алишер Мақсудовдан экологиянинг ўзини асраш керак бўлаётганини таъкидлаб ўтган.

«Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси «Қизил китоб»га киритилган қўнғир айиқни отишга рухсат берди.

Фаолларнинг бидиришича, Қўмита раисининг имзоси билан 2 дона Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоби»га киритилган Тяньшан қўнғир айиғини отишга Россия Федерация фуқароси Широковга рухсатнома берилган.

Мазкур рухсатнома экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Бўстонлиқ туман инспекциясида №4-сон билан 2021 йил 31 март куни рўйхатга олинган.

Овчи, Россия Федерация фуқароси Широков эса Бўстонлиқ туманида 1 дона қўнғир айиқни отиб, у билан ваҳшийларча суратга тушган.(Унинг яна битта Тяньшан қўнғир айиғини отишга рухсатномаси бор).

Мазкур турдаги айиқлар атиги 150 дона атрофида қолганди. Бу кетишда бирортаси қолмайди.

Экология қўмитасининг вазифаси ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини асрашдан иборат. Лекин бу иш ҳаммасининг аксини кўрсатяпти. Қўмита раҳбарининг ўзи ашаддий браконьер ва браконьерликни қўллаб-қувватлайдиган шахс кўринади.

Афсус бу кишини Қонунчилик палатасида ушбу лавозимга тасдиқлашда экологияни сақлашга ҳисса қўшса керак, деган фикр бор эди. Энди эса экологияни у кишининг ўзидан асраш керак бўляпти.

Бу масалада парламент назорати керак назаримизда. Қўмита раиси тушунтириш бериши лозим.

Бизда экологияни асраш борасидаги хавотирлар ортиб бормоқда. Саволлар кўп», – деб ёзди депутат.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси «Қизил китоб»га кирган қўнғир айиқни отиб ўлдирган россиялик овчи масаласида баёнот берди. Унда «Қизил китоб»га киритилган ҳайвонларни отиш учун ҳар йили квота тасдиқланиши ва отишга рухсат берилгани эвазига давлат бюджетига тўлов ундирилиши маълум қилинган.

Шунингдек, «Шов-шув кўтаришга интилиш оқибати» деб сарлавҳа қўйилган баёнотда бу мавзуни ёзган эколог ва ОАВ вакиллари нохолисликда айбланиб, бундай ҳаракатлар учун жазо борлиги ҳақида огоҳлантирилган.

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худайбердиев эса телеграмдаги каналида қўмита матбуот хизмати баёноти ўта нопрофессионал тарзда берилганини қайд этган.

«Лекин Қўмита шу узундан-узун баёнотида журналистларга мағзава ағдаргунча, нима учун «Қизил китоб»га киритилган ҳайвонларни отишга рухсат берилиши, бундан кўзланган мақсад нималиги, ноёб ҳайвонларни умуман овламасдан, уларни янада кўпайтирса нималар бўлиши, йиллик квота нимага қараб белгиланиши, рухсатнома учун бир неча овчилар талабгор бўлганда айнан қайси асосга кўра номзодлар танланиши, бу жараёнда коррупцион элементларнинг қандай олди олингани («Қизил китоб»даги ҳайвоннинг рухсатномаси учун фалон пул пора берилиши ҳам мумкин-да) ҳақида маълумот ёзишганида фойдалироқ бўларди.

Бундан ташқари Қўмита овчилар ноёб ва «Қизил китоб»га кирган ҳайвонларни овлагач, шунақа қон излари билан расмларни тарқатиши мумкинми ёки йўқми, бу ҳайвонот оламига нисбатан зўравонликни тарғиб қилиш, қолганларни ҳам ноёб ҳайвонларни овлашга ундаш бўлиб қолмайдими, овчилар бундай расмларни тарқатиш орқали аҳоли, айниқса ёшлар психологиясига салбий таъсир кўрсатмайдими, шулар ҳақида муносабат билдирса яхши бўларди.

Ўзи умуман давлат органлари бераётган кўплаб баёнотлар асосий масала бир четда қолиб, журналистларга ақл ўргатиш, уларга билвосита таҳдид қилиш мазмунида бўлиб қоляпти. Бу нотўғри амалиёт. Масалага, туғилган саволларга изоҳ бериш керак, бўлди. Агар журналист қонунни бузган деб ҳисобласангиз, ана судга ёки тегишли органларга шикоят беринг, кўриб чиқишсин, лекин ўзингиз қозилик қилманг.

Бунақа баёнотлар асосан журналистларни дўст эмас, ўзига душман деб биладиган ташкилотлардан чиқади», дейилади постда.

Мавзуга оид