Навальнийнинг ҳаёти сақлаб қолинган касалхона бош шифокори сирли тарзда йўқолиб, яна сирли тарзда топилди
Россиянинг Омск вилояти соғлиқни сақлаш вазири Александр Мураховский уч кунлик қидирувлардан сўнг топилди. Аниқроғи, унинг ўзи ўрмондан чиқишга муваффақ бўлган, деб хабар бермоқда вилоят маъмурияти ахборот хизмати. Мураховский ўтган йил августда заҳарланиш ташхиси билан олиб борилган сиёсатчи Алексей Навальнийнинг ҳаёти сақлаб қолинган касалхона бош шифокори бўлган. Кейинчалик у вилоят соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланди.
«Риа новости»га кўра, Мураховский йўқолиб қолгач, ўрмонда Басли қишлоғи ҳудудидаги аҳолига дуч келиб қолган. Топилган вақтда умумий аҳволи ўртача бўлгани учун 49 ёшли вазир тиббий ёрдам ва шифохонада даволанишни рад этган. У айни дамда Большеуковский тумани шифохонасида бўлиб тургани айтилмоқда.
Мураховский 7 май куни Большеуковский туманидаги ов базасига боргач, йўқолиб қолган. 8 май куни уни аввал танишлари, кейин полиция қидиришга тушади. Топилмагач, қидирув ишларига Росгвардия, ФВВ, ов инспекторлари ҳамда «Лиза Алерт» отряди кўнгиллилари ҳам қўшилади. 9 май куни қидирувчилар ов базасидан 6,5 км узоқда Мураховскийнинг квадроциклини топишади, аммо унинг ўзи топилмайди. 10 май куни эрталабдан қидирув давом эттирилган. Айтилишича, бош шифокор йўқолган ўрмонда қалин бута ботқоқликлар кўп бўлгани боис қидирув ишлари оғир кечган.
Мураховский ўрмондан чиқиб келган жой Поспелово қишлоғидан 32 км узоқликда. У билан телефонда гаплашган турмуш ўртоғи «Дождь» телеканалига интервью бераркан «қидирув масштабига тушунмаганини» айтган.
Мураховский Омск вилояти соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланишидан олдин тез тиббий ёрдам шифохонасида бош врач бўлган. Бу шифохонага ўтган йил 20 август куни сиёсатчи Алексей Навальнийни самолёт бортидан кутилмаганда оғир аҳволда олиб келишганди. Томскдан Москвага учаётган самолёт Навальнийнинг аҳволи ёмонлашгани сабаб Омск аэропортига фавқулодда қўнишга мажбур бўлади. Сиёсатчининг ўзи Юрий Дудь билан интервьюсида айнан Омскдаги шифокорларнинг профессионаллиги сабаб омон қолганини айтади.
Шифохонада ҳушсиз бўлган Навальнийга бош врач Александр Мураховский ташхис қўйиб, қонда шакар миқдорининг кескин камайгани, шунингдек, беморнинг аҳволи метаболик касаллик билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтади. Мураховский ўшанда Навальнийни яқинлари хоҳлаганидек Берлинга кўчириш шарт эмас деб ҳисоблаганди. Бу вақтда Берлиндаги «Шарите» шифохонаси Навальнийни қабул қилишга тайёрлигини билдирган. Сиёсатчининг хотини уни Берлинга олиб кетишга рухсат ололмаётгани сабаб Россия президенти Владимир Путинга мурожаат қилиб, рухсат олади. Навальний айнан «Шарите» клиникасида 7 сентябр куни комадан чиқади.
Берлинда Навальний ишлаб чиқариш расман тўхтатилган «Новичок» моддаси билан заҳарлангани айтилди. Омск шифохонаси эса Навальнийнинг таҳлиллари бошқача натижани кўрсатаётганини айтиб, «Новичок» билан заҳарланиш ташхисини рад этади. Шундан кейин Навальнийнинг тарафдорлари Мураховскийни ёлғончиликда айблаб чиқишди.
Навальнийга биринчи ёрдам кўрсатишда қатнашган бошқа шифокорлар тақдири нима бўлганди?
Алексей Навальний заҳарланиш ташхиси билан олиб борилгач, Омскдаги шошилинч тиббий ёрдам шифохонасининг аксар масъул ходимлари ўзгарган. Улардан бири, Навальнийга қараган шифокор Анатолий Калиниченко 2020 йил октябрида истеъфога чиқди. Бош врачнинг анестезиология ва жонлантириш ишлари бўйича ўринбосари Сергей Максимишин жорий йил февралда 55 ёшида юрак хуружидан вафот этди. Ортопедия ва травматология бўлими бошлиғи Рустам Агишев ҳам 2021 йил март ойида 63 ёшида инсультдан ўлди. Бош врач Мураховский ўтган йил ноябр ойида Омск вилояти соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланган.
Россияда коррупцияга қарши курашиш фондини ташкил этган сиёсатчи Алексей Навальний мамлакат президенти Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси ҳисобланади. Узоқ йиллардан буён Путин ҳукуматида коррупция урчиганини исботлашга уринаётган ўнлаб журналистик суриштирув эълон қилган. Унинг Геленжикда Путиннинг миллиард долларлик саройи борлиги ҳақидаги суриштируви айниқса шов-шувли бўлди. 2021 йил 19 январ куни эълон қилинган «Путин учун сарой. Энг катта пора тарихи» сарлавҳали видео ҳозиргача 116 миллион марта томоша қилинган.
Бу видео YouTube'га жойланишидан бир кун аввал Россияга қайтган Алексей Навальний аэропортнинг ўзида қўлга олинганди. Кейинчалик унга берилган шартли қамоқ жазоси «Ив Роше» иши доирасида чинакам қамоқ жазосига алмаштирилди ва сиёсатчи колонияга ўтказилди. Шифокор қабулига кира олмаётгани сабаб Навальний қамоқхонада очлик эълон қилганди.
Мавзуга оид
15:56 / 08.10.2024
Туғуруқхоналардаги ўлимни қандай камайтириш мумкин? – Саудияда ишлаётган ўзбек шифокори билан суҳбат
17:35 / 03.10.2024
Сирдарёда ногирон боланинг онасидан тиббий хулоса учун пул олган шифокорга ҳукм ўқилди
11:50 / 17.09.2024
«Чегара билмас шифокорлар» Россиядаги фаолиятини тўхтатганини эълон қилди
12:19 / 10.09.2024