Жамият | 20:20 / 13.05.2021
31169
3 дақиқада ўқилади

Қандай ҳолатда хориж дипломини тан олиш синовсиз амалга оширилади?

Фото: PhotoXpress

Ҳукуматнинг 2019 йил 24 июлда қабул қилинган тегишли қарори билан «Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби ҳақида»ги низом тасдиқланган.

Унга кўра, хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бепул амалга оширилади.

Ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълими олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олганлик учун базавий ҳисоблашнинг 3 баравари миқдорида (2021 йил 1 феврал ҳолатига кўра, 245 минг сўм) йиғим ундирилиши белгиланган.

Қуйидаги ҳолларда ҳужжатларни тан олиш синовларсиз амалга оширилади:

— умумий ўрта ва ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва малака ошириш таълимини олган талабгорларнинг ҳужжатлари;

— Ўзбекистонда бўлинмалари ва қўшма таълим муассасалари мавжуд хорижий таълим муассасаларида ўқиган талабгорларнинг ҳужжатлари;

— Халқаро 1000 талик рейтингга кирган олий таълим муассасаларининг ҳужжатлари;

— вазирлик ва идоралар йўлланмалари асосида таълим олган талабгорларнинг ҳужжатлари;

— 1992 йил 1 январгача хорижий таълим муассасаларига кирган талабгорларнинг ҳужжатлари;

— Олий таълимда сифатни баҳолаш Европа ассоциациясининг аъзолари томонидан аккредитация қилинган таълим муассасаларида таълим олганларнинг ҳужжатлари;

— АҚШ, Австралия, Исроил, Канада, Сингапур, Жанубий Корея, Япония давлатларида аккредитация қилинган таълим муассасаларида таълим олганларнинг ҳужжатлари;

— вазирлик ва идоралар томонидан ажратилган маблағлар ҳисобига таълим олган талабгорларнинг ҳужжатлари;

— халқаро шартномалар, Президент ва Ҳукумат ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар.

Талабгорлар сўровномага таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат, унинг иловаси ҳамда уларнинг ўзбек тилига таржима қилинган нотариал тасдиқланган нусхасини илова қилишлари керак.

2019 йил 1 сентябрдан хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш учун аризалар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади.

Исфандиёр Бургутбоев тайёрлади

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид