Жамият | 10:58 / 14.05.2021
11525
2 дақиқада ўқилади

Андижон вилоятида янги институт очилади

Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида янги олий таълим муассасаси – Андижон текстил институти очилиши кутилмоқда.

Мамлакатда кластер тизимининг жорий этилиши тўқимачилик соҳасида янги йўналишларни очиб берди. Кластерлар ўзлари етиштирган пахтадан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнда фаолият юритмоқда. Бу эса ўз-ўзидан мазкур соҳада мутахассисларга бўлган талабни оширади.

Маълумки, Хўжаобод туманида текстил соҳаси жуда ривожланган. Туманда юзлаб трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият юритади.

Янги институт Samo текстил корхонаси томонидан бунёд этилмоқда.

Андижон вилояти ҳокимлигининг Kun.uz мухбирига берган маълумотларига кўра, айни пайтда мазкур институтнинг ўқув ва бошқа қўшимча бинолари қуриб битказилган. Институтда текстил соҳаси учун зарур бўлган – инженер-технолог, дизайнер сингари мутахассислар тайёрланади. Институтда дарс бериш учун Туркия, Покистон ва Ҳиндистон давлатларидан малакали мутахассислар таклиф қилинган.

Бундан ташқари, институтда пахта хомашёси етиштириш мутахассислиги йўналиши бўйича ҳам факультетлар иш олиб боради.

Маълумотларга кўра, халқ хўжалиги учун керакли мутахассислар тайёрловчи янги олий таълим муассасаси жорий ўқув йилида 180 нафар талаба қабул қилиши кўзда тутилган.  

Элмурод Эрматов
Тайёрлаган Элмурод Эрматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид