«Аср уруши». Араб-Исроил муносабатларидаги асосий муаммолар
100 йилдан ортиқ вақт давомида яҳудийлар ва араблар бир-бири билан қонли урушлар олиб бормоқда. Улар нега бир-бирини бунча ёмон кўришади? Нима учун бутун дунё бу низонинг барчани қаноатлантирадиган ечимини тополмайди?
Ўтган йиллар давомида ўн минглаб инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келган Араб-Исроил уруши гоҳ сусайиб, гоҳ авж олади, аммо ҳеч қачон буткул тўхтамайди.
БМТ, дунёнинг глобал лидер давлатлари ҳар доимгидек бу ҳолатдан ташвишда эканлигини билдиради, маслаҳатлашувлар ўтказади, аммо Исроил ва Фаластин ўртасидаги можарога барҳам берилмайди.
Улар нега бир-бирларини бунчалик ёмон кўришади? Нима учун бутун дунё бу низонинг барчани қаноатлантирадиган ечимини тополмайди?
Ўзаро муносабатларнинг кескинлашуви
Араб давлатлари ва Исроил ўртасидаги алоқаларнинг жиддий кескинлашув тарихи 1947 йилнинг 29 ноябрь санасига бориб тақалади. БМТнинг махсус қўмитаси Фаластинда икки давлат: ҳам араб, ҳам яҳудий давлатини тузиш бўйича қарор қабул қилди. 1948 йилнинг 14 май санасида мустақил Исроил давлати ташкил топгани эълон қилинди, аммо Фаластин араб давлати тузилмай қолди. Натижада бир қанча араб давлатлари Исроилга қарши уруш очади. Айнан шу воқеалар фонида ҳозирга қадар ҳал қилинмай келинаётган араб–яҳудий низоси юзага келади. Ўтган 70 йилдан ошиқ вақт давомида олиб борилган урушлар, музокараларнинг ҳеч қайсиси тўлалигича тинчлик тикланишига олиб келмади.
Қуйида бугунги Араб-Исроил муносабатларида уруш ва ихтилофларга сабаб бўлаётган асосий муаммолар кўриб чиқилади.
Биринчи муаммо: Қуддусни ким назорат қилиши
Тарихий жиҳатдан мусулмонлар учун ҳам, яҳудийлар учун ҳам муҳим бўлган Қуддус шаҳри мақоми Исроил ва Фаластин ўртасидаги барча музокараларда ўтиб бўлмас тўсиқ бўлиб қолмоқда. Исроил 1980 йилда Қуддусни ўзининг ягона ва бўлинмас пойтахти деб эълон қилган. Жаҳон ҳамжамияти эса бу қарорни ноқонуний деб ҳисоблашга чақириб келади. Айниқса, бу масала Дональд Трампнинг президентлиги даврида янада кескинлашди. Дастлаб Трампнинг Америка элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчиришга қарор қилгани оммавий намойишлар ва ўнлаб кишиларнинг ўлимига сабаб бўлди. Кейинчалик у Исроилнинг пойтахти «бўлинмас» Қуддус шаҳрида бўлишини тақозо этадиган, шунингдек, Фаластин давлатининг пойтахти ҳам шарқий Қуддуснинг шарқий қисмида бўлишини кўзда тутувчи ўзининг «Аср келишув»ини таклиф қилди, аммо Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос «Қуддус сотилмаслиги»ни ҳамда Трамп ва Нетаньяҳунинг келишуви Фаластин халқи «тарихнинг чиқинди челагига улоқтириши»ни таъкидлаган.
Бу борадаги Исроил билан низони ҳал қилиш борасидаги музокараларда Фаластин томони «1967 йилгача» бўлган чегараларга қайтишни талаб қилиб келади. Муаммо шундаки, 1967 йилгача Қуддус тўлалигича Исроилга тегишли бўлмаган.
Масаланинг жуда ҳам нозик жиҳат ҳисобланмиш диний таомилларга бориб тақалиши доимий музокаралар жараёнларини боши берк кўчага олиб киради
Иккинчи муаммо: Фаластинлик қочқинлар
Фаластинлик қочқинлар 1948 йилги араб-исроил можароси ва 1967 йилги «олти кунлик уруш» натижасида уйидан ва тирикчилик воситаларидан айрилган одамлардир. Исроил ташкил топгандан кейин қочиб кетган ёки Исроилдан чиқариб юборилган фаластинликлар сони 1949 йилда 711 минг кишини ташкил этган. 1967 йилги Араб-Исроил уруши пайтида эса 350 мингдан 400 минггача фаластинликлар кўчирилган. Қочқинларнинг учдан бир қисми Иордания, Ливан, Сурия ва Ғазо секторидаги тан олинган қочқинлар лагерларида, қолганлари эса ушбу мезбон мамлакатларнинг шаҳарлари ва қишлоқларида яшайди.
БМТ резолюциясига кўра, Исроил араб қочоқларига уйларига қайтишга рухсат бериши ёки уларга товон тўлаши керак. Арабларнинг тўғридан тўғри авлодлари ҳам қочоқлар ҳисобланишади ва мос равишда, уларнинг сони айни пайтда 5 миллиондан ортиқ. Араблар Фаластин ҳудудига эмас, айнан Исроилга, киндик қони тўкилган ватанларига қайтиш ҳуқуқларини талаб қилишмоқда.
Исроил бундан бош тортяпти ва келажакда ҳам бунга кўнишига ишониш қийин.
Учинчи муаммо: Сув ресурсларидан фойдаланиш
Яқин Шарқда сув ресурслари катта сиёсий аҳамиятга эга. Исроил фойдаланадиган сувининг катта қисмини икки ўртада тортилган «Яшил чизиқ» остидаги иккита катта ер ости сув қатламларидан олгани сабабли, бу сувдан фойдаланиш Исроил-Фаластин можаросида мунозарали бўлиб келган. Исроилнинг ушбу ҳудудлардан кўп миқдордаги сувни тортиб олиши фаластинлик арабларнинг катта эътирозига сабаб бўлмоқда.
Бундан ташқари, Исроилга Иордан дарёси тизимидан фойдаланиш имконияти берилган, фаластинликлар эса бундай ҳуқуққа эга эмас.
Ғазо секторида аҳолининг жуда зич яшаши (бир квадрат километрга 5800 кишидан кўпроқ) ва аҳоли сони ортиб бориш тенденциясининг йилдан йилга ошиши ҳисобга олинса, тоза ичимлик суви бўйича муаммоли вазиятларнинг янада кескинлашувини кутиш мумкин.
Тўртинчи муаммо: Қуддусни «яҳудийлаштириш» томон интилиш
Сўнгги бир неча йилдан бери Исроил ҳукумати 1967 йилдан кейин БМТ томонидан араб давлатини ташкил этиш учун ажратилган Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғида аҳоли масканларини қура бошлади. Фаластинликлар бу масканларни ноқонуний деб ҳисоблашади – уларнинг аҳолиси тез-тез теракт ва ҳужумлар қурбонига айланишади. Аммо диний мутаассиблар бу ерда яшаш орқали муқаддас ерни Исроилга қайтаришни ўзларининг бурчи деб билишади. Қурилиш тобора кенгайиб, фаластинликларни ташвишга солмоқда ва ғарбий қирғоқнинг Фаластинга қайтарилиш эҳтимолини қийинлаштирмоқда.
Айни пайтдаги воқеаларни келтириб чиқарган омиллардан бири ҳам баъзи фаластинлик оилаларнинг Исроил истилоси остидаги Фаластин ерлари ҳисобланувчи Шарқий Қуддуснинг эски шаҳар деворлари ташқарисида жойлашган Шайх Жарроҳ маҳалласидаги ерлари ва уйларидан чиқариб юборилиш таҳдиди ҳисобланади.
Айни пайтдаги вазият
Исроил ва Ғазо секторини назорат қилувчи ҲАМАС ва «Ислом жиҳоди» ҳаракатлари ўртасидаги навбатдаги ихтилоф 10 май куни бошланди. ҲАМАС Исроилга ультиматум қўйиб, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофидаги ҳудудлар ва Шайх Жарроҳ даҳасидан хавфсизлик кучларини олиб чиқишни талаб қилиб, йўқса уруш бошлаш билан таҳдид қилган.
Бундан аввалроқ ушбу ҳудудларда Исроил полицияси ва фаластинликлар ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтган. Уларнинг бошланишига Исроилнинг Шайх Жарроҳдан фаластинлик оилаларни чиқариб юбориш қарори сабаб бўлган. ҲАМАС ўз талаби бажарилмагач, Исроилга ракеталар билан зарба беришни бошлаган. Ўтган давр ичида Ғазодан Исроил томон 2 мингтага яқин ракета отилган. Зарбалар давомида Исроилда 9 киши ҳалок бўлган. Бунга жавобан Исроил ҳаво амалиётини бошлаб, ҲАМАС ва «Ислом жиҳоди»нинг Ғазодаги объектларига зарба бера бошлаган. Фаластин томонининг хабар беришича, ҳужум оқибатида Ғазода 120га яқин киши, жумладан, 29 нафар бола ҳалок бўлган. Ғазо сектори билан ихтилоф ортида Исроилнинг ўзида ҳам вазият кескин тус олди. Ҳозирда мамлакатнинг кўплаб шаҳарларида араблар ва яҳудийлар ўртасида тўқнашувлар содир бўлмоқда.
Айни пайтда Исроил Миср томонидан таклиф этилаётган ҳарбий операцияларни тўхтатиш ҳақидаги таклифларни рад этган.
Хулоса
Исроил-Фаластин муносабатларида муаммолар жуда кўп ва ҳар икки томон ҳам уларни биргаликда ҳал қилишни хоҳламайди. Қуддус мақоми тўғрисидаги тўқнашувлар ва диний низолар аслида тўқнашувларни юзага келтириш учун бир баҳонадек кўринади гўё. Исроил учун ўз давлатининг ҳудудини араблар яшайдиган ҳудудлар ҳисобига кенгайтириш масаласи жуда муҳим. Фаластинлик араблар учун эса тирик қолиш масаласи кун тартибидаги асосий мавзу ҳисобланади. Ҳар томондан сиқиб олинган араб мамлакатининг исталган пайтда доимий можаро зонасига айланиш хавфи мавжуд. Бу ерда ресурслар учун муттасил келишмовчиликлар юзага келади, чунки сув ва озиқ-овқат маҳсулотлари етишмайди. Бундай вазият эса кенг миқёсли уруш ва янги ихтилофлар исталган пайтда юзага келишига замин яратади.
Достон Аҳроров тайёрлади
Мавзуга оид
15:25 / 27.11.2024
«Тинч аҳоли уйини бомбалаш ғалаба дейилмайди» – оятуллоҳ Нетаняҳуни қатл этишга чақирди
07:31 / 27.11.2024
Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўт очишни тўхтатишга келишиб олди
21:41 / 26.11.2024
Нетаняҳуни қамаш буюрилди. Бу Исроилга қурол етказилишига тўсиқ бўла оладими?
14:17 / 26.11.2024