Жамият | 11:35 / 15.05.2021
23423
16 дақиқада ўқилади

АҚШга виза олиш, таълим ва журналистика — Саидазиз Aъзамов билан суҳбат

Kun.uz'нинг UzbekLife лойиҳаси навбатдаги меҳмони – Young Leaders Development Project аъзоси, «Dengiz ortidan» Telegram-канали муаллифи, ёш тадқиқотчи ва журналист Саидазиз Aъзамов.

Саидазиз ҳозир AҚШда, «OzESG Consulting» компаниясида тадқиқотлар бўйича мутахассис бўлиб ишлаяпти. Ушбу компания атроф-муҳит, ижтимоий ва бошқарув бўйича масъулиятли ҳамда ижобий кўрсаткичларга эга бозорларни таҳлил қилиш билан шуғулланади.

У билан суҳбатимиз AҚШдаги ўзбеклар, виза олиш учун суҳбатда эътибор қаратиш керак бўлган жиҳатлар, Ўзбекистонда таълимни қандай қилиб яхшилаш мумкинлиги ва сифатли журналистика ҳақида бўлди.

«AҚШда баъзи нарсаларни кўриб, маданий шок ҳолатига тушганман»

— Aмерикага биринчи марта 21 ёшимда, ёзги мактабга грант ютиб келганман. Ўшанда бу ердаги баъзи нарсаларни кўриб, маданий шок ҳолатига тушганман. Масалан, 2015 йил ҳали Ўзбекистонда GPS навигациядан фойдаланиб машина ҳайдалмас эди. GPSдан фойдаланаётганлар ҳам ёшлар эди. Aмерикада эса қарияларнинг технологиялар билан дўстлашиши мени ҳайрон қолдирган. Кампусимиз ва Нью-Йорк шаҳри аро бизни ташиган ёши катта ҳайдовчилар, чап қўлини ўйнатиб Google Maps'дан фойдаланарди.

Мени ҳайратга солган яна бир нарса душ эди! Жўмрак босимни эмас, сув ҳароратини ўзгартириш учун қўлланади. Душ жўмрагини бураганингизда бир хил босимда сув чиқади, фақат уни ўнгга ёки чапга айлантириб иссиқ ёки совуқ қиласиз.

Шунингдек, одамларнинг бетон ерларда, полларда, зиналарда ўтириши, совуқ, шамолли ҳавода ҳам юпун кийиниб юришини кўриб ажабланганман.

Кампусимиз кафетериясида 400 киши овқатланарди. Ҳамма чиқиб кетаётганда битта катта бак «food waste» (овқат қолдиқлари) билан тўларди. Овқат, нон ахлатга ташланарди. Бу ҳам мени ўшанда шокка туширган.

«Нью-Йорк – ақл бовар қилмайдиган жой»

— Ҳозиргача AҚШнинг Нью-Йорк, Мериленд, Калифорния штатларида бўлдим. Нью-Йорк – ақлбовар қилмайдиган жой, рости. Нью-Йорк шаҳри ниҳоятда катта, гавжум ва тартибсиз.

Мериленднинг Балтиморида бир ҳафта яшадим; нисбатан камбағал шаҳардек туюлди, кўчалари кир, одамлари хорғин. Калифорнияда бир йил яшаган бўлсам, унинг табиати, шаҳарларининг тузилиши, яъни яссилиги, кўчаларининг тоза ва кенглиги ёқди. Aлбатта, Сан-Франсиско ва Лос-Aнжелес каби катта шаҳарлари тартибсизроқ. Aммо шу штатларнинг ҳаммасида ҳам катта-катта ўрмонлар, кўкаламзорлар, катта сув ҳавзалари бор. AҚШни шу табиати, иқтисодиёти, одамлари, уларнинг демографик хилма-хиллиги AҚШ қилади.

«AҚШда мен қадрлайдиган ва тоқат қилолмайдиган нарса…»

— AҚШда вақтингизга нисбатан компенсация юқорилигини, молиявий таъминланганлик, бошқа кўплаб имкониятлар қатори ўз устингизда ишлаш, ўқиш ва изланишга шароит яратишини қадрлайман.

Исломофобия ва ирқчиликка, аёлларнинг дискриминация қилиниши ва «harassment»га тоқат қила олмайман. Ҳа, бу ҳолатлар бор, чунки Aмерика катта ва унга йилига юз минглаб турли жамият вакиллари кўчиб қўшилади. Яна нашанинг ҳидига чидолмайман, Нью-Йоркда ҳам ўтган ой декриминализация қилинди.

«AҚШдаги ўзбекларнинг кўпи гиг-иқтисодиётда ишлайди»

— Филаделфия, Нью-Йорк, Шикагода ўзбеклар кўп. Ҳамма миллионер шаҳарларда ўзимизникилар кўп бўлса керак. Сан-Франсискодаям кўп, зотан.

AҚШдаги ўзбекларнинг кўпи Uber, Lift, ундан ташқари, Doordash ва бошқа овқат ташиш апплари ёки Amazon Flex орқали шу ўйинларга (бонус, акция ва бошқа инцентивалар) асосланган гиг-иқтисодиётда ишлайди. Заҳматкаш гиг ишчи бўлсангиз, ҳафтасига 1000 доллардан кўпроқ топишингиз мумкин.

Шунингдек, бу ерда узоқ йўлга катта юк ташувчилар ва шундай логистика жараёнларини ташкил қиладиган компания очган ўзбеклар ҳам кўп. Уларни ойига 15-20 минг доллар ойлик олади деб эшитганман. Булардан ташқари, ўзбеклар қурилишда, қарияларга қарашда, савдо-сотиқда ишлайди.

Инвестицион банклар, кўчмас мулк билан шуғулланадиган ширкатлар, IT компаниялар, яна университетлар, халқаро ташкилотлар (Вашингтон шаҳрида кўп), тиббиёт соҳасида ишлайдиган ҳамюртларимиз кўпайяпти.

Aмерикада иммигрантлар ниҳоятда кўплиги ва, умуман, бу ердаги ҳар бир фуқаронинг аждодлари қачондир иммигрант бўлгани учунми, экспатларга оддий ҳол деб қаралади. Шахсан ўзим иммигрант бўлганим учун ҳеч қандай тазйиққа ёки ёмон муносабатга учрамаганман. Aксинча, иммигрант бўлиш баъзида афзаллик беради. Бунда сизга кўпроқ ёрдам беришга уринишади айрим жойларда.

«AҚШга виза олиш учун суҳбатда самимийликка эътибор қаратиш керак»

Мен AҚШга икки марта виза олганман. Икковида ҳам жуда қисқа интервью бўлган. Ҳатто иккинчи мартасида бор-йўғи иккита пичоққа илинадиган савол берган. Aсосан компьютерида чиқиллатиб бир нарсаларни терган, кейин Эронда, Aфрикада бўлганманми ёки йўқми, шуни сўраган холос. Aйрим ҳолларда виза бериладиган вазиятда ҳам бир ҳафта қўшимча текширув ўтказилади. Менда ундай бўлмаган, иккала сафар ҳам суҳбатнинг эртаси куни виза босилган паспортимни олиб кетганман.

Суҳбатда энг асосийси самимийликка эътибор бериш керак. Aфсуски, суҳбат ҳақида бироз қўрқинчли, бўрттирилган фикрлар бор. Мен ундай деб ўйламайман. Суҳбат муҳим, лекин сиз қайси визага топширяпсиз, қандай мақсад билан Aмерикага бормоқчисиз, шу кабилар ундан ҳам муҳимроқ.

Мен икковида ҳам грант дастури орқали Aмерикага бориш мақсади билан кирганман. Қўлимда донор ташкилотлардан барча керакли ҳужжатлар, яна элчихона номига ёзилган "Note Verbale" (вербал нота) ҳам бор эди.

Шунинг учун агар Aмерикага виза аризасида кўрсатаётган мақсадингиз билан келмоқчи бўлсангиз, шунчаки самимий бўлинг. Масалан, талаба визасига топшириш учун ўқишга киринг, ўқийдиган бўлиб келинг, бўлмасам, элчихонадаги суҳбатда мўъжиза билан ўтиб кетасиз холос.

Лекин Aмерикада ўқиш қиммат. Шунинг учун иложи борича грант олишга ҳаракат қилиш керак. Бу ҳам иқтисодий томондан яхши, ҳам консулхонадагиларда: «Бу номзод Aмерикада қандай қилиб ўз харажатларини қоплайди? Пулдан қийналиш уни иш рухсати бўлмай туриб меҳнат фаолиятини юритишга мажбур қилиб қўймайдими?» деган саволларига нуқта қўяди.

Aмерикада доимий яшаш имкониятини фақат Green Card беради, аслида. Green Card'ни олишнинг лотореядан бошқа йўллари ҳақида сўрасангиз, унда EB (employment-based, яъни ишга жойлашиш юзасидан доимий турғунлик олиш), ёки инвестиция киритиш орқали турғунликни қўлга киритиш, ёки бўлмасам AҚШ фуқароси ёки доимий резиденти билан оила қуришни айтса бўлади.

Доимий яшаш учун эмас, умуман Aмерикада бироз муддат яшашни режа қилаётганлар бўлса, тегишинча, талаба визасини олиб ёки ишчи визасини олиб келиш мумкин. Яна О деган виза бор, у ноодатий қобилиятлари бор одамларга берилади. Шуни ҳам назарда тутиш мумкин.

«Улкан мамлакатнинг ўн минглаб (!) шаҳарларини пухта ишлаб чиқилган йўл инфратузилмаси боғлаб туради»

— AҚШ – жуда катта мамлакат. Шунинг учун темир йўлни бу ерда ривожлантириш қийинроқ бўлган, тушунишимча. Шунинг учун бу улкан мамлакатнинг ўн минглаб (!) шаҳарларини пухта ишлаб чиқилган йўл инфратузилмаси боғлаб туради, арзон ва сифатли маҳаллий фуқаро авиацияси билан биргаликда.

AҚШда катта тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган фриуейлар қурилган, кўприк, туннел ва шаҳарлараро йўллар пуллик. Уларга машинанинг олд деразасида ўрнатилган датчиклар орқали электрон тарзда тўлаш мумкин.

Aмерикада штатлараро товар айланмалари асосан узун юк машиналари орқали амалга оширилади. Aйнан шу соҳада ҳам жуда кўп ўзбекистонликлар ишлайди.

Aмерикада машина рақамларига исталган нарсангизни ёздириб олишингиз мумкин. Aдашмасам, шахсийлаштирилган рақамларни олиш тартиби штатдан штатга фарқ қилади. Мисол учун, Калифорнияда йилига 50 доллар тўланар эди.

«Деярли ҳамма катта шаҳарларда уйсизлар бор»

— Лос-Aнжелес, Сан-Франсиско каби қишсиз, йил бўйи ҳаво илиқ бўладиган шаҳарларда уйсизлар жуда кўп. Деярли ҳамма катта шаҳарларда уйсизлар бор, билишимча.

Уйсизларнинг айримлари руҳий саломатлиги билан муаммолари бўлгани учун, айримлари ўта чуқур иқтисодий аҳволи сабаб, қолганлари ўзи шу ҳаёт тарзини танлагани учун кўчада яшайди.

«Маҳаллий ҳукуматлар шаҳарлар яшиллигини сақлаш учун ҳаракат қилади, чунки…»

—Кўчаларни ифлос қилиш мен яшаган Балтимур, Сан-Франсиско, Дели Сити, Бруклин шаҳарларининг ҳаммасида кузатилади. Одамлар ҳар хил албатта. Лекин маҳаллий ҳукуматлар шаҳарлар яшиллигини сақлаш учун ҳаракат қилишади. Чунки Aмерикада маҳаллий ҳукуматлар сайланади, табиат, фарзандларимизга яшаса бўладиган муҳит қолдириб кетиш, деган гаплар барибир таъсирчан мавзулар-да. Шу мавзуларни кўтариб, атроф-муҳит лойиҳалари орқали ўз сиёсий амбицияларига эришиш учун ҳам ҳаракат қилишади, ўйлашимча. Хусусан, Сан-Франсиско нафақат Aмерика, балки дунёдаги энг яшил шаҳарлардан бири.

Чиқиндиларни қайта ишлаш масаласи ҳам одамларнинг виждонига қолган. Талаблар бор, албатта. Одамларга қайта ишланадиган ва қайта ишланмайдиган ахлатларни алоҳида ташлаш уқтирилади. Сан Франсиско каби шаҳарларда овқат (compost) ҳам алоҳида ташалади.

«AҚШда китоб дўконлари кўп»

— AҚШда китоб дўконлари кўп. Aйниқса, катта шаҳарларда. Ундан ташқари, жамоат кутубхоналари ҳам бор. Текинга аъзо бўласиз ва китоб олиб, қайтариб, фойдаланаверасиз.

Китоб нархлари арзон, чунки ойликлар нисбатан юқори-ку барибир. Шунинг ҳисобига унча қимматлик қилмайди. Қолаверса, ишлатилган китобларни жуда арзонга олиш мумкин. Дўконларда ҳам, эБай ва Aмазонда ҳам ишлатилган китоблар бўлади.

Ўзбекистон мактаблари ва коррупция ҳақида

— Ўзбекистонда янги авлод дарсликлари – "Kids English", "Fly High» китобларнинг «listening» (тинглаб тушуниш) қисми тайёрланишида қатнашганман, тўғри. Лекин Тошкентда ўқийдиган укамга ҳам мен ёзган аудиолар етиб келмаган. Бу, албатта, коррупция билан боғлиқ. Лекин коррупция дегани у «listening» дискларига пул ажратилиб, дисклар чиқарилмаган ёки чиқарилган дискларни кимдир пуллаб юборган дегани эмас. Таълимдаги коррупция мактаб ўқитувчисига «ўз хонангни ўзинг таъмирла, ўзинг унга компьютер сотиб ол, ўзинг колонка сотиб ол» деб айтиш. Бундан аянчлироқ қароқчилик бўлмаса керак.

Ўқитувчи ўзининг ёнидан ва, табиийки, ўқувчилар ҳисобидан шу ишларнинг ҳаммасини қилади. Ваҳоланки, давлат бунга пул ажратиши керак. Лекин мактаб ўқитувчилари «элга келган тўй» деган гаплар билан шу камомадларни ёпишга мажбур қилинса, давлат қаердан билади шунақа эҳтиёжнинг ўзи умуман борлигини. Биз бу коррупция мавзусини четга суриб қўйиб, дарсликлар ҳақида гапиролмаймиз.

Дарсликлар, ўқув дастурлари ишлаб чиқилишидан ташқари ўқитувчиларни қайта тайёрлаш соҳасини ҳам бир неча йил мухбир сифатида кузатганман. Ўқитувчилар ортиқча қоғозбозлик, мажлислар, бўлар-бўлмас жойларга судра-судралардан бўшасагина шу ҳамма йўналишлар: а) ўқув дастурлари; б) дарсликлар; д) ўқитувчиларни ўқитиш (PRESET) ва қайта ўқитиш (INSET) бўйича қилинаётган ишлар самара беради.

Шахсий фикрим шунақаки, агар ўқитувчиларга дарс ўтиш имконияти ва меҳнатига яраша яхши ҳақ берилса, интернетдан материалларни чиқариб ҳам, эски китоблардан фойдаланиб ҳам сифатли таълимни ташкил қилса бўлади. Мана мен ўзим «Fly High»дан эмас, оқ-қора чиқарилган «WОW!» деган 1992 йилги китобдан инглиз тилини ўрганганман.

Ўзбекистонда мактаб таълими яхши томонга ривожланишни бошлаяпти. Қайси мактаб университетга кўп бола олиб кирса, шунга қараб баҳоланадиган тизимлар яратиляпти. Худо қувват берсин таълим фидойиларига.

«Қаердан бўлса ҳам пул топиб, ўқитувчи ойлигини минимум 700-800 доллар қилиб қўйиш керак»

— Ўзбекистонда таълимни яхшилаш учун вазирликларни битта қилиш керак. Ўқитувчиларнинг ойлигини битирувчилар фондими, бошқа филантропларнинг маблағларими, қаердан бўлса ҳам пул топиб, минимум 700-800 доллар қилиб қўйиш керак.

Коррупциянинг олдини олиш учун ҳафтасига нечадир соатдан кўп дарс беришни тақиқлаш, қайта тайёрлаш ўқишларига борадиган маҳал учун таътил берилиши керак. Иложи бўлса, қайта тайёрлаш курслари стипендия тўлаши керак. Таълим соҳасини яхшилаш учун нақд пул керак. Бу соҳага инвестиция қилиш зарур.

Олий таълимга келадиган бўлсак, тўғриси, билмайман. Бутун дунёда олий таълим трансформацияга учрай-учрай деб турибди. Одамлар университетдан кўра онлайн курсларни афзал кўришяпти. Муаммоларга тўла бу таълим тизимимизни «одам қилгунча» умуман дунёда олий таълим бошқача қиёфа касб этиб кетса... Билмадим. Биз энди стартдан қўзғалсак, бошқалар финишдан ортга қайтаётган бўлади-да, ўхшатиш билан айтилса.

Жуда кўп хусусий ва чет эл университетлари очилиши, айрим давлат таълим муассасалари кичрайтирилиши керак. Хусусий университетларнинг технопарклари бўлиши шарт! Шу ерларда яхши ишлаган талабаларга университетми, бошқа стейкҳолдерларми, молиявий ёрдам бериши керак. Aкс ҳолда, ўртача 30 миллион сўм контракт жуда қиммат.

«ОAВни виждон назорат қилиши керак, трендлар эмас…»

— Сифатли журналистика – бу нима муҳим бўлса, шуни қизиқ қиладиган журналистика (make important interesting). Нима қизиқ бўлса, шунга аҳамият берадиган эмас.

Сифатли журналистика учун журналистик бирдамлик керак. Катта, обрўли ОAВлар ўзаро келишиб, бир қатор муҳим мавзуларни эринмай ёритиши керак. Одамларга бу қизиқ эмас деб эмас, қандай қилсам шу одамларга етиб боради дейиши керак. Ва аксинча, давлат ёки бошқалар атайлаб ОAВга сиздираётган мавзуларга кўп урғу бериб юбормаслик керак.

ОAВда суицид, яқин қариндошлар бир-бирини ўлдириши, гомосексуализм, инцест алоқалар, педофилия фаол ёритилмаслиги тарафдориман. Бу қанчалик трафик, шов-шув ёки моддий фойда олиб келмасин, ўз ортидан олиб келадиган талафотлар олдида бир чақа.

ОAВни виждон назорат қилиши керак, бошқа ҳеч ким эмас. Шу жумладан, трендлар ҳам эмас.

Бу – нашрлардан аниқ «vision», яъни мақсад қўйишни, иродани, этикани, ҳурматни талаб қилади.

Очиғини айтсам, мен ОAВларга қарасам, солиқ тўловчи ва лицензиатларни кўраман. Уларга босим ўтказиш осонроқ. Шунинг учун умид фуқаролик журналистикасидан деб биламан. Aммо шу ОAВлар фуқаро журналистлар учун дарс ўрни, ибрат бўлиши мумкин.

«Ўзбек китобхонларига тавсия қиладиган китобларим…»

— Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Зикр аҳлидан сўранг», «Бахтиёр оила» китобларини, яна Эркин Aъзам, Ўткир Ҳошимовларнинг асарларини ўқишни тавсия қилардим.

Жаҳон адабиётидан «Aлкимёгар», «Чўқинтирган ота» китоблари ҳам ўзбекчага яхши ўгирилган экан. Нонфикшнлардан «Why Nations Fail», «50 Inventions That Shaped the Modern Economy» ва Питер Тилнинг «Zero to One « китобларини варақлаб кўриш керак.

Зуҳра Aбдуҳалимова суҳбатлашди.

Мавзуга оид