Жамият | 13:04 / 17.05.2021
16105
4 дақиқада ўқилади

Намунавий уйлар муаммоси: Навоийда маҳаллий ҳокимлик мурожаатларни эътиборсиз қолдирмоқда

Навоий вилояти Кармана туманидаги Янги Урганжи массивида 2019 йил намунавий лойиҳалар асосида 16та уй қурилган. Ер ости сувлари яқинлигидан ушбу намунали уйларда яшаш имконсиз эканлиги айтилмоқда.

Kun.uz аҳоли мурожаати асосида масалани жойига бориб ўрганди. Маълум бўлишича, уйлар ҳудуддаги фермер хўжалик экин ерларига туташ бўлган майдонда қурилган. Атрофда дренаж зовур йўқлиги боис, ер ости сувлари кўтарилган. Бу ҳолат эса намунали уйларда яшовчилар учун кўплаб муаммоларни юзага келтирмоқда.

«Бу уйларда яшашнинг иложи йўқ. Уйимиз бўла туриб, 800 минг сўмга шаҳарда ижарада турибмиз. Чунки уйимизнинг ичидан сув чиқади. Ҳар ой канализациясидан сув олдирамиз. Бу муаммо бўйича бир неча марта туман ва вилоят ҳокимлигига мурожаат қилдик. Ҳокимиятдагилар айбни «Қишлоққурилишинвест»га тўнкашади. «Қишлоққурилишинвест»га борсак, улар «ҳокимият қаердан ер берган бўлса, ўша ерга қурганмиз», дейишади.

Ҳеч ким эшитишни истамайди. Фермер ерининг шўрини ювди ёки экинларини суғорди, дегунча уйимиздан сув чиқиб кетади. Бу уйга етиш учун неча йил орзу-ҳавас қилгандик», — дейди фуқаро Зарифа Ражабова.

Зарифа Ражабова

Маълум бўлишича, одамлар ҳар ойда 70-80 минг сўм тўлаб, канализация қудуқларига йиғилиб қолган сувни торттиришга мажбур бўлмоқда. Қолаверса, юзага чиқаётган шўр уйларнинг сифатига жиддий таъсир қиляпти. Пойдеворлар нураб, деворларнинг фасад қисми тўкилиб бормоқда.

Шунингдек, фуқароларнинг таъкидлашича, аввалига массив лойиҳасида болалар майдончаси ҳам назарда тутилган. Бу учун алоҳида майдон ҳам ажратилган. Бироқ, негадир кейинчалик болалар майдончаси қурилмаган. Ажратилган майдон эса янтоқзорга айланган. 

«Болалар кўчада, йўл устида ўйнашади. Ҳокимликка ўйингоҳ масаласини ҳам кўп бор айтдик. «Ариза билан мурожаат қилинглар», дейишди, аризалар ёздик. Лекин масаламиз ҳал бўлмади. Отангга бор, онангга бор, қабилида муносабат қилишади. Ҳеч қандай натижа йўқ», — дейди Мадина Тошева.

Мадина Тошева

Аҳолининг таъкидлашича, намунали уйлар ва фермер хўжалик экин ерлари орасида ярми кўмилиб қолган ариқ бор. Агар ушбу ариқ зовур қилиб қазиб чиқилса, ер ости сувлари муаммоси бартараф этилиши мумкин.

Kun.uz масала юзасидан тегишли масъулларнинг фикри билан ҳам қизиқди. Кармана тумани мелиорация бўлими бошлиғи Мўмин Икромовнинг сўзларига кўра, ушбу уйлар қурилиши учун ер танлашда мелиорация-ирригация соҳаси мутахассисларининг хулосаси ёки таклифи олинмаган.

Мўмин Икромов

«Ушбу хонадонларнинг канализацияси ва томорқасидан ер ости суви чиқиб кетиши кузатилаётгани рост. Бунинг сабаби, ҳудуддаги фермер хўжалик экин ерлари намунавий уйларнинг томорқасидан 40-50 см баландроқда жойлашган. Бугунга келиб, ушбу муаммо тўлиқ ўрганиб чиқилган. Ҳудуддан қазилиши лозим бўлган 1,5 км зовур битта йўлни ва канални кесиб ўтиши керак. Лекин бу иш катта маблағ талаб қилмоқда.

Ҳозирги кунда ушбу масофадаги ёпиқ зовурни қуриш учун қарийб 1 миллиард сўм, агар очиқ зовур бўлса, 700 миллион сўм маблағ сарфланиши мумкин. Бу лойиҳани 2021 йилги дастурга киритгандик. Аммо пандемия сабабли дастурдан олиб ташланди. Энди 2022 йил дастурига киритганмиз. Кейинги йил бу иш амалга оширилади. Бундан кейин қурилишларга ер танлашда мелиорация-ирригация хулосаси олинса, мақсадга мувофиқ бўлар эди», — дейди Икромов.

Мутахассиснинг сўзларидан келиб чиқадики, уйидан сув чиқаётган 16та хонадон эгалари яна бир йил шу муаммо билан курашиб яшашига тўғри келади. Аммо, катта салоҳиятга эга бўлган Навоий вилояти масъуллари масалани шу йилнинг ўзида ҳал қилиш чораларини кўришса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид