Ўзбекистон | 11:15 / 18.05.2021
15643
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга ZF-UZ-VAC2001 вакцинасидан яна 1 млн доза олиб келинди

17 май куни Ўзбекистон ва Хитой ҳаммуаллифлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасидан яна 1 миллион доза келтирилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Жорий йилнинг 27 март ва 27 апрель кунлари мазкур вакцинанинг аввалги 2 миллион дозаси келтирилган эди. Шунингдек, март ойида 660 минг доза AstraZeneca, апрел ойида 100 минг доза «Спутник V» вакциналари ҳам олиб келинган.

«Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг вакцина захираси 3 миллион 760 минг дозага етмоқда. Айни пайтгача фойдаланилган 1 миллион 346 минг дозадан ортиқ вакцинанинг 62 фоизи, яъни 842 минг дозадан ортиғини ZF-UZ-VAC2001 ташкил қилмоқда. Шундан айни пайтгача 91 минг нафардан ортиқ юртдошимиз ўзбек-хитой вакцинасининг 2-босқичи билан ҳам эмланган», дейилади вазирлик хабарида. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Маълумот учун, 17 май куни ZF-UZ-VAC 2001 билан эмланиш 34 416 дозани ташкил қилиб, ушбу вакцина билан кунлик эмланиш кўрсаткичи 56 фоизга етган.

Бундан ташқари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботир Қурбонов июнь ойида республикага AstraZeneca вакцинасининг кейинги дозалари ҳам олиб келиниши ҳақида маълум қилган. 

«Спутник V» вакцинасининг қўшимча дозалари ҳам яқин орада олиб келиниши режалаштирилган.

Йил охирига қадар Ўзбекистон вакцинаси ҳам эълон қилиниши ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид