Ўзбекистон | 18:32 / 18.05.2021
14626
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон «ҳиндча» штаммдан ҳимояланиш учун қандай чоралар кўрган?

17 май куни Ҳиндистонда 4329 киши коронавирусдан вафот этди. Бу пандемия давридаги рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Шу куни Ҳиндистонда 263,5 минг кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган. Энг кўп касалланиш ҳолатлари Карнатака штатида қайд этилиб, бу ерда бир кунда 38,6 минг бемор аниқланган.

Мамлакатда коронавирусга қарши эмлаш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирда деярли 185 миллион киши ёки мамлакат аҳолисининг тахминан 13 фоизи Covid-19’га қарши эмланган.

18 май ҳолатига мамлакатда касалланганлар сони 25 228 996 нафарни ташкил қилмоқда. Коронавирусга чалинган 278 751 нафар фуқаро вафот этган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавируснинг «ҳиндча» штамми ўта юқумли ва антитаналарга чидамлилиги билан ўта хавфли ҳисобланиши ҳақида маълум қилган эди.

Ўзбекистонга «ҳиндча» штамм киришининг олдини олиш мақсадида 10 майдан Ҳиндистонга амалга оширилаётган ўзаро авиақатновларга вақтинчалик чекловлар жорий қилинганди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати таклифига мувофиқ, Ҳиндистондан Ўзбекистонга кириб келаётган барча шахслардан коронавирус инфекциясига давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ПЗР текширувини ўтказиш тизими йўлга қўйилди.

Айни пайтда ҳам Ҳиндистондаги эпидемиологик вазият оғирлигича қолмоқда. Kun.uz мухбири ушбу мамлакатдан юртимизга кириб келаётган йўловчилар билан амалга ошириладиган хавфсизлик чоралари юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати матбуот котиби Муҳаммаджон Бозоров билан боғланди. Унинг сўзларига кўра, айни вақтда мамлакат билан алоқалар тўхтатилган бўлиб, чартер рейслар йўлга қўйиладиган ҳолатларда йўловчилардан коронавирус инфекциясига ПЗР тест намунаси аэропорт кутиб олиш залида олинади ва белгиланган тартибда уй ёки меҳмонхонада 14 кун давомида карантинда бўлиш учун жўнатилади.

«Охирги 14 кунда Ҳиндистон давлатида бўлиб, юртимизга кириб келадиган бўлса, албатта йўловчида манфий натижали ПЗР тести бўлиши шарт. Шунда ҳам республикамизга киргач бу йўловчи бепул антиген тест топширади ва белгиланган тартибда агар Ўзбекистон фуқароси бўлса ўз уйида, бошқа давлат фуқароси бўлса меҳмонхонада 14 кунлик карантин муддатини ўташлари шарт бўлади», дея маълум қилди у.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, Ўзбекистон ҳудудида ҳозирги вақтда коронавируснинг «ҳиндча» штамми билан касалланиш ҳолати қайд этилмаган.

Мавзуга оид