Ўзбекистон | 20:48 / 19.05.2021
43001
12 дақиқада ўқилади

Ҳоким ва ноқулай депутат иши. Андижон шаҳар кенгаши депутати нега дахлсизликдан маҳрум қилинди?

17 май куни Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг навбатдаги сессиясида бир гуруҳ депутатлар тинтувдан ўтказилгани муҳокамалар марказида бўлиб турибди. Ушбу сессия кун тартибидаги масала шаҳар ҳокимининг ноқонуний қарорларига қарши чиқаётган ва Андижон шаҳар прокурорини аттестациядан ўтказишни талаб қилган депутат Шуҳратбек Каримовни дахлсизлик ҳуқуқдан маҳрум қилиш бўлган.

Сессияда шаҳар прокурори тақдимномасига асосан депутатларнинг кўпчилиги овоз бериши эвазига Шуҳратбек Каримов депутатлик дахлсизлигидан маҳрум этилган. Йиғилишга келган барча депутатлардан телефон ва овоз ёзиш мосламалари олиб кирилмаслиги талаб қилиниб, Миллий гвардия ходимлари томонидан тинтув ўтказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан ваколатли органлар ҳамда депутатлар салбий фикр билдириб, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Андижон шаҳар кенгашининг сессиясида бир гуруҳ депутатлар тинтувдан ўтказилганига муносабат билдириб, прокурорнинг бундай ҳаракатини «оқлаб бўлмаслиги»ни, у биринчи навбатда коррупция ҳолати ҳақида хабар берган шахсни ҳимоя қилиши кераклигини таъкидлади.

Миллий гвардия маълумотларига кўра, Андижон шаҳар ҳокимининг топшириғига асосан сессия иши бошлангунга қадар Андижон шаҳар ИИБ, шаҳар прокуратураси ва ҳокимлигидан ажратилган масъул ходимлар кузатуви остида қўриқлаш ходими томонидан ташриф буюрган сессия қатнашувчилари металлодетектор ёрдамида кўрикдан ўтказилган ва уяли алоқа ҳамда овозли видеога олувчи воситаларини қолдириб киришлари талаб этилган.

Мазкур ҳолат Олий Мажлис Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашувчи комиссияси томонидан назоратга олинган.

Kun.uz мухбири вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида журналистик суриштирув ўтказиб, депутат дахлсизлигидан маҳрум бўлган Шуҳратбек Каримов, мазкур мажлисда иштирок этган депутат Жаҳонгир Жиянов, халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши котиби, тинтув ўтказган Миллий гвардия ходимлари ҳамда Андижон шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларидан изоҳ олди.   

Депутат Жиянов: прокуратуранинг сессия кун тартибига масала киритишга қонуний ваколати йўқ

Жаҳонгир Жиянов

Андижон шаҳар кенгаши депутати Жаҳонгир Жиянов сессияда куч ишлатар тузилмалар вакиллари иштирок этиши, депутатларнинг сессияга киришдан олдин тинтув қилиниши мутлақо қонунга зид эканини қайд этиб ўтди.

«Вазиятдан келиб чиқадиган бўлсак, ҳамма қилаётган ишларимиз қонун, қонун махсус ҳужжатларига таянган ҳолда бўлиши керак. Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2010 йилги сессия ўтказиш тартиби бўйича намунавий регламенти бор. Сессия ўтказиш тартибини кўрадиган бўлсак, ҳар бир сессия ўтказишдан олдин тегишли туман, шаҳар ҳокимлари қарор қабул қилган бўлиши керак. Туман, шаҳар ҳокимларининг қарор қилишига асос доимий комиссия, сиёсий партиялар, депутатларнинг хулосалари бўлади. Андижон шаҳар ҳокимининг 20-сессияни чақириш тўғрисидаги қарорини олиб қарайдиган бўлсак, ҳоким асос сифатида шаҳар прокуратурасининг тақдимномасини асос қилиб оляпти.

Қонунчиликка назар соладиган бўлсак, шаҳар прокуратурасининг сессия кун тартибига масала киритишга қонуний ваколати йўқ.

Ажабланарли ҳолат: ҳар қандай агар шаҳар ҳокими қарор қабул қилаётганда ёпиқ сессия деб қилинмаган бўлса, очиқ сессия деб айтилди. ОАВ, жамоатчилик вакиллари жалб қилинади дейилган. Бу ҳам ўз-ўзидан очиқ-ойдин ҳолатда ўтмади. Чунки жамоатчилик фаоллари ва ҳатто журналистлар киритилмади.

Кенгашда шу кунгача 20 марта сессия ўтказилди, олдинги 19та сессияда ички ишлар, куч ишлатар тизимлари иштирок этмаган. Тасаввур қилинг, 2019 йилда сайланиб, 2020 йилдан фаолиятимизни бошлаганимиздан бери сессияларда бирорта куч ишлатар тизимлари бўлмаган.

Нега энди халқнинг мажлисида куч ишлатар тизимлари иштирок этади? Ички ишларнинг раҳбариятидан сўрадик, прокурордан, ҳокимдан шахсан ўзим изоҳ сўрадим. Ички ишлар бошлиғи шаҳар ҳокимлиги бизга жамоат тартибини сақлаш бўйича хат берган деяпти. Жамоат тартибини қандай сақлайди? У ерда йиғилиш-ку? Сессияда нимасини сақлайди очиқлик, ошкоралик бўлмаса. Биз нимани яширамиз халқдан, жамоатчиликдан қанақанги ноқонуний қарор қабул қиляпмизки яширадиганмиз?

Ҳозир президентнинг давлат сиёсати шу ҳолатда кетяпти – очиқлик, шаффофлик. Халқ бизни боқади-ку, нега биз унинг номидан чиқаётган қарорларни яширишимиз керак? Вилоят депутатлари ҳам келди. Уларни ҳам киргизмаслик ҳақида айтишди.

Йиғилиш залига кираётган пайтда очиқдан очиқ депутатларнинг дахлсизлик ҳуқуқи борлигини билиб туриб телефонларни ташлаб киришни, овоз ёзиш мумкинмаслигини айтиб, чўнтагидаги флешкаларини бирма-бир тинтув қилиб ўтказишди. У ерда ички ишлар бошлиғи ҳам, прокурори ҳам фақат кузатувчи бўлиб, бир чеккада қараб турибди. Дахлсизлик ҳуқуқи борлигини билса ҳам қанча депутат кирган бўлса ҳар бирини биттама-битта титиб киргизишди.

Бундан ташқари, вилоят кенгаши депутатлари бор, вилоят сиёсий партиялари раҳбарлари бор. Уларни ҳам очиқдан очиқ тинтув қиляпти.

Кун тартибида битта масала киритилди, яъни депутат Шуҳрат Каримовни дахлсизликдан маҳрум қилиш масаласи. Прокурор ўринбосари тақдимнома билан танишиб чиқди. Шу ерда икки одам савол берди, холос. Қолган депутатлар савол ҳам бергани йўқ, савол беришига қўйилмади ҳам. Ундан ташқари, депутат Шуҳрат Каримовга сессияда сўз берилмади.

Миллий гвардия ва ички ишлар ходимлари сессияда иштирок этишидан улар нимадан қўрққани ҳақидаги саволга жавоб аниқ. Улар депутатни дахлсизликдан маҳрум қила олмасликдан чўчишди. Энг ачинарли ҳолат шуки, президентимиз қўяётган ҳокимлар ўзи қарши чиқмоқда», дейди Жиянов.

Шуҳратбек Каримов: Сессия тўлиқ шаҳар ҳокимининг сценарийси асосида ўтди

Шуҳратбек Каримов

Депутат дахлсизлигидан маҳрум бўлган Шуҳратбек Каримов сўнгги пайтларда шаҳар ҳокимининг ноқонуний қарорлари билан ер майдонлари ажратилаётгани ҳақида турли юқори турувчи идораларга депутат сўрови билан мурожаат қилгани ва бунинг натижасида мазкур қарорлар бекор бўлгани ҳақида айтиб ўтди.

Жумладан, 2021 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган 19-сессияда шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаровнинг шаҳарнинг Янги бозор ҳудудида «ELEVADA UT GROUP» МЧЖ томонидан 5 қаватли бино қуриш, лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрлашга рухсат бериш тўғриси»даги қарори депутатларнинг фаоллиги натижасида бекор қилинганди.

Шуҳратбек Каримов Сенат раиси Танзила Норбоевага Баҳромжон Ҳайдаровнинг ер бериш бўйича сўнгги йилларда чиқарган қарорларининг қонунийлигини ўрганиш бўйича ҳам депутат сўрови юборган.

Унинг айтишича, мазкур ҳаракатларидан сўнг шаҳар ҳокими ва прокуратураси унга қарши иш қўзғаган. Унинг таъсисчилигидаги «Alliance road construction» жамияти 2012-2013 йилларда Андижон шаҳридаги иккита марказий кўчада капитал-реконструкция ишларини бажарган. Лекин жамият бажарилган иш учун 1 миллиард 449 миллион сўм ҳаққини кўп йил ўтса-да ололмаган. Бу масала бўйича судда ҳам ютиб чиқилган. Шундан сўнг тадбиркор (Шуҳратбек Раҳимов) вилоят ҳокимидан ушбу ҳақ ўрнига Бўстон даҳасидаги чиқиндихона бўлиб ётган майдонни сўрайди.

2017 йил мазкур ер майдонининг 4 гектарига турли уй-жой ва маиший хизмат кўрсатиш бинолари қуриш учун шаҳар ҳокимининг қарори чиқади.

Шуҳратбек Каримов мазкур майдонни 3 миллиард сўмга яқин маблағ сарфлаб, чиқиндилардан тозалайди. Топографик суратга олдирганида тозаланган майдон ҳажми 7 гектардан зиёдлиги маълум бўлади.

Шуҳратбек Каримов 2021 йилга келиб ўзидаги мавжуд қарорнинг маълум бандини ўзгартириб бериш бўйича шаҳар ҳокимига мурожаат қилади. Шаҳар кенгаши сессиясида мазкур масала кун тартибига қўйилганида депутатлар мазкур қарорга ўзгартириш киритишни ёқлаб овоз берган. Лекин шаҳар ҳокими кенгаш раиси сифатида қарорни имзоламаган. Шуҳратбек Каримов эса бу жойда қурилишни бошлаб юборган.

2021 йил 17 май куни халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши сессиясида Андижон шаҳар прокуратурасининг тақдимномасига асосан Шуҳратбек Каримовни депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилиш масаласи кўриб чиқилади. Тақдимномада  Шуҳратбек Каримов таъсисчилидаги «Alliance road construction» жамиятининг Бўстон даҳасида ўзбошимчалик билан 6 гектар ерни ноқонуний эгаллаб олиб қурилиш ишлари бошлагани, «Ибтидо сервис транс» жамияти ва уч нафар фуқаронинг ердан фойдаланиш ва сервитут ҳуқуқлари поймол қилингани юзасидан тергов ишлари олиб борилиши кўрсатилган.

«Сессиядан олдин менга мазкур иш бўйича ҳеч қандай ҳужжат тақдим этилмади. Сессия мажлисига келган депутатларни залга киритишдан олдин ёнларида телефон ёки бошқа овоз ёзувчи мослама бор-йўқлиги текширилиб, Миллий гвардия ходимлари томонидан тинтув қилинди. Сессия тўлиқ шаҳар ҳокимининг сценарийси асосида ўтди ва депутатларнинг катта қисми овози билан депутатлик дахлсизлигидан маҳрум бўлдим. Сессия тегишли қонун ва регламентга зид ҳолда ўтказилди», дейди Шуҳратбек Каримов.   

Иккинчи томон нима дейди?

Раҳимжон Зияев

Халқ депутатлари кенгаши котиби Раҳимжон Зияев ҳам шов-шувли сессия бўйича фикрларни айтиб ўтди.

«Маълумки, Андижон шаҳрида ер майдони кам. Шунинг учун ўтган йилларда шаҳар четларида янгидан янги уй-жой массивлари барпо этилди. Бу йил эса «Янги Андижон» шаҳарчаси қурилишини бошладик. Бўстон даҳаси шаҳарнинг ўртасида жойлашган.

2017 йили Шуҳратбек Каримов таъсисчилигидаги жамиятга ўша жойдан мазкур жойларни тозалаб, обод қилгани учун 4 гектар ер майдони ажратилган экан. Депутатимиз қўшимча 6 гектар ерни эгаллаб олгани ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритиш учун шаҳар ҳокимлигининг барча соҳалардаги етук мутахассислари томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганишлар олиб борилди. Аниқландики, «Alliance road construction» жамиятига ер қонуний ажратилганида топономик суратга олинаётиб, яна 6 гектар ер қўшиб олинган экан. 6 гектар ер Андижон шаҳри учун катта майдон. Бу майдонни 250-300 нафар одамга 4 сотихдан бериш мумкин.

Эски шаҳардаги «Девонабой» масжиди реконструкция қилинаётгани, бозор қурилиши муносабати билан уйлари сносга тушган оилаларни ер йўқлигидан Олтинкўл туманига кўчиришга тўғри келяпти. Аҳоли учун ер жуда керак. Депутатимиз 6 гектар ерга ноқонуний қурилиш қилгани ҳақида шуни айтиш мумкинки, Ш. Каримов 2017 йилдан бери шунча вақт ўтса ҳам ерга ҳужжат қилмаган.

Шаҳар прокуратураси тақдимнома чиқаргач, биз керакли мутасахассислар билан ўрганиб чиқдик. Ишчи гуруҳ билан узоқ вақт муҳокама қилиб, охири сессия кун тартибига қўйишга қарор қилдик.

Сессиядан олдин Ш. Каримов билан бу мавзуда суҳбатлашдик. Ер майдони ҳужжатларини тақдим қилишини кўп бор сўрадик. Сессияда овозга қўйганимизда депутатларнинг 21 нафари тушунган ҳолда Ш. Каримовни депутат дахлсизлигидан маҳрум қилишни ёқлаб овоз берди.

Шуни таъкидлаб ўтмоқчиман. Бу ҳали охирги қарор эмас. Агар тергов жараёнида, 1 ой ёки 2 ой орасида Шуҳратбек Каримовнинг айбсизлиги исботланса, яна ҳаммаси жойига қайтади.

Ижтимоий тармоқларда ҳар бир депутат тинтув қилинди, деган ҳар хил гаплар айтиляпти. Бу навбатдан ташқари сессия эди – Миллий гвардия ходимлари, қўриқлаш хизматчилари хавфсизлик юзасидан иш олиб боришди. Ахир ҳаммамиз ҳам Вазирлар Маҳкамаси ёки ҳокимликка борсак телефонимизни топшириб кирамиз, металл изловчи мослама билан текширишади. Бу оддий ҳолатку? Мазкур ҳолатни депутат дахлсизлиги бузилди, деб атаб бўлмайди. Воқеани чуқурлаштириш шарт эмас менимча.

Қанча нарса ёзилган бўлса ҳам биз оғирлик билан эътибор қаратмаяпмиз. Биз мана бу одамнинг ёмонликлари бор деб айтмадик ҳам. Чунки, Шуҳратбек Каримовга қўйилган айбловлар тасдиғини топмаса яна бирга ишлаймизку?! Мен ачинаман, вилоят ва шаҳар ҳокимларининг амалга ошираётган ишларига ёрдам бериш ўрнига шунақанги нарсаларни муҳокама қилаётганимиздан», дейди Р. Зияев.

Шаҳар ҳокимлиги юрист-консултанти Муфтоҳиддин Раҳмонов депутат «Alliance road construction» жамияти раҳбарларига жиноий иш қўзғатилганига изоҳ берар экан, жамият томонидан қурилишга оид ҳужжатлар сохталаштирилганига тўхталиб ўтди.

Муфтоҳиддин Раҳмонов

Миллий гвардия Андижон вилоят бошқармаси депутатлар нима сабабдан тинтув қилингани юзасидан қўшимча изоҳ беришдан бош тортди.

Мавзуга оид