Жамият | 14:57 / 19.05.2021
6938
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд давлат тиббиёт институтида ўтказилган халқаро конференцияда саккиз давлатдан вакиллар қатнашди

Самарқанд давлат тиббиёт институтида «Замонавий тиббиёт ва фармацевтика: янги ёндашувлар ва долзарб тадқиқотлар» талабалар ва ёш олимлар анъанавий 75-халқаро илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти матбуот хизмати

Талабалар ва ёш олимларнинг халқаро илмий-амалий форумида Россия, Украина, Туркия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги бир қатор тиббиёт олий ўқув юртларининг 700 дан ортиқ талабалари ҳамда ёш олимлари қатнашди.

Конференция очилиш маросимида Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори, профессор Жасур Ризаев, Истанбул маданият университети ректори Gulfettin Celik (Туркия), Ужгород миллий университети ректори Владимир Смоланка (Украина), Приволжск тадқиқот тиббиёт университети ректори Николай Карякин (Россия), Тернопол миллий тиббиёт университети ректори Михаил Корда (Украина), Ижевск давлат тиббиёт академияси ректори Алексей Шкляев (Россия), Қозоқ миллий тиббиёт университети ректори Талгат Нургожин (Қозоғистон), Тожик миллий тиббиёт университети ректори Маҳмадшох Гулзода (Тожикистон), Қозон давлат тиббиёт университети Фармация институти директори Руслан Мустафин (Россия), Тошкент фармация институти ректори Камол Ризаев (Ўзбекистон), “Salamah Medical Tourism Pvt.Ltd” компанияси раҳбари Mahbood Afzal (Ҳиндистон) сўзга чиқди ва анжуманнинг аҳамияти ҳақида фикр билдиришди.

Ялпи мажлисда замонавий тиббиёт ва фармациянинг долзарб масалаларига бағишланган маърузалардан сўнг анжуманнинг асосий иши шуъбаларга бўлинган ҳолда давом этди.

Уларда клиник фармакология, фундаментал фармакологияда замонавий ютуқлар, стоматология, оториноларингология ва офталмологияда замонавий ёндашувлар, юрак-томир касалликларини даволашда инновацион ва прецезион (аниқ) технологиялар, терапевтик ва юқумли касалликларнинг сабаблари ва уларни даволашда ёш олимларнинг қарашлари, неврология, психиатрия, спорт тиббиёти ва реабилитациянинг долзарб масалалари, педиатрияда ташхис ва даволаш усулларини такомиллаштиришда инновацион техологиялардан фойдаланиш, акушерлик, гинекология ва репродуктив тиббиёт, экспериментал ва фундаментал тиббиёт, хирургия, нейрохирургия, урология ва травматологиянинг долзарб масалалари, жамоат тиббиёти, гуманитар фанлар ва педагогика, ёш олимларнинг долзарб тадқиқотлари, постерли маърузалар каби йўналишларда талабалар ва ёш олимларнинг 300 дан ортиқ маърузалари эшитилди. Уларнинг чиқишларини холисона баҳолаш учун ҳар бир шуъбада ҳайъат раёсати ишлади. Халқаро конференция ҳайъат аъзолигига талабаларнинг ҳам киритилиши бу йилги анжуманнинг аҳамиятини оширди.

Конференция ташкилотчилари томонидан 1500 дан зиёд илмий тезислар қабул қилиниб, улар махсус тўплам шаклида “Гепато-гастроэнтерологик тадқиқотлар” халқаро журналида чоп этилди.

Шунингдек, конференция доирасида «Университет 3.0» концепциясини жорий қилиш, фармацевтика соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш, илмий соҳани амалиёт билан боғлаш ва илм-у фан ютуқларини пуллаш самарадорлигини ошириш мақсадида Самарқанд давлат тиббиёт институтининг “MEROS PHARM”, «INTEGRA DD», «SAMARKAND ENGLAND ECO MEDICAL» (қўшма корхона) компаниялари ва “Самарқанд дори-дармон” акциядорлик жамияти билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Самарқанд давлат тиббиёт институти матбуот хизмати

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид