Жамият | 22:44 / 20.05.2021
20316
3 дақиқада ўқилади

Андижонда радар ўрнатилган “Нексия-3”нинг давлат рақами беркитиб қўйилганмиди?

Ижтимоий тармоқларда ЙҲХ хизматининг радар ўрнатилган “Нексия-3” автомобилидан хизмат вақтида давлат рақам белгиси беркитилган ҳолда фойдаланилгани ҳақида видеолавҳа тарқалди. Унда ЙҲХ хизмати ходими ва фуқаролар ўртасидаги тортишув акс этган.

Kun.uz ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Андижон вилояти ЙҲХБ билан боғланди. Бошқарма матбуот хизмати вакили Диёр Абдураззоқовнинг маълум қилишича, видеолавҳада акс этган воқеа 2021 йил 11 май куни Марҳамат туманида содир бўлган. Унинг билдиришича, воқеа бутунлай бошқача талқин қилинган. Яъни Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХБ инспектори К.Жалилов хизмат вазифасини бажараётган вақтида “Мерседес” русумли автомашина ҳайдовчиси транспорт воситасининг давлат рақам белгисини яширган ҳолда тўхташ тақиқланган жойда тўхтаганлиги сабабли ҳайдовчи О.М.дан тегишли ҳужжатларини сўраган вақтида ҳайдовчи ходимга фаол қаршилик қўрсатиб ҳужжатларни тақдим этмаган. Шу вақт оралиғида бир неча фуқаролар тўпланиб, ходимнинг хизмат олиб боришига тўсқинлик қилишган. Видеолавҳада ҳам айни шу вақтдаги тортишув акс этган.

Д.Абдураззоқовга кўра, К.Жалилов ҳолат юзасидан туман ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилган. Натижада туман ИИБ ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, ҳужжатлар қўриб чиқиш учун ЖИБ Марҳамат туман судига юборилган.

12 май куни мазкур ҳолат юзасидан суднинг очиқ мажлиси бўлиб ўтиб, бир неча фуқаролар МЖтКнинг турли моддалари билан маъмурий жавобгарликка тортилган, хусусан, О.М.га БҲМнинг 3 баравари миқдорида, К.М. ва Ш.А.га 1 баравари миқдорида, М.Ж.га 2 баравари миқдорида жарима жазоси, Ф.Х., А.Т., А.Ю.га нисбатан 5 сутка ва М.М. ҳамда Б.Н.га 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.

Радар ўрнатилган “Нексия-3”нинг давлат рақами беркитилгани ҳақидаги гап-сўзларга тўхталар экан, Д.Абдураззоқов видеода акс этган давлат рақамини тўсиб қўйган мослама аслида автомобилга ўрнатилган радарнинг ҳимоя воситаси эканини ва у одатда давлат рақамини беркитиб турмаслигини, балки давлат рақамидан юқорироқда жойлаштирилишини, фуқароларнинг автомобилга тегиниши натижасида ушбу мослама ҳам давлат рақамининг устига қулаб тушганини билдирди. Унинг қўшимча қилишича, радар ўрнатилган хизмат автомобилларининг давлат рақамини беркитишдан маъно йўқ ва одатда бундай автомобиллар давлат рақами беркитилмаган ҳолда фаолият юритади. У агарда видеодаги мослама радарнинг ҳимоя воситаси эканига шубҳа қилинадиган бўлса, исталган бошқа шундай автомобилнинг олд томонига қараб кўришни таклиф қилди ва уларда ҳам худди шундай мослама ўрнатилганини таъкидлади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид