Жаҳон | 17:27 / 20.05.2021
40857
4 дақиқада ўқилади

Исроил – Фаластин уруши ҳақида қандай фейклар тарқатилди?

Исроил ва Фаластин ўртасида яна авж олган урушлар бутун дунё эътиборини ушбу давлатларга қаратди. Мавзуга оид ҳар куни минглаб хабарлар тарқалмоқда. Улар орасида ҳақиқатга тўғри келмайдиганлар ҳам бор. ВВС Исроил ва Фаластин ўртасидаги уруш фонида тарқатилган энг шов-шувли ёлғонларни тўплади.

Ракета зарбалари Фаластинда эмас, Сурияда суратга олинган

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг вакили Офир Генделман ўзининг Твиттердаги саҳифасида даҳшатли видео жойлади. Унда аҳоли яшаш пунктлари ичидан кўпотар артиллериядан тинимсиз ракеталар учирилаётганини кўриш мумкин. Бу видеони саҳифасига жойлаган мансабдор постга шундай изоҳни илова қилди: «250дан кўпроқ отилган бу ракеталарнинг камида учдан бир қисми Ғазо секторига тушиб, фаластинликларни ўлдирмоқда».

Бироқ видео аслида 2018 йил Суриядаги уруш вақтида олинган бўлиб, ютубга ҳам ўшанда жойланган. Фойдаланувчилар мана шу маълумотни келтириб, исроиллик мулозимнинг фикрларини танқид қилгач, пост ўчирилди.

«Исроиллик аскар»нинг твитлари

Энг даҳшатли фейк эса гўёки исроиллик аскарники экани айтилган Твиттер саҳифасида тарқатилди. Унда шундай гаплар ёзилганди: «Биз шунчки одам ўлдиришни яхши кўрамиз», «Ҳозиргина болалар устига бомба ташладик». Бироқ кейинчалик бу твитлар Исроил армиясининг ҳеч бир аскарига тегишли эмаслиги маълум бўлди. ВВС'га кўра бу твитлар фаластинликлар томонидан ёзилган.

Сохта дафн маросими

Урушда Исроилни қўллаб-қувватловчи контентларда бир видео вирусдай тарқалди. Унда гўёки фаластинликлар сохта дафн маросимини ташкиллаштираётгани ва шу орқали одамларнинг фикрини ўзгартиришга уринаётгани кўринган. Чиндан ўша видеода одамлар жасадни олиб кетаётгандай ҳаракат қилаётганда, сирена овози эшитилгач, тобутда бўлган «жасад» ҳам қочиб кетади.

Бироқ ВВС бу видео аслида Иорданияда олинганини аниқлади. Бу аслида карантиндан қочишга уринаётган иорданиялик ёшлар нималар қилаётгани ҳақидаги ҳазил видео бўлган. Бироқ Исроилнинг расмий вакиллари ҳам муносабат билдирган видео исроилликлар орасида #Palywood (Фаластин Ҳолливуди) ҳэштеги билан тарқалди.

Ақсо масжидидаги ёнғин

Кўплаб фаластинликлар Исроил билан уруш авж олган бир вақтда гўёки Ақсо масжидида ёнғин содир бўлаётгани тасвирланган видео тарқатишди. Унда Исроил ислом олами учун муқаддас бўлган масжидни ёқаётгани айтилган. Бу видео сохта эмас, лекин изоҳлар ёлғон. Аслида масжид эмас, унинг атрофидаги дарахт ёнаётган бўлган.

Ақсо масжиди жойлашган комплекс яҳудийлар учун ҳам қадрли. Исроил томони табиийки дарахт фаластинликлар томонидан ташланган петарда оқибатида ёнганини маълум қилди. Кейинчалик маълум бўлишича, ёнган дарахт масжиддан 10 метр узоқда жойлашган бўлиб, у Ақсога зарар етказмаган.

Ўйинчоқ ракеталар

Твиттерда яна бир видео Фаластинни айблаш учун Исроилни қўлловчи аккаунтларда тарқалди. Унда гўёки Ғазо секторига ракеталарни олиб кетаётган юк машинаси ва гапираётган бола овози эшитилган. Видеога шундай матн илова қилинган: «ҲАМАС яҳудийларни ўлдириш учун тинч аҳоли вакилларидан қалқон сифатида фойдаланаётганига навбатдаги марта гувоҳ бўляпмиз. Улар билишадики, Исроил бегуноҳ одамлар ўлишини билган ҳолда жавоб бермайди».

Бироқ бу видео ҳам ёлғон бўлиб чиқди. 2018 йил 25 ноябрда Фейсбукка жойланган видео аслида Исроилда суратга олинган. Bellingcat эксперти Арик Толернинг айтишича, видеода кўринган «қурол» ҳақиқий эмас, ўйинчоқ ракета. Ундан одатда ҳар хил армия манёврларида фойдаланилади.

Мавзуга оид