Ўзбекистон | 12:21 / 20.05.2021
2296
2 дақиқада ўқилади

Москвадаги галереяда Нукусдаги И.Савицкий номидаги санъат музейининг 118 та асари намойиш этилди

Кеча Москвада авангард рассом — Иван Кудряшов таваллудининг 125 йиллигига бағишланган кўргазма очилди.

Галереяда 300 дан ортиқ экспонатдан иборат ретроспектив коллекция жамоатчиликка тақдим этилди. Кўргазмани ташкил этиш ва Қорақалпоғистон давлат санъат музейидан асарларни етказишда  Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси яқиндан ёрдам берди.

22 августга қадар давом этадиган кўргазма  расмлар, график ва саҳна асарлари ҳамда архив материалларидан иборат. Залларнинг бирида И.Кудряшовнинг 1920 йил октябр ойида Оренбург шаҳар театри учун уч ўлчамли супрематистик рангтасвирнинг реконструкцияси жойлаштирилган.

Кўргазманинг очилишида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Aзиз Aбдуҳакимов сўзга чиқди. Унинг таъкидлашича, «мамлакат раҳбарияти маданият ва санъат соҳасида Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигини кенгайтириш, 2019-2021 йилларга мўлжалланган маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликнинг ҳукуматлараро дастури ҳамда дўстона муносабатлар ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга ҳисса қўшадиган ҳаракат режаси муваффақиятли амалга оширилмоқда».

Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси бошқарув раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева супрематист рассом Иван Кудряшовнинг расмлари Нукус шаҳридаги музей омборида қарийб эллик йилдан бери сақланаётганини таъкидлади. «Кўргазма асосида илмий изланишлар, рус авангардига қизиқиш ва Игор Савицкий музейи хазиналарини бутун дунёга намойиш этишга бўлган катта истак ётади», - деди у.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид