«Немис тили синфларини ёпиб, инглиз тилига айлантиришди. Мактабларда саводсизлик авж олди» - яккабоғлик чет тили ўқитувчиси билан суҳбат
Расулова Дилором 1964 йил Яккабоғ туманида таваллуд топган. У узоқ йиллардан бери немис тили фани ўқитувчиси сифатида халқ таълими тизимида фаолият олиб боради. Шу йиллар давомида қилган самарали меҳнатлари эвазига «Шуҳрат» медали, «Халқ таълими аълочиси», «Мустақилликнинг 25 йиллиги» кўкрак нишони билан тақдирланган.
Тажрибали педагог суҳбат давомида ўқитувчиликнинг паст-баландликлари, немис тилини ўқитиш борасидаги муаммолар ҳақида ҳикоя қилди.
– Аввало ўқитувчилик фаолиятингиз, ўқитувчиликнинг паст-баланд томонлари ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Мактабда ўқиб юрган кезларимда немис тили фанига жуда қизиққанман. 9-10-синфлигимдаёқ кичик синфларга немис тилидан бошланғич сабоқлар берар эдим. Фанга бўлган қизиқишим мени Тожикистон Республикаси, Душанбе шаҳридаги институтга етаклади. 1986 йил институтни тамомлагач турмуш ўртоғим билан бир-икки йил мактаб таълимида ишлаш ҳамда чет тилидан бехабар бир қишлоқ болаларига немис тилини ўргатиш мақсадида Қашқадарёнинг олис Касби тумани Мессит қишлоғига йўл олдик. Бу қишлоқ мактабида хорижий тил ўқитилмас экан, шу ерда ўқитувчилик фаолиятимни бошладим.
Қишлоқ аҳли очиқ кўнгиллик билан кутиб олишди. Мактаб менга немис тили фанидан 40 соат дарс берди. Бу катта бахт ва улкан масъулият эди. Табиатан ҳар бир ишни ўз вақтида бажаришга одатланганим учунми, 1 соат дарс қолдириш у ёқда турсин, бирор дақиқа кечикмасликка ҳаракат қилар, дарсларни мароқ билан ўтардим. Ўзлаштира олмаган ўқувчилар билан дарсдан кейин ҳам қўшимча машғулот олиб борардим. Синфда ўқувчилар 25-30 нафардан ошса-да, гуруҳларга бўлмасдан ўқитганман. Ўша даврларда бундан бошқа йўл ҳам йўқ эди.
Мессит қишлоғи ва болалар менга ҳам жуда манзур келди ва шу бўйи қишлоқда 5 йил қолиб кетдик. 2 фарзандим шу қишлоқда туғилди. Болалар таълими орқада қолиб кетишини ўйлаб фарзандларим 2 ойли бўлганида ишга чиқиб кетганман.
Бугунги кунда чекка ҳудудларга бориб ишлайдиган ўқитувчилар учун берилаётган имтиёз ва яратилаётган шароитларга ҳавас қиламан, у дамларда бу нарсалар қаёқда эди дейсиз. Қиш-қировли, ёмғирли кунларда қишлоқ уйларидан резина этикларда йўлгача чиқиб, тиззагача лойга ботган этикни йўл устидаги хонадонда қолдириб, тоза этикда мактабга борардим.
1992 йил ўз юртимиз Яккабоғга қайтдик ва ўзим таҳсил олган мактабда ишимни давом эттирдим. Ҳар йили фан олимпиадаларида ўқувчиларим юқори ўринларни эгаллаб, туман ва вилоятда танила бошладим.
1996 йил Тошкент шаҳрида немислар томонидан ўтказилган семинарда фаол иштироким учун Германияга малака оширишга юборишди. 1999 йил ютуқларим ва меҳнатларим учун президентимиз томонидан «Шуҳрат» медали билан тақдирландим. 2012 йил «Халқ таълими аълочиси», 2016 йил «Мустақилликнинг 25 йиллиги» кўкрак нишони билан тақдирландим.
1999 йил туманимиздаги 14-ихтисослаштирилган мактаб-интернатига ишга таклиф қилишди. Мактаб-интернатидаги ўқувчилар оддий мактаб ўқувчиларидан интилувчанлиги билан анча фарқ қиларди. Энди менинг ўқувчиларим фан олимпиадаси ва «Билимлар беллашуви»да республика босқичларида ғолиб ва совриндор бўла бошлади ва муддатидан олдин талабаликни қўлга киритди.
Олий ўқув юртига тайёрлаётган абитуриентларимнинг 80-90 фоизи талаба бўлган ва ҳозир ҳам бу тўхтаб қолгани йўқ. 2004 йил 2-марта Германияда малака ошириш бахтига муяссар бўлдим. Бугунги кунда минглаб шогирдларим республикамизда турли жабҳаларда фаолият юритишмоқда. Бир гуруҳи хорижда, хусусан, Германияда ҳам таҳсил олмоқда.
– Бир вақтлар инглиз тилига асосий урғу берилиб, бошқа тиллар, хусусан, немис тили ҳам парда ортига сурилганди. Бу шу соҳа ўқитувчиларини қанчалик ташвишлантирган?
– Ўзбекистон президентининг 2012 йил 10 декабрдаги «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари» тўғрисидаги ПҚ 1875-сонли қарори республика бўйича немис тили фан ўқитувчилари учун катта зарба бўлган эди. Мактаб директорлари немис тили синфларини ёпиб, инглиз тилига айлантиришди. Шогирдларим йиғлаб телефон қилишарди, нима қилишни билмай, боши қотганлар қанча эди. Хуллас, жуда кўп немис тили ўқитувчилари 6 ойлик курсларда инглиз тили ёки рус тили ўқиб, иккинчи мутахассислик олишди. Буни қарангки, натижада мактабларда саводсизлик авж олди. Тасаввур қилинг, 4-5 йил ўқилган фан қаёқда-ю, 6 ой ўқиш қаёқда, тенглаштириб бўладими?
– Немис тилини ўрганиш осон дейишади, бунинг сабаби нимада?
– Ўқувчилар орасида немис тили фанини ўрганиш осон деган фикр юради. Аслида, барча хорижий тилларни ўзлаштириш даражаси бир хил. Ўқувчи бирор фанга қизиқса ёки шу фан ўқитувчисини ҳурмат қилса ана шу фанни ўзлаштириш осон кечади. Aммо бир жиҳатни инобатга олиш керакки, немис тили грамматикаси бошқа тиллар грамматикасига нисбатан қоидалари ва тузилиши барқарор. Қолаверса, немис миллати ўз маданияти, тили, тарихини ўрганишни тарғиб этадиган барча шароитларни халқаро миқёсда яратиб берган. Шу туфайли ҳам ўрганувчиларда мотивация кучли бўлади.
– Аслида барча хорижий тилларни ўрганиш фойдалидир, аммо айнан немис тилини ўрганишни устун тарафи нимада?
Немис тилини ўрганиш бу шунчаки тил ўрганиш эмас, балки бу ҳаётингизга бир қанча имтиёзлар эшигини очиб бериши мумкин. Чунки немис халқи ўз тили ва маданиятининг кенг тарғиботини олиб боради. Шу туфайли жуда кўплаб грантлар ва дастурлар эълон қилишади. ПAД, Гёте институти томонидан ўтказиб бориладиган танловлар, ДAAД, Конрад-Aденауер-Стифтунг шулар жумласидандир. Қолаверса, биз яқинда ташкил қилаётган “Ҳамкормактаб“ (Partneschule ) лойиҳасида ҳам айнан Германия томонидан моддий ва амалий ёрдам кўрсатилиши назарда тутилмоқда.
– Ўқитувчининг жамиятдаги обрўси ҳақида кўп гапирилади, сизнингча замонавий ўқитувчи қандай киши бўлиши керак?
– Ўқитувчилик касбини танлаганимдан ҳеч қачон афсус чекмаганман. Гўёки шу касб учун туғилгандекман. Ҳаётимни қайтадан бошлаганимда, шубҳасиз, яна ўқитувчиликни танлар эдим. Касбим билан фахрланаман.
Ўқувчиларимга ҳам ўқитувчи бўлишни, шу касбни танлашларини маслаҳат беришдан ҳеч қачон чарчамайман. Жуда кўп шогирдларим республикамиз мактабларида ўқитувчи бўлиб фаолият кўрсатишмоқда. Жамиятда ўқитувчи обрўли, ҳурматга сазовор бўлиши учун касб эгалари ўз фанининг билимдони бўлиши ҳамда болаларни севиши керак.
Яна инобатга олиниши керак бўлган бир жиҳат бор, америкалик машҳур ёзувчи Дейл Карнеги шундай дейди: “Менга сендвич жуда ёқади. Aммо балиқ овига мен сендвич эмас, хўрак олиб бораман”. Ўқувчиларга ҳам улар талаб қиладиган, қизиқадиган маълумотларни, билимларни ноодатий, янги услубларда дарс ўтиш ўқувчиларнинг дарсга бўлган иштиёқини оширади. Ўқитувчи кўп китоб ўқиши ва изланувчан бўлиш керак, лекин афсуски китоб ўқимаслик, ҳатто ўз соҳасида энг сўнгги янгиликлардан хабарсизлик иллатга айланиб қолмоқда.
Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:32 / 01.11.2024
Немис тилидаги энг узун сўз 67 ҳарфдан иборат экани маълум бўлди
07:05 / 17.08.2024
Ўзбекистонда илк бор немис тили университети ташкил этилиши мумкин
15:43 / 27.07.2024
Полосондан Германияга йўл: 16 ёшли ўзбек қизи олимпиада ғолиби бўлди
07:34 / 23.07.2024