Жаҳон | 23:37 / 23.05.2021
65006
12 дақиқада ўқилади

Лукашенкога мухолифатчи блогернинг алдов йўли билан қўлга олиниши. Асосий маълумотлар

Минскда Беларусдаги намойишларни фаол ёритган Nexta телеграм-каналининг собиқ муҳаррири Роман Протасевич қўлга олинди. У Афинадан Вильнюсга учган самолёт «миналаштириш» ҳақидаги хабардан сўнг Минск аэропортига мажбуран қўндирилган бортдан тушириб қолдирилган.

23 май куни кундузи Греция пойтахти Афинадан Литва пойтахти Вильнюс шаҳри томон учган Ryanair авиакомпанияси самолёти шошилинч тарзда қўндирилди.

«Роман Протасевич қўлга олинди. У Ryanair авиакомпаниясининг Афина-Вильнюс рейсида учаётганди», - дея хабар қилди «Весна» манбаси.

Светлана Тихановскаянинг маслаҳатчиси Франак Вячорка самолёт бортида журналист, Nexta телеграм-каналининг собиқ муҳаррири Роман Протасевич бўлгани (у Nexta дан кетгач бошқа бир мухолифатчи канал «Беларусь головного мозга» учун ишлай бошлаган) ҳақида хабар берди.

Литва президенти ва ташқи ишлар вазири, шунингдек, Европадаги қатор давлатлар раҳбарлари, сиёсатчилар ва дипломатлар самолёт ва йўловчиларни зудлик билан қўйиб юборишни талаб қилишмоқда.

Греция ТИВ Афинадан учган самолёт мажбуран қўндирилишини давлат авиақароқчилиги акти деб атади, Польша бош вазири Беларусь авиакомпанияларига Европа Иттифоқи ҳудуди устидан парвозлар амалга оширишни тақиқлаш таклифини билдирди.

Авиация хавфсизлиги соҳасидаги экспертлар йўловчи лайнернинг йўли тўсилиши ва у йўловчилардан бирини ҳибсга олиш мақсадида мажбуран қўндирилишини прецеденти бўлмаган ҳодиса деб аташмоқда.

Беларусь ИИВ Протасевич Минск аэропортида қўлга олинганини тасдиқлаган.

Ундан аввалроқ «Минск» халқаро аэропорти Афинадан Вильнюсга учган Ryanair самолёти мина ўрнатилгани ҳақидаги хабардан кейин шошилинч қўндирилгани ҳақида хабар берганди. Кейинроқ бомба ҳақидаги хабар тасдиқланмади, аммо бортдаги барча йўловчилар текширилгани маълум қилинди.

Ўз навбатида, самолёт йўл олган Литвадаги аэропорт вакили «Рейтер» агентлигига бортда йўловчилардан бири ва экипаж аъзолари ўртасида жанжал келиб чиққанидан сўнг самолёт Минскка қўндирилгани ҳақида айтиб берди.

Беларусдаги Onliner нашрининг қайд этишича, Минскда йўловчилар самолётдан туширилган ва қайта текширувдан ўтказиш учун аэропорт ичкарисига олиб кетилган, шу вақтда Протасевич қўлга олинган.

Ryanair авиакомпаниясининг маълум қилишича, самолёт бортидаги хавф ҳақида Беларусь диспетчерлик хизмати хабар берган.

Авиаташувчи баёнотида айтилишича, Ryanair авиацион хавфсизлик бўйича миллий ва Европа агентликларини ушбу ҳолат ҳақида хабардор қилган ва бу ҳолат авиакомпанияга боғлиқ равишда рўй бермаганини билдирган.

«Текширув вақтида ҳеч қандай ножўя ҳолат аниқланмади, маҳаллий ҳукумат самолёт ва йўловчиларга учиб кетишга рухсат берган», дейилади авиакомпания маълумотида.

Тошкент вақти билан соат 23:30да самолёт Вильнюсга қўнган, самолёт Минск аэропортида қарийб 7 соат ушланиб қолди.

Беларусь мухолифати етакчиларидан бири бўлган Павел Латушконинг маълум қилишича, ундаги маълумотларга кўра, Минскдан Вильнюсга самолётда бўлган Беларуснинг 2, Россиянинг 4 фуқароси учмаган.

Nexta маълумотига кўра, парвоздан олдин Протасевич ўзини кузатишаётганини сезгани ҳақида хабар берган: ўрта ёшлардаги, рус тилида сўзлашувчи эркак унинг ҳужжатларини суратга олишга ҳаракат қилиб, тушунарсиз тарзда саволлар берган. Шундан сўнг ҳужжатларни текшириш чоғида кейинги навбат уники бўлса-да, қатордан чиқиб ортга кетган.

«Мутлақо аёнки, бу жамоат фаоли ва блогер Роман Протасевични қўлга олиш мақсадида самолётни тўхтатиш учун махсус хизматлар томонидан амалга оширилган амалиётдир», дея маълум қилди Беларусь мухолифати етакчиларидан бири Светлана Тихановская.

Халқаро реакция

Литва президенти Гитанас Науседа Беларусь ҳукуматидан Протасевични озод этишни талаб қилган ва самолёт мажбуран Минскка йўналтирилиб, аэропортга қўндирилганини қайд этган.

«Мен НАТО ва ЕИни Беларусдаги режим томонидан халқаро фуқаролик авиациясига қилинган таҳдидга тезкорлик билан реакция қилишга чақираман. Халқаро ҳамжамият бундай ҳолат бошқа такрорланмаслиги учун зарур қадамларни ташлаши керак», деди Литва президенти.

Науседа бу вазиятни ЕИнинг душанба кунги саммитида кўтариб чиқишни ваъда қилган.

Литва ТИВ Минскка қўнган Ryanair самолёти экипажи ва йўловчиларини озод қилиш талаби билан Беларусь вакилини чақиртирган.

Польша бош вазири Матеуш Моравецкий Беларусь ҳукумати ҳаракатларини давлат террорчилиги акти сифатида баҳолади.

«Мен Роман Протасевич Беларусь ҳукумати томонидан Ryanair компанияси самолётини эгаллаш орқали қўлга олинганини қатъий қоралайман. Бу ўзини номуносиб тутган давлат терроризми актидир», дея ёзган у твиттерда.

Моравецкий Литва президентининг бу ҳодисани ЕИ саммитида муҳокама қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлаган ва Европа кенгаши раисига Беларусга нисбатан зудлик билан санкциялар киритишни муҳокама қилиш таклифи билан мурожаат қилган.

Беларуснинг Варшавадаги элчиси Польша ТИВга изоҳ олиш учун чақирилган.

Фуқаролик авиацияси халқаро ташкилоти (ICAO) Ryanair рейси билан боғлиқ вазият юзасидан хавотир билдириб, бу вазиятда халқаро авиация фаолиятининг асосий принциплари белгилаб берилган Чикаго конвенцияси бузилган бўлиши мумкинлигини билдирди.

Ташкилот рўй берган ҳодиса юзасидан давлат ва ушбу ҳодисага жалб қилинган ташкилотларнинг расмий маълумотини кутаётганинни қўшимча қилган.

Ўз навбатида Европа кенгашининг собиқ раҳбари, Польшанинг собиқ бош вазири Дональд Туск твиттердаги саҳифасида Лукашенко энди нафақат ўз мамлакати фуқароларига, балки халқаро хавфсизликка ҳам таҳдид солаётгани ҳақида ёзиб, Европадаги барча давлатлар ҳукуматлари ва ташкилотларни зудлик билан қатъий чоралар кўришга чақирди.

Евроиттифоқнинг юқори мартабали расмийлари ҳам Беларусни Минскка қайта йўналтирилган самолёт йўловчилари хавфсизлиги учун жавобгарлиги ҳақида огоҳлантириб, йўловчиларнинг барчасини қўйиб юборишни талаб қилишмоқда.

«Биз самолёт ва унинг барча йўловчилари хавфсизлиги учун масъулиятни Беларусь ҳукумати зиммасига юклаймиз», деган Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель.

«БАРЧА йўловчиларга манзил томон учишни давом эттиришга рухсат берилиши керак», дея қўшимча қилган у бу гап мухолифатчи фаол Роман Протасевичга ҳам тааллуқли эканига урғу бериб.

Британия парламентининг хорижий ишлар бўйича махсус қўмитаси раиси Том Тугендҳат «мухолифат овозини ўчириш мақсадида самолётни зўрлик билан қўндириш демократияга ҳужум ҳисобланиши»ни қайд этган.

«Греция бугун рўй берган ва Афина-Вильнюс рейсини амалга оширган Ryanair FR 4978 самолёти мажбуран Минскка қўндирилишига олиб келган давлат авиақароқчилигини қаттиқ қоралайди», дейилади Греция ТИВ баёнотида.

Вазирлик маълумотига кўра, самолёт бортидаги 171 кишидан 11 нафари - Греция фуқароларидир. «Барча йўловчилар ҳаётини хавф остида қолдирган бундай актга йўл қўйиб бўлмайди», - деган Греция ТИВ ва барча йўловчиларга манзилга етиб олиш имконияти тақдим этилишини талаб қилган.

«Биз ўлим жазоси таҳдид солаётган беларус фаоли Роман Протасевичнинг ноқонуний ҳибсга олинишини қаттиқ қоралаймиз», дейилади баёнотда.

«Давлат раҳбари топшириғига кўра»

FR4978 рейси белгиланган маршрутни ўзгартириши flightradar124 сайтида қайд этилган, унда самолёт Литва чегарасига етай деб қолганида ортга қайрилиб, шарқ томонга, Минскка учгани акс этган.

Беларусь президенти Александр Лукашенконинг администрациясига яқин бўлган «Пул Первого» канали самолёт билан боғлиқ вазият давлат раҳбари назоратида турганини маълум қилган.

Хабар қилинишича, «бош қўмондон топшириғи билан йўловчи самолётга ҳамроҳлик қилиш учун қирувчи самолёт ҳавога кўтарилган». Кейинроқ бу хабар сайтдан ўчирилган.

Беларусь мудофаа вазирлигидагиларнинг маълум қилишича, мамлакат ҳаво кенгликларидаги самолётда бомба бўлиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотдан сўнг, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари шай ҳолатга келтирилган, бортида 120 нафардан ортиқ йўловчи бўлган самолёт эса Минск аэропортига МиГ-29 қирувчиси ҳамроҳлигида олиб келинган.

Кейинроқ Беларусь тергов қўмитаси ҳаво кемасида бомба борлиги ҳақидаги ёлғон хабар юзасидан жиноий иш очилганини маълум қилди.

Ўхшаши йўқ ҳодиса

Гарчи йўловчи авиалайнерлар миналаштирилгани ҳақидаги хабарлар янгилик бўлмаса-да, экспертлар Ryanair рейсини мажбуран қўндириш учун ҳавога қирувчи самолётлар чиқарилишини уникал ҳодиса деб аташмоқда.

Биринчи тоифали учувчи, «Аэрофлот» учувчиси Андрей Литвинов FR4978 рейси билан рўй берган ҳодисани ёввойилик деб атади.

«Бортда бомба борлиги хабар қилинганда, самолётни қайси аэропортга шошилинч қўндиришни об-ҳаво шароитини, аэропортнинг бу типдаги самолёт қўниши учун қай даражада мослигини ва қўниш чизиғи мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда учувчилар ҳал қилишади. Қайси мамлакат устидан учаётгани аҳамиятли эмас - у шу ва бошқа шу каби параметрлардан келиб чиққан ҳолда аэропорт танлайди», дейди учувчи BBC рус хизмати корреспонденти билан суҳбатда.

«Яна бир бор айтаман - қарорни командир қабул қилади, бу ҳолатда қирувчи самолётларнинг ёрдамига ҳожат йўқ. Улар қайсидир аэропортга қўнишга буйруқ беришга ҳақли эмас, бу фақат командирнинг қарори бўлиши керак», дея қўшимча қилган Андрей Литвинов.

Унинг изоҳлашича, бортдаги бомба ҳақидаги хабар учувчига ёки ФСБ билан алоқадор бўлган диспетчер орқали, ёки Парвозларни бошқариш маркази телеграммаси орқали келган. Унинг сўзларига кўра, қирувчи самолётларни ҳавога кўтариш ҳаво кемасининг йўлини тўсиш ҳисобланади ва бу каби чора истисноли ҳолатлардагина қўлланади.

«Менда бир ҳолат бўлганди, бортдаги маст йўловчи ўзини террорчи деб атаган. Бундай вазиятларда учувчи ердагиларга кема қўлга олингани ҳақида хабар беради ва ўшанда қирувчи самолётлар катта фожианинг олдини олиш учун самолёт томон йўл олишади: масалан, агар террорчи учувчини самолётни аҳоли турар жойларига йўналтиришга мажбурласа. Улар вазият буткул назоратдан чиқиб кетганда ва учувчи қўнишдан бош тортганда самолётни уриб тушириш учун керак бўлади. Менга қўниш давомида икки қирувчи самолёт ҳамроҳлик қилган ва бу учувчилар учун ҳам, йўловчилар учун ҳам улкан стрессдир», - дея ҳикоя қилади учувчи.

Беларусь ҳукумати Протасевични нималарда айблаган?

2020 йил ноябрида Беларусь давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) Протасевични Nextа каналининг яна бир бошқа асосчиси Степано Путило билан бирга террорчилар рўйхатига тиркаганди.

Бундан ташқари, Беларусь Тергов қўмитаси Путило ва Протасевичга қарши Минскда оммавий тартибсизликлар ташкиллаштириш, ҳукумат вакиллари ва милицияга нисбатан ижтимоий душманлик уйғотиш бўйича жиноий иш қўзғатган. Бу моддалар мос равишда 15 ва 12 йиллик озодликдан маҳрум этиш жазоларини кўзда тутади. 

Nexta телеграм-канали ва унинг логотипи Беларусь ҳудудида эктремистик материаллар деб эълон қилинган. Шунингдек, ҳозирда Протасевич ишлаётган «Беларусь головного мозга» канали ҳам экстремистик деб топилган.

Nexta — 2020 йил август ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларидан кейин Александр Лукашенкога қарши норозилик намойишлари бошланиши натижасида машҳурликка эришган биринчи рақамли мухолифат ресурси ҳисобланади. Канал таҳририяти Польша пойтахти Варшавада жойлашган.

Мавзуга оид