Ўзбекистон | 10:20 / 23.05.2021
8257
4 дақиқада ўқилади

“Кўзимни очиб болам нафас олаётганига шукур қиламан” – оққонни енгишда мадад бўлайлик

 Ўтган ҳафта Тошкентдаги Гематология марказида ўзига хос эсда қоларли воқеалар бўлди. Шахсан давлат раҳбарининг бемор болалардан хабар олиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаган эди. Беморларнинг тузалишига қаратилаётган эътибор ва маблағлар уларнинг тезроқ соғайиши учун хизмат қилади. Аммо бу касаллик узоқ ва қатъий даволанишни, парваришни талаб қилиши ҳар қандай оилани ҳам чарчатиб қўяди.

Достон Шойимқулов

“Қизим менсиз қандай катта бўлади?”

Бир қизалоқнинг отаси бўлган Достон бу хасталикнинг бошланишини оддий тиш оғриғи ва чарчоқ, ҳолсизлик билан бошланганини айтади. “Қон таҳлилларим менда шу касаллик борлигини кўрсатди. Қизим менсиз қандай катта бўлиши, ота-онам менсиз нима қилишларини ўйлаб сиқилдим. Қўлимдан бирор иш келмаслигидан, ота-онамга ёрдам беролмаётганимдан афсусланаман”, – деб ўйланади у.

“Онкогематология деган ёзувни кўриб миямга бир нарса билан урилгандай бўлди. Мен ўйлаган нарса бўлиб чиқмасин деб Худога ёлвордим. Ўзимни қўярга жой тополмай қолдим” дейди онаси Гулчеҳра опа.

  • Достон Шойимқуловга оид маълумотлар:
  • Агробанк: 8600 0423 6032 3900 акаси Бобур Шойимқулов номида
  • Сбербанк: 4276 3801 6381 5140 қариндоши Жонибек Мусурмонов номида
  • Телефон: +998946586565 (бемор)

 “Шу дардни менга берса бўлмасмиди?”

3 яшар қизалоқ касаллик туфайли ўз эгизаги билан бирга ўйнаш, баравар югуриш бахтидан мосуво. Ҳаттоки умид йўқлигини ҳам айтишган. Аммо Аллоҳнинг марҳамати билан қизчада яхши томонга ўзгариш бўлган. Айни пайтда муолажаларни давом эттириши зарур.

Фотима Ғофурова

“Баъзида қайсидир гуноҳим учун болам хасталикка чалиндими деб ўзимни айблайман. Шу дардни менга берса бўлмасмиди? Ҳар куни кўзимни очиб болам ёнимда эканлигига, нафас олаётганлигига шукур қиламан” деб йиғидан ўзини тўхтатолмайди онаси Саида.

  • Фотима Ғофуровага оид маълумотлар:
  • Агробанк: 8600 0423 0328 7030 онаси Саида Содиқова номида
  • Халқ банки: 8600 0604 0872 4558 онаси Саида Содиқова номида
  • Телефон: +998991761024 (онаси)

 Онанинг ўрнини ҳеч ким босолмайди

Самарқандлик Ҳусния опа оққон сабаб 5 ойдан бери шифохонада. Шифокорларнинг дори-дармонлари, қон қуйишлари билан умр кечирмоқда. Лекин айни вақтда унга илик кўчириш операцияси лозимлиги сабаб яхши инсонларнинг кўмагига муҳтож. Опанинг турмуш ўртоғи унинг операциясига пул топиш мақсадида хорижга ишлаш учун кетган. Унинг юборганини ҳам рўзғордан орттириш мушкул: 3 фарзанддан фақат катта қизини турмушга узатишган. Куёви вафот этганлиги сабабли невараси ва қизи ҳам унинг қарамоғида.

Ҳусния Раҳимова

“Опам қийналиб кетди, ўзини ўйламаса ҳам фарзандларини ўйлаб сиқилади жуда. Аҳволи оғирлашганда “болаларимга ўзинг бош бўласан” дейди. Ҳеч ким онанинг ўрнини босолмайди ахир”, дея йиғлайди синглиси Мусаввара опа.

Ҳусния Раҳимовага оид маълумотлар:

  • Агробанк: 8600 0417 3901 5072 Ҳусния Раҳимова номида
  • Сбербанк: 4817 7601 9785 9378 қариндоши Ҳамза Хайруллаев номида
  • Телефон: +998942593868 (бемор)
  •  “Ота-онамга қийин бўлди”

27 ёшли Жаҳонгирнинг касаллик билан курашуви осон кечмаяпти. Дардга бардош бериш, оғриқларни енгиш билан бирга ички изтироблар ҳам йигитга азоб беради.

Жаҳонгир Ҳайдаров

“Дадам дам олмайди, менинг дориларимга пул топиш учун тинмай кира қилади. Айни уларга қалқон бўладиган пайтимда ётиб қолганимга афсусланаман”, дея ўкинади у. Жаҳонгир бу дардга 3 йил аввал чалинган, қайталаниб қолгани сабабли яна муолажаларни давом эттиряпти. Айни пайтда шифокорлар унга илик кўчириш операцияси зарурлигини айтишган.

Жаҳонгир Ҳайдаровга оид маълумотлар:

  • Халқ банки: 8600 0610 9237 9550 Жаҳонгир Ҳайдаров номида
  • Сбербанк: 4276 4000 7386 6981 қариндоши Умиджон Ҳайдаров номида
  • Телефон: +998995304713 (отаси)

 Халқимизда савоб ишларни кўпроқ адо этишга мойиллик азалдан бор. Зеро, маблағ бўлмаса бир ҳовуч дуо ҳам эҳсон ўрнида ўтади. Дуоларимиз ва эҳсонларимиз туфайли фарзандлар ота-онасидан, ота-оналар эса фарзандларидан жудо бўлмасликларига сабаб бўлсак ажаб эмас.

 Гулмира Тошниёзова тайёрлади
Тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид