Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Якуний имтиҳонлар ва ҳимояларни аудиторияда ўтказиш танлови устувор – Абдували Холиқов
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқовнинг қайд этишича, якуний имтиҳонлари ва БМИ ҳимояларининг сифатли бўлиши, талабанинг ҳам, ОТМнинг ҳам рози бўлиши учун уларнинг онлайн эмас, аудиторияда ўтказилгани маъқул. Агар ҳудуддаги коронавирус билан боғлиқ вазият имкон бермаса, ўша ҳудуддаги ОТМ якуний имтиҳонлари ва БМИ ҳимояларини онлайн ўтказса бўлади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов Xpress.uz’га берган интервьюсида ОТМларда бу йилги якуний имтиҳонлар ва битирув малакавий ишлари ҳимояси онлайн тарзда ўтказилиши ёки аудиторияларда бўлиши борасидаги саволга жавоб берди.
«Бугунги кунда олий таълим муассасаларида анъанавий тарзда таълим олаётган талабаларнинг асосий қисми – битирувчилар. Кўпгина ОТМларда бакалаврда ўқиётган битирувчи курс ва магистратуранинг 2-босқичида ўқиётган талабаларнинг ўқиши онлайн шаклга ўтказилмаган. Ёки барча курс талабаларининг дарслари онлайн таълимга ўтказилмаган ОТМлар ҳам бор.
ОТМларда онлайн таълимга ўтилиши ҳудуддаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда туман, шаҳар санитария-эпедимиология хизмати ходимларининг хулосалари билан белгиланган тартибда амалга оширилмоқда», дея маълумот берди Абдували Холиқов.
Вазирлик расмийсининг сўзларига кўра, 14 кунлик ёки ундан узоқроқ карантин муддатларининг жорий этилаётгани ва онлайн таълимга ўтилаётгани битириш муддатларига таъсир кўрсатмайди. Ҳар бир ОТМ ўз илмий кенгашининг қарорлари билан бу жараёнларни назоратга олган, вазирлик эса бу жараёнга оид маълумотларни, статистикаларни тўплаб бормоқда.
«Талабалар “таълим онлайн олиб борилди, энди якуний назорат офлайн ўтаркан. Бу тўғрими?” деб ўйлашлари мумкин. Бу – ҳаммаси тўғри. Ёшлар, аввало, билим олиш учун олий таълим муассасасига кирганини ҳис қилиши керак. Талаба ОТМда қўйилган тартиб ва талаб бўйича ўқиши керак. ОТМ ҳам фақат ўзининг манфаатини кўзлаб, талабани ўйламасдан қарор қабул қилмайди. Биринчи навбатда, таълим сифатини сақлаган ҳолда таълим жараёнини бошлаш ва тугатиш керак.
Дарс жараёнлари ва якунийларни ҳам тўла онлайн ўтказадиган бўлсак, бу эртага бошқа муаммоларни келтириб чиқаради. Яъни якуний имтиҳонларда талабанинг билимига қараб баҳолаш мувозанатдан чиқиб кетиб қолади, ўтган йили шундай ҳолат кузатилган. “Мен яхши ўқигандим, онлайнда яхши имтиҳон топшира олмадим”, “У платформага умуман кирмаганди, якунийда шунақа балл олди” деган эътирозлар бўлмаслиги учун барчаси очиқ-ойдин аудиторияда бўлиши талаба учун ҳам, олий таълим муассасаси учун ҳам тўғри бўлади», дея қайд этди Абдували Холиқов.
Бош бошқарма бошлиғининг таъкидлашича, агар ОТМ жойлашган ҳудудда коронавирус билан боғлиқ ҳолат барқарор бўлмаса, унда имтиҳонлар ва битирув малакавий ишлари ҳимоясини онлайн ташкил қилиш ҳам мумкин бўлади.
«Агар бирор ҳудудда касаллик ҳолатлари кўп бўладиган бўлса, имконият мавжуд бўлмаса, ОТМ имтиҳонларни онлайн қилиши мумкин. 2020 йилда ҳам бу амалга оширилган. Лекин ҳар ҳолда сифатли ҳимоя бўлиши, имтиҳонларнинг сифатли ўтиши ва икки томоннинг ҳам рози бўлиши лозимлигини ҳисобга оладиган бўлсак, имтиҳонларнинг аудиторияда бўлиши танлови биринчи ўринда туради», деди у Xpress.uz’га берган интервьюсида.
Мавзуга оид
14:25 / 31.03.2025
“Қатъий назоратга оламиз” – вазирлик грантларни қайта тақсимлаш жараёни адолатли ўтишини билдирди
18:41 / 09.08.2023
Сиртқи таълим шакли босқичма-босқич масофавий таълимга ўтказилади - Абдували Холиқов
10:29 / 22.06.2023
Янги ўқув йили қабулига оид матбуот анжумани ўтказилди – асосий маълумотлар
17:58 / 17.05.2023