Kun.uz сайти ходимларининг Telegram аккаунтига бузиб киришга уриниш ҳолатлари такрорланди
Kun.uz сайти ходимларининг Telegram аккаунтларини бузиб киришга бўлган уриниш ҳолатлари давом этмоқда.
Сўнгги бир ой давомида Kun.uz сайтида фаолият олиб борувчи 3 нафар масъул ходимга тегишли бўлган Telegram аккаунтларни бузиб киришга бўлган уриниш ҳолатлари такрорланди.
Ажабланарлиси, бу жараёнда Telegram мессенжерининг мажбурий қоидаларига зид равишда аккаунт эгалари (Kun.uz ходимлари)нинг аккаунтига ҳам, телефон рақамига ҳам тасдиқлаш коди етиб келмаган.
Навбатдаги икки ходимнинг Telegram'ига киришга уринишларнинг бири номаълум шахслар учун муваффақиятли якунланган. Ходимнинг Telegram'ига кириш ярим тунда, аниқроғи тунги соат 01:30ларда содир бўлган ва тонгги 04:00ларга қадар (ходим буни сезиб қолганига қадар) унинг шахсий ёзишмаларини кўздан кечиришга улгуришган.
11 майга ўтар кечаси яна бир ходимнинг Telegram аккаунтини бузиб киришга уриниш кузатилди. Яна соат 1:30 атрофида амалга оширилган уриниш Telegram мессенжерининг икки босқичли аутентификация функцияси фаоллаштирилгани туфайли охирига етмай қолган. Ушбу ходим телефон рақамига тасдиқлаш коди келмагани бўйича изоҳ олиш учун мобил алоқа операторига қўнғироқ қилган, аммо компания ходимлари вазиятни изоҳлай олишмаган.
Шу билан бирга, айнан шу ходимнинг Gmail почтасига бузиб кирилган, аммо почтага уланмагани туфайли Telegram аккаунтни бузиб киришга муваффақ бўлинмаган.
Шу йил апрел ойида таҳририят ходимининг Telegram'ига номаълум фойдаланувчиларнинг киргани ҳолатини тафтиш қилишни сўраб ходим АКТ вазирлигига мурожаат йўллаганди. Мазкур мурожаат айни дамда вазирлик тизимига қарашли масъул идора томонидан кўриб чиқилмоқда.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини кибер ҳужумлардан ҳимоялаш учун масъул бўлган идоралардан ушбу хатти-ҳаракатларни содир этган шахс(лар)ни аниқлашда амалий ёрдам беришни сўраб қоламиз.
Мавзуга оид
18:03 / 03.11.2024
Telegram мини-иловалар учун янги функцияларни жорий қилади
19:23 / 02.11.2024
Белгия Telegram терговида Франция билан ҳамкорлик қилади
22:06 / 01.11.2024
Туркия парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни кўриб чиқади
19:06 / 01.11.2024