Жаҳон | 20:07 / 24.05.2021
7255
2 дақиқада ўқилади

Минск ҲАМАС жангарилари Ryanair самолётини портлатиш билан таҳдид қилганини билдирди

Таъкидланишича, электрон мактуб муаллифлари самолётни Вильнюс устида портлатиш билан таҳдид қилган.

Ryanair авиакомпанияси самолёти миналаштирилгани тўғрисидаги электрон мактуб муаллифлари лайнерни Вильнюс устида портлатиш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда Беларусь транспорт ва коммуникациялар вазирлиги авиация департаменти директори Артём Сикорский айтди.

Унинг сўзларига кўра, мактубда ЕИдан Исроилни қўллаб-қувватлашни тўхтатиш талаб қилинган. Сикорскийнинг аниқлик киритишича, электрон хабар инглиз тилида ёзилган.

«Биз, ҲАМАС аскарлари Исроилдан Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишни талаб қиламиз. Биз ЕИ Исроилни бу урушда қўллаб-қувватлашдан воз кечишини талаб қиламиз. Delphi Economic Forum қатнашчилари уйларига FR4978 рейсида қайтишлари маълум. Бу самолётга бомба қўйилган. Талабларимизни бажармасангиз, бомба 23 май куни Вильнюс устида портлайди», — дея хабар матнини келтирди Сикорский.

Эслатиб ўтамиз, 23 май куни Минск аэропорти матбуот хизмати Афинадан Вильнюсга учган самолёт «миналаштириш» ҳақидаги хабардан сўнг мажбуран қўндирилганини маълум қилганди.

Самолёт миналаштирилгани тўғрисидаги хабар тасдиқланмади ва Беларусь тергов қўмитаси бу бўйича жиноят иши қўзғатди.

Самолёт бортида Беларусда экстремистик деб тан олинган NEXTA Telegram-каналининг собиқ муҳаррири ва асосчиларидан бири Роман Протасевич бор эди. У қўлга олинган.

Мавзуга оид