Жамият | 15:43 / 24.05.2021
6388
3 дақиқада ўқилади

«Қизим ўлиб қолишини истамайман» — 3 ёшли қизнинг митти юраги яхшилар кўмагига муҳтож

Ҳаёт тотли неъмат эканини қачон англаймиз? Қачонки, бошимизни ёстиққа қўйганда. Соғлиқ кетгач, ҳаётнинг маъносини ҳам тушуниб борамиз. Инсон ўз танасида оғриқни ҳис қилиши бир дард бўлса, жигарбанди бетоб бўлса, бу дард минг каррасига ошиб кетиши аниқ.

Самарқанд вилояти, Қўшработ тумани, Қўрғон маҳалласи, Камар қишлоғида истиқомат қилувчи Меҳринисо Қиличева фарзандининг бемор қалби қийналаётганини кўриб, ҳар куни минг ўлиб-тирилмоқда. Меҳринисо опанинг қизи Гулдона Баҳромова – 3 ёшда, унга шифокорлар туғма юрак пороги ташхисини қўйишган. Туғилганидаёқ бу касалликдан азоб чекаётган Гулдонанинг ота-онаси шу пайтгача уни туман ва вилоят шифохоналарида қаратишган. Шу пайтгача қизчанинг аҳволи қониқарли, деб дори-дармон қилинган. Гулдона операция қилиниши кераклигини ҳам айтишган, аммо оиланинг бунга қурби етмади. Ёрдам сўраб, туман ҳокимиятига мурожаат қилинган, лекин ҳеч қандай кўмак берилмади.

 Гулдонанинг дадаси – Салоҳиддин Қиличев оиланинг ягона боқувчиси бўлиб, туман марказида алоқа компаниясида монтёр бўлиб ишлайди. Қизчадан ташқари оилада яна икки фарзанд бор. Уларнинг энг кичиги — Элбекжон оёғида нуқсон билан туғилган, уни даволашга ҳам маълум миқдорда харажат сарфланмоқда. Бу ёқда эса Гулдонанинг митти юраги жарроҳлик амалиётига муҳтож. Икки тарафдан ҳам азоб чекаётган оила яхшилар кўмагидан умид қилмоқда.

 Қизчанинг аҳволи кун сайин ёмонлашиб бормоқда: кўп ҳаракат қилса, тез чарчаб қолади, кучли терлаш мавжуд. Уни Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази кардиохирургия бўлимига олиб боришганда, шифокорлар зудлик билан жарроҳлик операцияси қилиниши кераклигини айтишди. Операция ва дори-дармонлар учун жами 30 миллион сўм зарур.

 Онасининг айтишича, Гулдона эндигина 3 ёшга тўлган бўлса-да, қандай касаллик билан оғриётганини тушунади. Ҳар доим Аллоҳдан тузалиб кетишини сўрайди. Жажжи қалбнинг тузалиб кетиши учун сабабчи бўлсангиз, бир оилага бутун умрга етгулик бахт тақдим этасиз. 

Гулдона Баҳромовага оид маълумотлар:

Халқ банки (UZCARD) 8600 0609 0613 7758 (онаси Қиличова Меҳринисо номида)

Алоқабанк (HUMO) 9860 1901 0977 1633 (отаси Қиличов Салоҳиддин номида)

VISA  4847 9950 3254 2870 (отаси Қиличов Салоҳиддин номида).

Телефон: +99893 037 8479

Муҳаббат Маъмирова тайёрлади,
Тасвирчи – Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид