Иқтисодиёт | 22:16 / 24.05.2021
23902
5 дақиқада ўқилади

Шерзод Қудбиев ёшлар билан учрашувда ҚҚС ҳақида сўраган журналистни этикага риоя қилмасликда айблади

Резонансга сабаб бўлган «обнал» можароси бошланганига 3 ойдан ошган, солиқчилар қатор судларда ютқазаётган бўлса-да, Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев бу масалада матбуот анжумани ўтказмай келмоқда. Бироқ у шу ҳақда ёшлар билан учрашув вақтида савол берган журналистни «ҳайп қилиш»да айблади.

Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев 24 май куни «Тошкент 5 ташаббус ҳаракати» тадбирлари доирасида ёшлар билан учрашди. У мулоқот вақтида «обнал иши» ҳақида сўраган журналистни «ҳайп учун» савол бермасликка чақирди.

Учрашувда журналист бош вазир ўринбосари Сардор Умрзоқов бошчилигидаги ҳукумат комиссияси Бухородаги тадбиркорлар билан учрашувда бир неча миллиард сўмлик ҚҚС бўйича ундирувни бекор қилиш борасида қарор қилгани, аммо Солиқ қўмитаси буни тан олмасдан рад қилгани борасида савол берди.

ДСҚ раиси Шерзод Қудбиев қўмита бу топшириқни «сўзсиз бажаргани»ни иддао қилди.

«Яна кўпчиликни бу масала қизиқтираётган бўлса керак-а? Биз ўзи ёшлар билан учрашув қиляпмизми ёки ҚҚС масаласини муҳокама қиламизми? Вақтимиз чекланган, шунинг учун ёшларга имконият беришни илтимос қилган бўлардим. Бу саволдан қочиш эмас. Бир марта жавоб бераман. Рухсат берсанглар, этика нуқтайи назаридан кўпроқ ёшларга имкон берсак, ёшлар билан гаплашсак, кейин 10 дақиқача вақт ажратиб, ҚҚС маъмурчилиги бўйича бўлаётган вазиятни ёритиб беришим мумкин.

Синглим, сизга бир савол, ўша топшириқни ўқиганмисиз? Бу биринчи савол. Иккинчи савол, у ерда [ҚҚСни] қайтариб берсин деган жойи борми? Aгар топшириқни ўқиган бўлсангиз, у ерда ҚҚС қайтариб берилсин деган гап йўқ. Суд масаласи ҳақида шошмай туринг. Топшириқ ҳақида сўраяпсиз. Сиз ўзингиз ўша протоколни ўқиганмисиз деб савол беряпман. Протоколни ўқимасдан туриб, шунча ёшнинг вақтини олиб, ҳайп учун бу саволни менга беришингиз этикага қанчалик тўғри келади?

У ерда бундай топшириқ берилмаган. У ерда, адашмасам, 587тами ёки 589тами контрагент тўғрисида савол бўлган ва шуни қайтариб бериш юзасидан чоралар кўриб чиқилсин, деган жумла ёзилган. Яъни биз ҳукумат комиссияси топшириғини сўзсиз бажарамиз, Солиқ қўмитаси бу топшириқни бажарган ва биз қайтариб бериш чораларини кўрганмиз.

Ҳозир рақамларда адашишим мумкин, тахминан 150га яқин контрагентга ҚҚС пулини қайтариб берганмиз. Яна бир қисмини – тан олганларини бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берганмиз. Тахминан 30 фоизига пулни қайтариб беришни мутлақо рад этганмиз ва бу бўйича ҳукуматга ахборот киритганмиз.

Бу фақат Бухоро вилояти бўйича бўлгани йўқ, маъмурчилик Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида бир хил амалга оширилади», – деди Қудбиев.

ДСҚ журналистни комиссия баённомасини ўқимасдан савол беришда айблаган, бироқ таъкидлаш лозим, баённома очиқ манбаларда эълон қилинган эмас.

Ҳукумат комиссияси ДСҚга Бухоро вилоятидаги 907та тадбиркорлик субъектидан «обнал иши» бўйича 47 миллиард сўмлик солиқ ундирувини бекор қилиш топшириғини берган.

Бу ҳақда Kun.uz ўз манбасига таяниб, 23 апрелда хабар берганди. Шундан сўнг қўмита матбуот хизмати бўлиб-бўлиб тўлашга имкон берилганини айтиб чиққан, аммо Kun.uz'нинг аниқлаштирувчи қўшимча саволларига жавоб бермаганди.

Солиқ қўмитасига шундай вазифа юклатилганини 24 май куни бош вазир ўринбосари, ҳукумат комиссияси раиси Сардор Умрзоқов ҳам тасдиқлади.

«Ҳақиқатан бундай қарор қабул қилинган. Бу қарор ижросини Вазирлар Маҳкамаси қошидаги алоҳида тузилган инспекция ва Бош прокуратура назоратга олиши керак. Сиз айтган гапингиздан кейин бориб топшириқ бераман. Улар менга ҳисобот беради. Лекин ҳукумат комиссиясининг қарорлари ҳамма учун мажбурий. Президентимизнинг фармонлари билан алоҳида белгиланган. Комиссия қарорлари белгиланган муддатда бажарилмаган бўлса, буни бажармаган масъулларга тегишли чоралар кўрилади», – деди Kun.uz саволига жавобан Сардор Умрзоқов.

Мавзуга доир:

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид