Ўзбекистон | 23:46 / 24.05.2021
10083
3 дақиқада ўқилади

Хусусий ва ДХШ-боғчаларга янги имтиёзлар берилади

Хусусий боғчаларнинг электр энергияси ва табиий газ тўловининг 50 фоизини давлат қоплаб беради. ДХШ-боғчаларда болалар учун харажатларнинг 75 фоизи қопланади. 2 мингта оилавий боғча ташкил этилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 24 май куни ҳудудларда мактабгача таълим муассасалари қамровини кенгайтириш масалалари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

Расмий релизга кўра, охирги тўрт йилда боғчалар сони 5 200 тадан 18 300 тага ошган. Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 2 баробар ортиб, 60 фоизга етган.

Давлат томонидан берилган имконият ва имтиёзлар натижасида хусусий ва оилавий боғчалар ҳам кўпайди. Бугунги кунда барча мактабгача таълим муассасаларида 1,7 миллион бола тарбияланмоқда.

Лекин, бу ишлар ҳали етарли эмас. 53 та туманда боғчалар етишмайди. Масалан, Сурхондарё вилоятининг Бандихон, Денов, Қумқўрғон, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи, Қамаши ва Китоб, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманларида қамров даражаси жуда паст.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда соҳадаги шу каби камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Уларни бартараф этиш, мактабгача таълим қамрови ва сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Мазкур 53 та туманда 34 минг ўринли 2 мингта оилавий боғча ташкил этиш чоралари белгиланди. Бундай боғчаларга қўшимча ишчи ёллашга рухсат бериб, қабул қилинадиган болалар сонини икки баробар ошириш таклифи маъқулланди.

Давлат раҳбари асосийси таълим-тарбия мазмуни эканини таъкидлаб, оилавий боғчаларга ўқув қўлланма ва методик материалларни бепул етказиб бериш вазифасини қўйди. Бунинг учун давлат томонидан жами 30 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, бундай муассасаларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш учун 5 фоиз ставкада 30 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар берилади.

Олис ҳудудларда мактабгача таълим қамровини кенгайтиришнинг яна бир манбаси – давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчалардир. Бугунги кунда бундай муассасаларда бир бола учун 50 фоиз харажатлар субсидия қилиб келинмоқда.

Йиғилишда ушбу субсидия миқдорини 75 фоизга етказиш, хусусий боғчаларнинг электр энергияси ва табиий газ тўловининг 50 фоизини давлат бюджетидан қоплаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Бундан ташқари, пандемия сабабли тўлиқ қувватда ишламаган ДХШ боғчаларнинг кредитлари бўйича асосий қарз тўлови муддати ҳам йил якунига қадар узайтирилди.

Давлат томонидан янги боғчалар қуриш ишлари ҳам давом эттирилмоқда. 2021-2022 йилларда 23 та туманнинг олис ва чекка ҳудудларида 50 та МТМ барпо этиш режалаштирилган. Бунинг учун қамров даражаси энг паст ва болалар сони 250 тадан ошган 50 та маҳалла танлаб олинган.

Президент ушбу боғчаларни илғор хорижий тажриба асосида қуриш, замонавий жиҳозлар ва қўлланмалар билан таъминлаш юзасидан топшириқлар берди.

Мактабгача таълим муассасаларининг 12 минг нафар ходимини ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли курслар ташкил этилиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу йиғилишда мактабгача таълим вазирининг биринчи ўринбосари ишдан олингани, қолган ўринбосарлар ва ҳудудий бошқармалар раҳбарлари «вазифасини бажарувчи» мақомига ўтказилгани хабар қилинганди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид