Иқтисодиёт | 11:00 / 25.05.2021
6608
3 дақиқада ўқилади

Инновация вазирлиги биотехнологиялар соҳасида 2,5 млрд сўмлик 3та стартап лойиҳани молиялаштиради

21 май куни бўлиб ўтган Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳайъати йиғилишида биотехнологиялар соҳасидаги 3 та стартап лойиҳа молиялаштирилиши маълум қилинди.

Вазирликнинг ҳайъати йиғилишида Стартап лойиҳаларни ўрганиш бўйича Илмий-техник кенгаш томонидан молиялаштиришга тавсия этилган лойиҳалар муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон президентининг «Биотехнологияларни ривожлантириш ва мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги қароридан келиб чиққан ҳолда, биотехнологиялар соҳасидаги стартапларни молиялаштириш масаласи кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, Илмий-техник кенгаш аъзолари томонидан 3 та лойиҳа молиялаштиришга тавсия қилинган бўлиб, лойиҳаларнинг умумий қиймати 2 485,8 млн сўмни ташкил этади. Жумладан:

  • 485,8 млн сўм қийматидаги «Фарғона водийси шароитида ток, мевали дарахтлар ва сабзавот ўсимликларининг йирик генетик ресурсларини тирик ҳолда сақлаш, иқлимлаштириш ҳамда биотехнология асосида етиштириш ва кўпайтиришнинг интенсив агротехнологияларини яратиш» лойиҳаси бўлиб, ушбу лойиҳа доирасида 400 дан ортиқ мева-сабзавот ва узум навларининг истиқболли навларини яратиш ва иқлимлаштириш кўзда тутилган;
  • 500 млн сўм қийматидаги «Қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари учун пастереллёз, сальмонеллёз ва колибактериоз қарши вакциналар» стартап лойиҳаси вакциналарни биореакторда саноат ҳажмида чиқариш имконини беради. Талабга қараб бир йилда 100 литргача вакцина ишлаб чиқариш йўлга қўйилади;
  • 1500 млн сўмлик «Сорго ва сориз (гуруч ва маржумакнинг ўриндоши) маҳсулотларини етиштиришнинг интенсив технологияси» стартап лойиҳаси дунёда кенг тарқалган, лекин юртимизда мавжуд бўлмаган бошоқли экинларни етиштиришга қаратилган. Бу ўсимликларни тупроқ унумдорлиги паст майдонларда ҳам экиш мумкин, кўп сув талаб қилмаслиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Донидан аҳоли учун озиқ-овқат сифатида фойдаланилса, пояси, барглари чорвачилик моллари учун ем сифатида ишлатилади.

“Мазкур лойиҳалар Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Ижро этувчи дирекцияси томонидан бирламчи ҳужжатлар асосида 15 иш кун давомида лойиҳаларнинг ижрочи ташкилотлари билан ўрнатилган тартибда шартнома тузиш орқали молиялаштирилади”, дейилади вазирлик матбуот котибининг Kun.uz’га берган маълумотида.

Аввалроқ, Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати 2021 йилда инновацион илмий тадқиқотларни бюджетдан молиялаштиришга 514,2 млрд сўм ажратилаётгани ҳақида маълумот берган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид