Жамият | 18:44 / 25.05.2021
10227
9 дақиқада ўқилади

Онлайн аукциондан мулк ютган тадбиркор ўз мулкига эгалик қилолмай, йиллаб овора бўлмоқда. Бу сафар бош ролларда – сирдарёлик судьялар

«FAYZ ORIGINAL SAVDO» МЧЖ томонидан 2019 йил 3 июнда “E-IJRO AUKSION”да ўтказилган аукцион савдоларида Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳар, Маҳалла ҳудудида жойлашган турар жой биноси сотиб олинади. Бироқ бошқа бир қатор фуқаролар каби «FAYZ ORIGINAL SAVDO» МЧЖ таъсисчиси Обиджон Қурбонов ҳам аукциондан мулк ўрнига бошоғриғи сотиб олган бўлиб чиқди.

О.Қурбонов бинога мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида муаммога дуч келади.

Иш ҳужжатларидан маълум бўлишича, Гулистон шаҳар ҳокимининг 2006 йил 7 февралдаги 75-сонли қарорига асосан Отабек Бобоев (аукционга қўйилган бинонинг собиқ эгаси)га Гулистон шаҳар, “Маҳалла” ҳудудидан 6 сотих ер майдони уй-жой қуриш учун ажратиб берилади.

О.Бобоев ушбу ер майдонида турар жой биносини қуриб, 2010 йил 30 март куни кадастр ҳужжатларини расмийлаштиради. 2010 йил 29 июнда Халқ банки Сирдарё вилоят филиали билан кредит шартномаси тузиб, 49 млн сўм маблағ олади. Кредит таъминоти сифатида нотариал тасдиқланган гаров шартномаси асосида юқоридаги турар жой биносини гаровга қўяди.

Кредит маблағлари ўз вақтида қайтарилмагани сабабли банк даъвоси бўйича суд ҳал қилув қарори чиқариб, 2018 йил 18 июл куни берилган ижро варақасига биноан кредит бўйича қарздорлик ундируви гаровга қўйилган турар жой биносига қаратилади. МИБ Гулистон шаҳар бўлими томонидан ижро доирасида турар жой биноси “E-IJRO AUKSION”да онлайн аукционга қўйилади.

2019 йил 3 июн куни «FAYZ ORIGINAL SAVDO» МЧЖ таъсисчиси О.Қурбонов аукционда ғолиб бўлиб, 6 сотих ерда жойлашган турар жой биносини 127 млн сўмга сотиб олади. Унга расмийлаштириб берилган аукцион баённомаси асосида бинога нисбатан кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш мақсадида Сирдарё вилоят “Ермулккадастр” давлат корхонаси Гулистон шаҳар филиалига мурожаат қилганида ушбу бинога нисбатан М.Исакова ва С.Махсумовларнинг номига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилганлиги аниқланади. Шу сабабли кадастрчилар бинони расмийлаштириб бера олмасликларини айтиб, рад жавобини беришади.

Бундан норози бўлган О.Қурбонов Гулистон шаҳар маъмурий судига ариза билан мурожаат қилиб, Сирдарё вилояти Ертузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси томонидан Гулистон шаҳри, Фарход маҳалласи ҳудудидаги уй-жой бўйича фуқаро Матлуба Исакованинг 2012 йилдаги аризаси асосида расмийлаштирилган “Ермулккадастр” ҳужжатини ҳақиқий эмас, деб топишни ҳамда жавобгар Сирдарё вилоят Ертузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси зиммасига бинога нисбатан мулкий ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш мажбуриятини юклашни сўрайди.

Ариза мазкур суд томонидан кўриб чиқилиб, 2020 йил 9 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан қаноатлантиришдан рад этилади.

Шундан сўнг, 2020 йил 10 октябрда «FAYZ ORIGINAL SAVDO» МЧЖ раҳбари Гулистон шаҳар ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, “E-IJRO AUKSION” орқали сотиб олган биносига нисбатан М.Исакова ва С.Махсумовларнинг номига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилганлиги аниқланганини, шу сабабли уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўрайди.

Мазкур ҳолат юзасидан Гулистон шаҳар ИИО ФМБ 3-сон ИИБ тергов гуруҳи катта терговчиси Ш.Жўраев томонидан терговга қадар текширув ўтказилганда, қуйидагилар аниқланган:

Сирдарё вилоят Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр давлат корхонаси томонидан ўтказилган хизмат текширувининг 2020 йил 12 ноябрдаги 1919-сонли хулосасида М.Исакованинг кадастр рақами №12:10:06:03:01:0203 (эски рақами №12:10:06:01:02:0398) бўлган қурилиши тугалланмаган турар жойини кадастр йиғма жилдини тайёрлашда собиқ ходимлар – геодезия ва кадастр суратга олиш бўлими мутахассиси Муродов Бекзод Ғайбуллаевич ва кўчмас мулк бўлими мутахассиси Базаров Тахир Тургунович томонидан қонунбузарлик содир этилгани кўрсатилган.

Шунга кўра, терговчи Ш.Жўраев ўзининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб, жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида”ги қарорида юқоридаги ходимларнинг ҳаракатларида ҳужжатларни қалбакилаштириш ва улардан фойдаланиш қилмишлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “б” бандида кўрсатилган жиноятни содир қилганлиги, лекин ҳозирги вақтга келиб орадан 8 йил ўтганлиги туфайли жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетган, деб ҳисобланиб, айбдорларга нисбатан Жиноят кодексининг 64-моддаси ва Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида” хулосага келган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 269-моддасига кўра, суд ҳужжати қабул қилинган пайтда мавжуд бўлган, лекин аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, иш учун муҳим ҳолатлар қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўлиши белгиланган.

Шунга асосан, О.Қурбонов Гулистон шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 9 сентябрида қабул қилган ҳал қилув қарори янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқилиши лозим, деб ҳисоблайди ва шу мазмунда судга ариза ёзади.

Иш Гулистон туманлараро маъмурий суди томонидан кўриб чиқилиб, 2021 йил 26 феврал куни чиқарилган ҳал қилув қарорига кўра, «FAYZ ORIGINAL SAVDO» МЧЖ манфаатида киритилган ариза қаноатлантирилади. Яъни, 2012 йили М.Исаковага, 2014 йили худди шу объект бўйича С.Махсумовга расмийлаштирилган кадастр ҳужжатлари ҳақиқий эмас, деб топилади. Шунингдек, Давлат кадастрлар палатаси Гулистон шаҳар филиали зиммасига «FAYZ ORIGINAL SAVDO» МЧЖ 2019 йилда аукцион орқали сотиб олган кўчмас мулкига нисбатан мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш мажбуриятини юклайди.

Сохта ҳужжат асосида кадастр қилинган кўчмас мулкни 2014 йилда М.Исаковадан сотиб олган С.Махсумов суд қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти беради.

Апелляция инстанциясида ишни Сирдарё вилоят маъмурий суди кўриб чиқади. Ушбу суднинг иш бўйича 2021 йил 20 апрелда чиқарган қарори билан апелляция шикояти қаноатлантирилиб, Гулистон туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 26 февралдаги ҳал қилув қарори бекор қилинади ва иш бўйича янги қарор қабул қилинади. Унга кўра, «FAYZ ORIGINAL SAVDO» МЧЖнинг аризаси қаноатлантиришдан рад этилади.

Вилоят суди қандай қилиб бундай кутилмаган қарор чиқарди дерсиз?

Бунда суд муддатни ўтказиб юборганлик важидан фойдаланган. Яъни «FAYZ ORIGINAL SAVDO» МЧЖ бинога нисбатан кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича 2019 йил июлида Сирдарё вилоят “Ермулккадастр” давлат корхонаси Гулистон шаҳар филиалидан рад жавоби олиш ҳолатини судга мурожаат қилиш бўйича 3 ойлик муддатнинг бошланиши сифатида баҳолаган. Турли сабабларга кўра, маъмурий судга 2020 йил июнда берилган аризани вилоят суди 11 ой ўтиб кечикиб берилган ариза, деб топган ва муддат ўтказиб юборилган, деган асос келтирган.

Лекин негадир ундан кейинги воқеалар, яъни кадастрчилар томонидан ҳужжатлар сохталаштирилгани, ўзаро горизонтал жойлашган икки ер участкасининг вертикал қилиб қайта тақсимлаб қўйилгани каби ҳолатлар терговда ўз исботини топганига қарамай, вилоят суди бу ҳолатларни негадир янги очилган ҳолат, деб топмаган, балки истамагандир. Вилоят суди мантиғига кўра, мана шунча “ўйин”лардан кейин ҳам ер участкаси ва ундаги бинолар сохта тақсимот бўйича қолавериши керакка ўхшайди.

Гулистон туманлараро маъмурий судининг ҳар томонлама ва атрофлича ўрганиб чиқарган қарорини йўққа чиқариб, ўғринча ҳаракатларни қўллаб-қувватлаган вилоят судининг мақсади нима? Харсангтошдай бўлиб кўзга ташланиб турган фактларни зарра ўрнида кўрмаган ва бу фактларни ҳатто қарорда умуман тилга олмаган ҳайъат судьяларининг хатти-ҳаракатларини нима билан оқлаш мумкин? Қачонгача онлайн аукциондан мол-мулк сотиб олганлар айрим судьяларнинг нохолислиги туфайли она сути оғзига келиб йиллар давомида ўз мулкига эгалик қилолмай сарсон бўлиб юриши керак?

Афсуски, аукциондан мулк олганларнинг сарсон бўлиб юришида судьялар асосий роллардан бирини ижро этишда давом этмоқдалар.

Аббос Салайдинов

 Мавзуга оид:

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид