Ўзбекистон | 08:42 / 25.05.2021
4853
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хорижий тилларда эфирга узатиладиган телерадиоканаллар ишга туширилади

“Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳузуридаги Чет тилларини ўқитишнинг инновациявий методикаларини ривожлантириш республика илмий-амалий маркази фаолияти тугатилди. 

Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ҳузурида таълим ташкилотларининг хорижий тиллар педагогларининг малакасини ошириш бўйича мобил гуруҳлар ташкил этилади. 

Мобил гуруҳлар, энг аввало, олис ҳудудларда жойлашган ёки хорижий тилларни ўқитиш бўйича кўрсаткичи паст бўлган таълим ташкилотлари ўқитувчиларининг малакасини оширишга жалб этилади.

Негизида хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этиладиган умумий ўрта таълим муассасалари (207та) ҳамда уларга бириктирилаётган олий таълим муассасалари рўйхати тасдиқланди. 

Хорижий тиллар бўйича ўтказиладиган республика олимпиадаларида иштирокчиларнинг 4та кўникмасини (тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш) баҳолаш тартиби жорий этилади.

2022/2023 ўқув йилидан танланган умумтаълим мактаблари 4-синф битирувчилари, 2024/2025 ўқув йилидан эса 9-синф битирувчиларининг хорижий тилларни билиш даражасини аниқлаш бўйича махсус синов ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади.

Ҳар бир туман (шаҳар)да очиқ танлов ўтказилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан камида 2 нафар инглиз тили ўқитувчилари ва бир нафар бошқа хорижий тил ўқитувчиси хорижий давлатларга қисқа муддатли малака оширишга юборилади.  

2021 йил якунигача ОТМларда давлат-хусусий шериклик асосида ўқитувчи ва талабаларга хорижий тилларни ўқитиш марказлари (курслари) ташкил этилади. 

Шунингдек, 24 соат давомида хорижий тилларда эфирга узатиладиган телерадиоканаллар ишга туширилади. Бунда ҳар куни камида 3 соатлик дастур хорижий тилларни онлайн ўргатишга ажратилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид