Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб келишяпти» — Қўштепадаги Қийқи маҳалласи муаммолари қачон ҳал бўлади?
Таҳририятга Фарғона вилояти Қўштепа тумани, «Қийқи» МФЙ Чинортепа кўчасидан мурожаат келиб тушди. Унда баён қилинишича, қишлоқ аҳлини бир неча йилдан буён ичимлик суви муаммоси қийнаб келади. Маҳаллада ҳашар йўли билан ўрнатилган симёғочлар ўта ачинарли аҳволга келиб қолган, ички йўллар ҳам абгор ҳолатда.
Kun.uz мухбири мурожаат йўлланган манзилда бўлиб, маҳалла аҳли билан суҳбатлашди. Мурожаатда кўрсатиб ўтилган ҳолатлар билан яқиндан танишди.

Энг асосий муаммо – маҳалла бир неча йилдан буён ичимлик сувини бир неча километр масофадан ташиб келади.



Маҳалла оқсоқоли Зиёвуддин Каримов қишлоқдаги муаммолар ҳақида сўзлаб берди.
«Ички йўлларимиз талаб даражасида эмас. Айниқса, қиш кунлари бу йўллар туфайли азият чекамиз. Маҳалла аҳли пул тўплаб кўчага шағал тўктирганмиз. Маҳалла оқсоқоли этиб сайланганимга 7 йил бўлган бўлса, бу масалаларда раҳбарлар ёнига ёрдам сўраб бир неча марта кирганман. Лекин натижа йўқ.
Яна бир асосий муаммолардан бири — электр токи. Симёғочларни ўз маблағимиз ҳисобидан, ҳашар йўли билан ўрнатганмиз. Шамол бўлса бирор кишининг бошига ёғоч синиб ёки сим узилиб тушиб кетмасмикан, деб юрак ҳовучлаб ўтирамиз. Октябр ойи келди дегунча электр токи кучи пастлаб кетади. Чироқлар базўр ёнади.
Сув муаммоси эса маҳалладаги энг оғриқли масала бўлиб турибди. Сув таъминоти корхонаси мутасаддиларига 4 йилдан буён сув чиқариб беришларини илтимос қилиб келамиз. Лекин натижа бўлмаяпти. Улар «пулини қачон тўласанг кейин сув чиқариб берамиз», дейишади. Лекин йўқ сувга ким ҳам пул беради? Сувни узоқдан ташиб келамиз. Тушликдан кейин сувга турнақатор навбат бўлиб кетади. Тегишли жойларга борсак эртага бўлади, индинга бўлади, деб қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб келишяпти», — дейди Зиёвуддин Каримов.
Маҳалла фаоли Зуҳриддин Аҳмедов маҳалла аҳли сувсизликдан қийналиб кетса ҳам масъуллар учун бир тийинлик қизиғи йўқлигидан ёзғириб қолди.
«Ичимлик суви бўлмаса қийин. Ишдан чарчаб келган одамга уни узоқдан ташиб келиш малол келяпти. Қайсидир уйда транспорт бор, бошқасида эса йўқ. Сув ташишда айниқса транспорти йўқлар кўпроқ азият чекишади.


Сув масаласида туман ҳокими қабулига кирдик. Ҳоким масъулларга муаммони бартараф қилишга кўрсатма берди. Орадан 2 кун ўтиб сув таъминотидан ходимлар келиб, «сув бор, фақат тўлов қилсанг сув уланади», дейишди. Тушмаган сувга қандай тўлов қиламиз?! Оқиб келмаган сувга пул тўламаймиз-ку?!
Кўчадаги теракларни кесиб, бир жойлардан тагига бетон устунча топиб, симёғочларни ўрнатганмиз. Авария ҳолатидаги симёғочлар кўп кўчамизда. Яхшиямки, бу йил баҳор фаслида ҳар йилгига нисбатан ёғингарчилик камроқ бўлди. Йўқса, лой кўчаларимизда ишга қатнаш янада қийинлашарди.

Маҳалла аҳли билан суҳбатлашиб, ҳолат билан танишиб турганимизда «Қийқи» МФЙ раиси Валижон Йўлдошев ҳам келиб қолди. Биз қишлоқдаги тўпланиб қолган мавжуд муаммолар юзасидан маҳалла раисига юзландик.
«Бу лавозимда 2020 йилдан буён ишлайман. Чинортепа маҳалласидан ҳақиқатан ҳам мурожаатлар бўлган. Ичимлик суви ва электр таъминоти масаласи бўйича туман ҳокими қабулига ҳам кирганмиз. Ҳоким туман ЭТКга 16 майгача симёғочларни алмаштириб беришни кўрсатма қилган. Лекин шу пайтгача электр тармоқлари масъуллари маҳаллага келишмади. Сув минорамиз ҳам бир неча йилдан буён ишламайди. Бу борада сув таъминоти корхонасига бир неча марта мурожаат қилганмиз. Сув ва ички йўлларни асфалтлаш II чорак учун давлат дастурига киритилган. Сув минорасини таъмирлаш учун катта маблағ талаб этилади. Сув таъминоти корхонасининг таъмирга пули йўқ», — Валижон Йўлдошев.
Маҳалла раиси билан суҳбатимиз тугамасдан Қўштепа тумани ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Баҳромжон Қурбонов, сув таъминоти бўлими муҳандиси Лутфулло Холбоев ҳамда туман ЭТК муҳандиси Музаффар Ашуров маҳаллага етиб келишди.

Тумани ҳокими ўринбосари Баҳромжон Қурбонов «Қийқи» МФЙ Чинортепа кўчасидан ичимлик суви, симёғочлар носозлиги ва ички йўллар бўйича эътироз келиб тушгани ҳақиқат экани, мурожаатлар ҳокимлик томонидан келиб ўрганилганини айтиб ўтди. Чинортепага 7-сув тармоғи етиб келган бўлса-да, аҳоли шартнома қилмай, тўловлар бажарилмагани туфайли сув берилмаётгани, шартнома ва тўлов қилиш бўйича маҳалла раиси ва мутасаддилар билан аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилганини гапириб берди.
Сув таъминоти корхонаси томонидан маҳаллага ичимлик сув улаб берилиши, маҳалла фуқаролари сув учун шартнома тузишни ваъда қилишгани, сув бўйича масала ҳал бўлганини таъкидлади.
Ҳоким ўринбосарининг қўшимча қилишича, бир ҳафта ичида маҳалладаги симёғочлар ҳам алмаштирилади. Ички йўлларни асфальт қилиш эса фақат дастур бўйича амалга оширилиши таъкидланди.
Ичимлик суви муаммоси ҳақида туман сув таъминоти бўлими муҳандиси Лутфулло Холбоев ҳам ўз фикрларини билдирди.
«2017 йилда қудуқ тозалаш пайтида қудуқдан сув қочган. Гидрогеологик хулосалар олинган. Аҳолига сув етказиб бериш мақсадида Чинортепа кўчасидаги магистрал тармоқдан қўшимча 400 метр тармоқ тортилиб, мавжуд линияга улаб берилган. Аҳоли билан шартнома масаласида тушунмовчилик бўлгани учун, бугун улар билан келишиб олдик. Бугундан сув тушириб берамиз», — дейди туман сув таъминоти бўлими муҳандиси.
Туман электр тармоқлари корхонаси муҳандиси Музаффар Ашуров эртадан бригада ишга киришиб, ҳафта якунига қадар электр симлари таянчлари ўрнатилишини таъкидлади.
«Чинортепа кўчаси электр таъминоти 119-трансформатор пункти ўтган йили мукаммал таъмирдан чиқарилган. Маҳаллада симёғочлар аҳоли томонидан мажбурликдан ўрнатилгани ҳақиқат. Бу йилги 26-61 дастури бўйича дастур бажарилаётган объектлардан бўшаган симёғочларни маҳаллага ўрнатиб берамиз. Эртадан насиб қилса бригадамиз билан келиб, ҳафта якунига қадар таянчларни ўрнатамиз», — дейди Музаффар Ашуров.
Масалага дахлдор масъул идора вакилларининг муносабатларини тинглар эканмиз, улар муаммоларнинг асл ечимини турли кўринишда сабаб қилиб кўрсатгани бўлди. Туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари маҳалла аҳли ичимлик суви учун шартнома қилмай, тўловлар қилинмагани сабаб сув берилмаётгани, шартнома ва тўлов амалга оширилса ҳозироқ сув келишини айтиб ўтди.
Маҳалла раиси эса бу борада умуман бошқа фикр билдирди. У сув келиши учун сув минорасини таъмирлашга катта маблағ кетиши, сув таъминоти корхонасининг эса таъмирга пули йўқлигини айтиб ўтди.
Қарама-қарши фикрлар.
Маҳалла аҳли сув келишига умуман ишонқирамаяпти. Улар сув келган ондан бошлаб, шартнома ва тўлов қилишга тайёр туришибди.
Туман ЭТК муҳандиси узоғи бир ҳафта ичида абгор симёғочлар янгиланишига ваъда берди.





Kun.uz мухбири мурожаат бориб ўрганилгандан кейин ҳам маҳалла аҳли билан бир неча марта телефон орқали мулоқот қилди. Маълум бўлишича, сув таъминоти корхонасидан ходимлар келиб, қудуқдан сув чиқармоқчи бўлишган, лекин ҳаракат бесамар кетган. «Ҳозироқ сув тушади», деган ваъда доимгидек ваъдалигича қолиб кетган. Симёғочлар эса ҳар доимгидек етиб келмаган. Унинг қачон келишини ҳеч ким билмайди.
Асфальтни эса ҳатто ҳоким ўринбосари ваъда ҳам қила олмади. У дастур асосида қилинади.
Kun.uz маҳалладаги муаммолар қандай ҳал қилинишини кузатишда давом этади.
Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
20:37 / 26.05.2025
Тошкент вилоятида ичимлик ва оқова сув хизматлари нархи оширилади
20:39 / 01.05.2025
Қувурлардан келаётган сув ичишга яроқли экани айтилди
19:20 / 25.04.2025
Қибрайда ичимлик суви қувури устидан ариқ тортилмоқда
15:15 / 19.04.2025