Ўзбекистон | 12:01 / 27.05.2021
44604
2 дақиқада ўқилади

Андижонлик депутатлар президентга видеомурожаат йўллади

Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров ва маҳаллий кенгашнинг бир гуруҳ депутатлари ўртасидаги зиддият анча вақтдан буён давом этмоқда. Ҳокимнинг шаҳар ҳудудидан тадбиркорлар ва жисмоний шахсларга ер ажратиш тўғрисидаги кўплаб қонунга зид қарорлари депутатлар қаршилиги сабаб бекор бўлганди.

Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутатлари президентга маҳаллий кенгаш масъуллари томонидан ўзларига ўтказилаётган босим ва тазйиқлар ҳамда кенгашнинг қонун ва қонуности ҳужжатларга зид равишда чиқарилаётган қарорларидан норози эканлигини билдириб видеомурожаат йўллашди.

17 май куни Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг навбатдаги сессиясида бир гуруҳ депутатлар тинтувдан ўтказилгани, сессия кун тартибидаги масала шаҳар ҳокимининг ноқонуний қарорларига қарши чиқаётган ва Андижон шаҳар прокурорини аттестациядан ўтказишни талаб қилган депутат Шуҳратбек Каримовни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Сессияда шаҳар прокурори тақдимномасига асосан депутатларнинг кўпчилиги овоз бериши эвазига Шуҳратбек Каримов депутатлик дахлсизлигидан маҳрум этилган. Йиғилишга келган барча депутатлардан телефон ва овоз ёзиш мосламалари олиб кирилмаслиги талаб қилиниб, Миллий гвардия ходимлари томонидан тинтув ўтказилган.

Ушбу воқеадан бир оз муддат ўтиб, 21 май куни Андижон шаҳар прокурори лавозимида ишлаб келган адлия маслаҳатчиси Қурбонали Асқаров ўз хоҳишига кўра берган аризасига асосан лавозимидан озод қилинди.

“Қайд этиш жоизки, Қ.Асқаровнинг лавозимидан озод этилиши 2021 йил 17 май куни халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида рўй берган ҳолатлар билан боғлиқ эмас”, дейилди Бош прокуратура хабарида.

Эслатиб ўтамиз, шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаровнинг 2020 йил сентябрдаги 200 квадрат метр ер майдонини якка тартибда уй-жой қуриш учун ажратиб бергани ноқонуний бўлгани боис вилоят адлия бошқармасининг тақдимномаси ва шаҳар прокурорининг протести асосида бекор қилинганди.

Шунингдек, Баҳром Ҳайдаровнинг ташкил этилганига 1 ойгина бўлган фирмага аукционсиз ер ажратиб бериш тўғрисида 2021 йил 10 апрелдаги 80-сонли қарори қонун талабларига зид бўлгани боис қарори бекор қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид