Ўзбекистон | 14:20 / 28.05.2021
7593
4 дақиқада ўқилади

«Фалаж болалар учун айниқса зарур» — ўз ихтироси бошқаларга асқатишини истаётган юртдошимиз

Мирзоакбар Халилов 65 ёшда. У ногирон болалар ва ўсмирлар ҳаракатланиши учун турли мосламалар ясаш билан шуғулланади. Айтишича, агар бу мосламалар тизимли равишда ишлаб чиқарилса, жуда кўпчиликнинг оғири енгил бўлиши мумкин.

Ҳамюртимиз Kun.uz офисида бўлиб, ўзи ясаган мосламалардан бири билан таништирди.

– Мирзоакбар ака, бу қандай мослама ва унинг ясалишига нима туртки бўлди?

– Бу ДЦП (болалар церебрал фалажи) касаллигига дучор бўлган болалар ва ўсмирларнинг ҳаракатланишига ёрдам берадиган қурилма. Русчасига бу ходунок деб аталади. Ходуноклар дорихоналарда, дўконларда ҳозир ҳам бор. Лекин улар энди юрадиган болаларга мўлжалланган; каттароқ, вазни оғирроқ болаларга мос эмас.

Энди нима туртки бўлганига келсак, менинг ҳам икки қизим бор, ногирон. Уларни шифо излаб, турли жойларга кўтариб борганман, шундай беморларга кўп дуч келганман. Уларнинг оғирини енгил қилиш бўйича 5-6 йилдан бери ўйланаман, шунақа мосламалар ясаб, такомиллаштириш билан шуғулланаман.

Хориждан келган шунга ўхшаш маҳсулотлар бор, лекин жуда қиммат. Ходуноклар 3 минг долларгача, электрон аравачалар 10 минг долларгача. Агар мен ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб олсам, 2 млн сўм атрофида тайёр маҳсулот тақдим қилишим мумкин.

– Буни тизимли равишда ишлаб чиқариш мумкинми? Бунга нима тўсиқ бўляпти ва ишлаб чиқарилса, сотилиши муаммо бўлмайдими?

– Бу мосламани ижарага олган устахонамда ишлаб чиқараман. Агар менга устахона берилса, субсидия ажратилса, бир ҳафта ичида тизимли ишлаб чиқаришни йўлга қўйишим мумкин. Бу маҳсулотга талаб катта, мендан кўп сўрашади. Хориждан келган шунга ўхшаш маҳсулотлар бор, лекин юқорида айтганимдек жуда қиммат.

Бу масала бўйича жуда кўп вазирликларга мурожаат қилдим, ҳатто «Вақф» фондига ҳам бордим. Ҳаммаларига бу жуда зарурлигини, иш ўринлари ҳам яратишимни, ишчиларнинг ҳам кўпчилигини жисмоний имконияти чекланган инсонлар ташкил қилишини тушунтирдим. Ҳаммалари мақташади, яхши лойиҳа ўйлаганимни эътироф этишади, ёрдам беришларини айтиб, чиройли қилиб кузатиб қўйишади. Аммо бирор амалий кўмак бўлмади ҳозирча...

– Водийлик яна бир ҳаваскор уста пластмасс қувурлардан шу каби мослама ясаётгани ҳақида лавҳа тайёрлагандик. У осон ва тез ясалиши билан тилга тушди, сизникининг қандай афзалликлари бор?

– Айрим ногиронлар ҳаракатсизлик туфайли тез эт оладилар. Мен ясаган мослама 50 кг.гача юк кўтаради ва ҳаракатланиш имконини беради. Қолаверса, бунинг баландлигини ошириш мумкин, яъни бола ўсгани сари мослашиб бораверади. Металлдан ишлангани учун пишиқ, аммо қўл-оёқлар тегадиган жойларига юмшоқ материаллар қопланган.

– Бемор болаларни парваришлаётган ота-оналарга нималар деган бўлардингиз?

– Ногирон, хусусан ДЦП бўлган болаларга ота-оналар кунига кўпи билан 2 соат вақт ажрата олар эканлар. Чунки ҳаммада ҳам тирикчилик, рўзғор ташвишлари бор. Бу мослама шу ота-оналарга озгина ёрдам берса, мен хурсанд бўламан.

Ёшим ҳам 65 га чиқди, шогирдлар тайёрлаб, ишимни топширсам дейман. Вақти келиб шогирдларим дуо қилиб эслашларини истайман.

Ота-оналарга мурожаатим, бундай болаларни махсус шифохоналарга топширманг, уларга сизнинг меҳрингиз зарур. Уларни фақат сиз оёққа турғиза оласиз.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Тасвирчи – Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид