Ўзбекистон | 18:13 / 28.05.2021
1946
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда хатолик туфайли пенсия бир неча ой тўланмай қолган онахоннинг пенсияси тўлаб берилади

Бундан бир неча кун олдин Kun.uz’да Самарқандда 84 ёшли онахоннинг пенсияси ҳеч қандай сабабсиз берилмаган, мурожаатлар эътиборсиз қолгани ёритилган эди. Пенсия жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлими хатолик бартараф этилганини ва онахоннинг тўланмай қолган бир неча ойлик пенсияси тўлаб берилишини маълум қилди.

Қайд этилишича, Самарқанд шаҳар Галаосиё маҳалласида истиқомат қилувчи, 1937 йил 30 декабрда туғилган Барно Халиловага дастлаб 1992 йил 15 февралда боқувчисини йўқотганлик нафақаси тайинланган бўлиб, нафақа пуллари 2021 йил февраль ойига қадар ойма-ой тўлаб келинган. Боқувчисини йўқотганлик нафақаси миқдори 446 012 сўмни ташкил этган.

Барно Халилованинг март ва апрель ойлари учун боқувчисини йўқотганлик нафақаси ПК «Пенсия» дастурига тўлов муддати хато қўйилганлиги сабабли тўхтаб қолган. Унга 2021 йил 26 январдан ТМЭК томонидан 1-гуруҳ ногирони, деб ташхис қўйилган. Шу сабабли, унинг боқувчисини йўқотганлик нафақаси 2021 йил 1 февралдан ногиронлик нафақасига ўтказилиб, бир ойлик ногиронлик пенсияси 710 202 сўмни ташкил этган. Ушбу тайинланган ногиронлик нафақаси 2021 йил май ойида Барно Халиловага тўлаб бериш учун тўлов қайдномаси юборилган бўлса-да, ушбу пенсия пуллари Халилова Барно томонидан талаб қилиб олинмаган.

Таъкидланишича, Барно Халиловага 2021 йил февраль ойи учун 214 190 сўм, март ойи учун 710 202 сўм, апрель ойи учун 710 202 сўм ва май ойи учун 710 202 сўм, жами бўлиб 2 344 796 сўм нафақа пуллари тўланмай қолган. Пенсия жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлими Барно Халиловага тўлаб берилиши керак бўлган нафақа пуллари июнь ойи тўлов қайдномаси орқали бир йўла тўлаб берилишини маълум қилган.

Шунингдек, онахоннинг пенсиясини ҳисоблашда масъулиятсизликка йўл қўйган ходимга интизомий жазо чораси қўлланилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид