Ўзбекистон | 07:06 / 28.05.2021
3299
2 дақиқада ўқилади

Сардоба тошқинидан жабр кўрган тадбиркорларнинг зарари бюджетдан қопланади

Сув тошқини талафотларини бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан балиқчилик, чорвачилик ва паррандачиликка ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари ҳамда ирригация ва мелиорация тармоғини таъмирлашга 126 млрд сўм кетиши ҳисоблаб чиқилди.

2021 йил 25 май куни Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг Танзила Норбоева бошчилигида ўтказилган мажлисида Сирдарё вилоятидаги “Сардоба сув омбори” тўғонида юз берган техноген ҳолат оқибатларини бартараф этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган қўшимча чора-тадбирлар кўриб чиқилди.

Жорий йил апрелида Сирдарё вилоятида сув тошқини талафотларини бартараф этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар доирасида Ҳукумат комиссияси томонидан балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик йўналишларига ихтисослашган тадбиркорлик субъектларига етказилган зарар миқдорини қоплаш ҳамда ирригация ва мелиорация тармоқларини қуриш-таъмирлаш ишлари учун зарур бўладиган маблағ миқдори (126 млрд. сўм) ҳисоблаб чиқилган.

Шунингдек, Сенат аъзолари жойларга чиқиб тадбиркорлик субъектлари, фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар асосида мавжуд ҳолатни ўрганиб чиққан эди. Бу масала Олий Мажлис Сенати томонидан доимий назоратга олинган.

Сенат Кенгаши талаб этиладиган маблағларни республика бюджетидан босқичма-босқич ажратиш таклифини маъқуллади.

Эслатиб ўтамиз, Сардоба фожиаси 72та балиқ хўжалигининг 3 минг 461 гектар ер майдонига зарар етказган. Ҳар бир гектар зарар кўрган ер майдони учун 30 миллион сўмдан жами 103 млрд 872 млн сўм компенсация тўлаб бериш кўзда тутилган эди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид