Ўзбекистон | 14:18 / 28.05.2021
19358
2 дақиқада ўқилади

Яккабоғ ҳокими 311 миллион сўмга «Каптива» машинасини сотиб оляпти. Бу қанчалик тўғри?

Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокими 311 миллион сўмга «Каптива» автомашинасини сотиб оляпти. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати бу иш бўйича муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, Яккабоғ тумани ҳокими Лутфиддин Абдуллаев 311 миллион сўмга «Каптива» автомашинаси харид қилмоқда. Автомашинани харид қилиш масаласи халқ депутатлари туман кенгаши сессиясида депутатлар томонидан тасдиқланган.

Қайд этилишича, ҳокимлик тасарруфида бўлган, 2014 йилда ишлаб чиқарилган, «Ласетти» хизмат машинаси ҳозирда яроқсиз ҳолга келиб қолгани учун «Каптива» харид қилинмоқда.

Яқинда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида туман ва шаҳар ҳокимлари хизмат автотранспортининг энг юқори нархи – БҲМнинг 1000 баравари (ҳозир 245 миллион сўм)дан ошмаслиги айтилган.

«Қарорнинг 1-иловасида «Бориш қийин бўлган ва тоғли туманлар ҳокимлари учун хизмат автотранспорт воситасини харид қилишда двигателнинг энг юқори қуввати 3 000 см3 гача оширилишига рухсат этилади», деб қўшимча қилиб кетилган. Яккабоғ туманининг 62,7 фоиз майдони тоғли ҳудудлар ҳиссасига тўғри келади. Шу сабабли, «Каптива» автомашинаси харид қилиш қонунга зид эмас, деб топилган», дейилади вилоят ҳокимлиги муносабатида.

Мавзуга оид