Ўзбекистон | 16:20 / 28.05.2021
2652
2 дақиқада ўқилади

Январ-март ойларида Ўзбекистон аҳолиси ўтган йилгидан 350 млрд сўм кўпроқ даромад солиғи тўлади

ҚҚС тушумлари эса 1 триллион сўмга ошган.

Молия вазири Тимур Ишметов 28 майдаги Сенат мажлисида жорий йил январ-март ойлари бўйича давлат бюджетининг даромад ва харажатлари тўғрисида ҳисобот берди.

Вазирга кўра, ўтган чоракда давлат бюджети даромадлари 33,9 трлн сўмни, харажатлари 34,1 трлн сўмни ташкил этди.

Хусусан, бевосита солиқлардан тушган даромадлар миқдори 13 трлн сўм бўлиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 2 трлн 707 млрд сўмга кўпайди.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тушуми 4 тлрн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига қараганда 350 млрд сўм кўпроқ бўлди.

2021 йил 1-чорагида айланмадан олинадиган солиқ тушумлари 479 млрд сўмни ташкил этди ва бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 39 фоизга юқори даражада қайд этилди.

Билвосита солиқлардан тушган маблағлар 11 трлн сўм бўлди ва 2020 йил мос даврига қараганда 103,4 фоизни ташкил этди.

Дастлабки 3 ой давомида қўшилган қиймат солиғи тушумлари 8,4 трлн сўмни, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1 трлн сўм кўпроқни ташкил этди.

Ресурс тўловлари ва мулк солиқлари бўйича бюджетга 5 трлн 518 млрд сўм тушди. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига кўра, 646 млрд сўм кўпдир.

Қайд этилишича, январ-март ойлари давомида божхона тўловларидан бюджетга 6,5 трлн сўм маблағ келиб тушган.

Шунингдек, вазир давлат харажатлари тўғрисида ҳам қисқача тўхталиб ўтди. Айтилишича, бюджетнинг ижтимоий соҳа харажатлари умумий чиқимларнинг 53,3 фоизини ташкил этди.

«Шундан таълим соҳасига 8,1 трлн сўм, иқтисодиёт харажатларига 2,7 трлн сўм, инвестицияларни молиялаштиришга 2,8 трлн сўм, давлат бошқаруви, суд ва прокуратура органларини сақлаш харажатларига 1,7 трлн сўм маблағлар йўналтирилди», – деди вазирлик раҳбари.

Аввалроқ, биринчи чоракда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 3 фоизга ўсгани хабар қилинганди. Шу билан бирга, давлат қарзи 2021 йилнинг 1 апрел ҳолатига 23,2 млрд долларни ташкил этгани билдирилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид