Ўзбекистон | 14:44 / 29.05.2021
163464
4 дақиқада ўқилади

Андижонлик аёлни 5 нафар эркак зўрлагани ҳақидаги гаплар туҳмат бўлгани маълум қилинди

Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати Андижонда 5 ойлик келиннинг зўрланиши бўйича тарқалган хабарлар юзасидан расмий маълумот берди. Унга кўра, Андижонлик келиннинг аризасидаги ҳолатлар ўз исботини топмади.

Маълум қилинишича, 2021 йил 13 май куни фуқаро О.О.нинг зўрланиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан Андижон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми (номусга тегиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларининг ҳар томонлама тўла ва холисона ўтказилишини таъминлаш мақсадида, Андижон вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасининг иш юритувига ўтказилган ва тергов гуруҳи тузилган.

Тергов ҳаракатлари давомида жабрланувчи ҳамда гумон қилинган шахсларнинг барчаси суд-тиббий экспертизасидан ўтказилиб, олинган ашёлар бўйича судга оид биология, судга оид криминалистика, судга оид толали материалларни криминалистик текшириш ва судга оид физика-техникавий экспертизалари тайинланган.

Суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, жабрланувчи О.О.нинг баданида зўрлик аломатлари билан боғлиқ тан жароҳатлари мавжуд эмаслиги, 13-14 ҳафталик ҳомиладор эканлиги ва ҳомиласи ривожланаётганлиги аниқланган.

Судга оид толали материалларни криминалистик текшириш экспертизасининг хулосасига кўра, жабрланувчи О.О.нинг кийимларида гумондорларнинг кийимларига тегишли толалар мавжуд эмаслиги аниқланган.    

Жабрланувчи О.О. яқин қариндошлари ва ҳимоячиси иштирокида сўроқ қилинганида, уни ҳеч ким зўрлаб номусига тегмаганини, айрим шахслар (қонунчилик талабларига асосан шахс ҳақидаги маълумотлар сир сақланади) моддий манфаатдор бўлиш эвазига уни зўрлаб номусига теккани ҳақида ариза ва кўрсатма беришга мажбур қилганини, агарда ушбу кўрсатмани бермаса турмуш ўртоғи билан бирга яшаттирмасдан, ажратиб юборишлигини айтганлиги сабабли, иложсизликдан ёлғон кўрсатма берганлигини маълум қилган.

Шунингдек, ишга алоқадор бўлган ва гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган шахслар, ҳодиса куни жабрланувчи О.О.га тегишли бўлган шийпон атрофида бегона эркакларни кўрмаганлигини ҳамда дала шийпонидан аёл кишининг ёрдам сўраб бақирган овози эшитилмаганлигини маълум қилган.

Ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида жабрланувчи О.О. маълум қилган беш нафар шахслар воқеа содир бўлган куни ҳодиса жойида, яъни жабрланувчи О.О.га тегишли бўлган дала шийпонида умуман бўлмаганликлари аниқланган.

Тергов ҳаракатлари давомида тўпланган инкор қилиб бўлмас далилларга асосан фуқаро О.О.нинг зўрланганлиги тўғрисидаги важлари ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли, жиноят ишининг гумон қилинувчиларга тегишли қисмини ЖПКнинг 83-моддасига (жиноий ҳодиса юз бермаган ёки шахснинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса) асосан тугатиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Маълум қилинишича, ҳозирда фуқаро О.О. ва бошқаларнинг туҳмат қилганликлари ҳолатига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид