Lex.uz пулли платформага айланиши мумкинми? Фурқат Тожиев миллий база фаолиятида кутилаётган ўзгаришларни маълум қилди
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази директори Фурқат Тожиев Kun.uz’га берган интервьюсида Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси фаолиятида кутилаётган ўзгаришлар, Lex.uz билан боғлиқ муаммоли вазиятлар ҳақида тўхталиб ўтди.
– Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, халқона айтадиган бўлсак, Lex.uz платформаси айни пайтда бепул. У қачондир пулли платформага айланиши мумкинми, умуман, унинг фаолиятида қандайдир янгиликлар бўлиши кутилмаяптими?
– Lex.uz платформаси – ҳақиқатан ҳам фахрланиш мумкин бўлган платформа. Буни қўрқмай айтишим мумкин. Жуда кўп давлатлардаги ана шундай платформаларни кузатаман, бу аҳолининг ҳуқуқий ахборотга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун жуда катта вазифани бажариб турибди.
Шуни таъкидлаб ўтишим керакки, қонун ҳужжатлари доим бепул бўлиб қолади. Чунки бу давлатнинг функционал вазифаларидан бири, яъни чиқарилган қарор қаердадир туриши керак, уни одамлар кўриши, фойдаланиши учун. Lex.uz қонун ҳужжатлари эълон қилинадиган расмий нашр ҳисобланади. Яъни ҳуқуқни қўллашда бемалол ундаги нормаларга таяниш мумкин.
Энди унинг пулли бўлишига келадиган бўлсак, биз қўшимча функциялар жорий қилмоқчимиз. Яъни алоҳида аудитория учун мўлжалланган ҳар хил шарҳлар тайёрлашни йўлга қўйиш режамиз бор, бунинг учун, албатта, харажат, меҳнат сарф бўлади. Буни қоплаш учун балки монетизация жорий қилинар. Лекин бу – ҳозирча режа.
Lex.uz’ни такомиллаштириш бўйича ишлар аллақачон бошланган. Биринчи навбатда, Lex.uz’нинг қидирув функцияси тубдан янгиланади. Яъни ҳозирги кунда қидирув хизмати хато сўз билан изланган ҳужжатни топиб бермайди. Қайсидир ҳужжатни топа олишингиз учун унинг номини ёки сўзларни, албатта, тўғри ёзишингиз керак. Масалан, айримлар ўзига керак бўлган ҳужжатларни телефонда қидиради, ҳамма телефонларнинг клавиатурасида ў,қ,ғ,ҳ ҳарфлари бўлмаслиги мумкин. Бундай вазиятда ҳужжатни топиб бўлмайди. Агар кутилаётган ўзгариш жорий этилса, ўша хато сўзларни ҳам топиш функцияси бўлади.
Иккинчи янгилигимиз бу – овозли қидирув функцияси. Бу ҳақда ҳам тилшунос олимлар билан ишни бошлаганмиз. Ҳозирги вақтда ўзбек тилидаги бирорта ресурсда овозли қидириш функцияси мавжуд эмас. Биз биринчи бўлиш ҳаракатидамиз. Ўзбекчада битта сўз турли шеваларда турлича талаффуз қилинади. Шу боис айни пайтда тилшунослар билан биргаликда шунинг устида ишлаяпмиз. Аслида тилимизда фаол ишлатиладиган сўзлар унчалик кўп эмас, нари борса, 11000-12000 та сўз. Ҳеч бўлмаса, ана шу фаол сўзларнинг турли шевалардаги вариантларини база кўринишида шакллантира олсак, Lex.uz’да ҳам овозли қидирув функцияси ишга туширилади.
– Дейлик, фойдаланувчилар телефонини қўлга олиб, овоз қидирув функцияси орқали ҳам исталган ҳужжатни қидириши мумкин бўладими шунда?
– Исталган ҳужжатни қидириши мумкин бўлади. Кейин бу алгоритмдан Адлия вазирлигининг бошқа ресурсларида, масалан, давлат хизматлари кўрсатиш ва бошқа йўналишларда ҳам бемалол фойдаланиш мумкин бўлади. Бу – асосий кутилаётган ўзгариш. Кейин, албатта, сайтнинг дизайни ва бошқа жиҳатлари ҳам ўзгаради.
– Илгари ҳамма янги ҳужжатлар энг аввал Lex.uz’да чиқарди. Кейинги пайтда бу борада оқсаш кузатилаётгандек. Қонунчиликдаги ўзгаришлар тезкорлик билан эълон қилиб борилаётган бошқа муқобил манбаларнинг пайдо бўлиши сизларни чўчитмайдими? Умуман, бу йўналишда яқин 10, 20 ёки 30 йилга мўлжалланган қандайдир стратегия мавжудми?
– Ҳужжатларни излайдиган муқобил ахборот манбаларнинг кўп бўлиши бизни чўчитмайди, аксинча, хурсанд қилади. Биринчи навбатда чунки Lex.uz сайти бу ким биландир рақобат қилиш учун ёки пул ишлаш учун қилинган иш эмас. Тўғри, бу платформани жорий қилиш учун давлатнинг жуда катта ресурси кетган, ҳозир ҳам кетяпти. Бу ерда асосий мақсад қанақадир ахборот туриши керак қаердадир.
Ҳозир қонунчиликдаги ўзгаришлар деярли барча ахборот сайтларида, жумладан, Kun.uz’да ҳам эълон қилинмоқда. Лекин Lex.uz’даги имконият бошқа ресурсларда йўқ. Бундан ташқари у ҳужжатни назорат ҳолатида ҳеч ким ушлаб турмайди. Масалан, ҳужжатларда ўзгариш бўлса, нима ўзгарганлигини Lex.uz’дан бемалол кўриб олиш мумкин.
– Кейинги пайтда Lex.uz’да “Ҳужжатга айни пайтда ўзгартириш киритилмоқда” деган ёзув кўп кўзга ташланяпти. Лекин афсуски, бу ёзув эртаси куни кирсангиз ҳам, бир ҳафтадан кейин кирсангиз ҳам ўчиб-ёниб турган бўлади. Нимага бу узоқ давом этади? Агар шу пайтда манба бўлмаса, буни ўзгартирилишидан олдин киритиб қўйиш керакми? Бир ҳафта-ўн кунлаб чўзилишининг сабаби нимада ? Ёки шунчалик қийин жараёнми бу?
– Lex.uz’га ҳужжатни киритишнинг ўзи – қийин жараён. Ўз вақтида дастурий таъминот мураккаб қилинган, бунинг ҳам ўзига хос сабаблари бор. Айни пайтда дастурий таъминотни соддалаштириш устида ишлаяпмиз.
Ўқувчиларга тушунарли бўлиши учун бир мисол келтираман. Айни пайтда бир варақ ҳажмидаги ҳужжатни базага киритиш учун ўртача 33 минут вақт кетади. Энди бир кунда қабул қилинаётган ҳужжатлар оқимини тасаввур қилаверинг. Масалан, 26 май куни 18 та ҳужжат қабул қилинган. Буларни сайтга жойлаб чиқиш, бошқа ҳужжатларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиб чиқиш гапиришгагина осон.
Сайтда қайси ҳужжат билан ўзгартириш киритилаётганлиги кўринади. Ўша ҳужжат Lex.uz'дагилар кўриб олса бўлади, нима-нимаси ўзгараётганлигини. Лекин яқинда битта ҳужжат билан беш юзга яқин ҳужжатга ўзгартириш киритилди. Бунда инсон ресурси билан боғлиқ муаммолар ҳам бор, лекин бу бизга баҳона бўла олмайди. Чунки аниқ белгиланган регламентимиз, муддатларимиз бор. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳужжатнинг бир ҳафтада янгиланган шакли чиқиши керак. Бунда муаммо бўлиши мумкин эмас. Шунақа бўлаётган ҳодисалар бўлиши мумкин, масалан, битта ҳужжатга ўзгартиш киритилди. “Обработка” бўлиш жараёнида яна ўзгариш ҳолатлари ҳам бўлиб туради. Бир вақтда битта ҳужжатга уч, тўрт хил ҳужжатлар билан ўзгартиш киритилаётган ҳолатлар. Балки ўшанда чўзилиши мумкин. Лекин аксарият ҳолатларда узоғи уч –тўрт кунда янгилаб қўйилади.
Шунга кўра, қабул қилинаётган ҳужжатлар кўплигидан айрим вазиятларда улгурмаслик, кечикиш ҳолатлари бўлаётган бўлиши мумкин. Ўйлайманки, дастурий таъминот соддалаштирилса, бу камчиликлар ҳам секин-аста бартараф этилади.
– Фуқаролар мурожаати билан ишлашда журналистлар журналистик суриштирувлар ўтказиш жараёнида бевосита биз ҳам ҳужжатларга ҳавола беришга, ҳужжатлар билан ишлашга тўғри келади. Дейлик, мурожаатчи айтган қандайдир ҳужжат ёки мурожаатчининг аризаси асосида жойига чиқиб ўрганилганда, мутасадди шахс, ҳокимият ёки бошқа бўладими, ходими томонидан айтилган қандайдир ҳужжатни келиб Lex.uz’дан қидирганимизда айни пайтда топилмайди ёки ўзбек тилида йўқ, рус тилига ўтинг, деган жавобларни кўрамиз. Нега ҳамма ҳужжатлар йўқ, гарчи у махфий ҳисобланмаса ҳам?
– Ҳеч қанақа грифи йўқ ҳужжатлар, баъзида шунақа ҳолатлар бўладики ўша ҳужжат қанақадир сабаб билан Адлияга келмай қолиши мумкин, ёки шунақанги айрим бир сабаблар билан келмай қолганда биз эълон қилиб жойлаштиролмаймиз. Шуниси ҳам бор. Бу битта ҳолат. Лекин бу жуда кам ҳолатлар айрим бир-иккита ҳужжатлар, Вазирлар Маҳкамаси фармойишлари бўлиши мумкин. Чунки Вазирлар Маҳкамаси фармойиши Lex.uz’да эълон қилиниши талаби йўқ. Вазирлар Маҳкамаси фармойиши билан қанақадир умуммажбурий кўрсатма юклаб ҳам бўлмайди.
– Русланбек Давлетов ўзининг матбуот анжуманларидан бирида бундан буён ҳужжатлар ўзбек тилида бўлмаса, қабул қилинмайди, деганди. Лекин шу пайтгача юкланган ўзбекчаси бўлмаган ҳужжатлар тақдири нима бўлади?
– Олдин рус тилида киритилган, ўзбек тилидаги муқобил таржимаси бўлмаган ҳужжатлар ҳақида бўлса, албатта, барчасининг ўзбек тилидаги шакли бўлади. Бу бўйича катта иш бошланган. Яқинда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Шунда бир жавоб бор, яъни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат тилида қабул қилинади. Агар қанақадир бир-бирига зиддият бўлса, ўзбек тилидаги матн устун бўлади, деган жойи бор. Яъни шу нормани амалга келтиришимиз учун ҳам биз буни киритиб қўямиз. Фақат бу бироз кўпроқ вақт талаб қилиши мумкин. Чунки ҳужжатлар етарлигина.
– Топилмаётган ҳужжатлар қачондир тўлдириб қўйиладими? Айни пайтда фақат рус тилида мавжуд ҳужжатларнинг ўзбек тилидаги вариантлари-чи? Бу бўйича қандайдир муддат борми?
– Lex.uz’дан қайсидир ҳужжат топилмаётган бўлса, биз тегишли орган билан боғланиб уни олиб киритиб қўямиз. Бу кўп ҳолатда кимнингдир техник хатоси бўлади. Билсангиз, ҳужжат қабул қилинаётганда, ҳамма идораларга тизим орқали юборилади. Шу пайтда техник хато туфайли ҳужжат Адлия вазирлигига келмай қолган бўлиши мумкин. Ёки бошқа бир сабаб билан ҳужжат етиб келмагандир.
Айтмоқчиманки, қайсидир ҳужжат Lex.uz’дан топилмаса, бу иш қасддан қилинмайди, яъни ҳужжатларни одамлардан яшириб ўтирайлик, жамоатчилик шуни билмасин, деган масала бўлмайди.
Жамшид Ниёзов суҳбатлашди
Мавзуга оид
12:04 / 16.06.2021
«Ижтимоий фаол бўлиш бизда негадир қўллаб-қувватланмайди» — ҳуқуқий саводхонлик ҳақида мутахассис билан суҳбат
13:20 / 30.05.2021
«Вояга етмаган шахсларни сўроқ қилишнинг алоҳида тартиби бор, шуларга риоя этиш керак» — ҳуқуқшунос
20:26 / 05.11.2020
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот марказига директор тайинланди
01:12 / 09.08.2018