Уй-жой учун субсидия ажратиш жараёнида коррупциянинг олди олинганми? Мутахассис жавоб берди
Давлат хизматлари агентлиги етакчи мутахассиси Аброр Махсудов Kun.uz’га берган интервьюсида жонли эфир давомида интернет фойдаланувчиларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб қайтарди.
– Шу йилнинг март ойида ДХХ томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Самарқандда уй-жой субсидиясини олиш учун тавсиянома бермоқчи бўлган маҳалла раиси 500 доллар пора билан ушланди. Шу каби коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тизимда нималар қилиняпти?
– ДХА аҳолига давлат хизматларини кўрсатишда биринчи навбатда шаффофликни таъминлаш, аҳолига тезкор ва коррупциясиз бўлган хизматларни тақдим қилишга ўзининг алоҳида эътиборини қаратиб келмоқда. Шунга кўра, нафақат субсидиялар бериш, балки бошқа кўплаб давлат хизматларини кўрсатишда ҳам агентлик коррупция ҳолатларига барҳам бериш мақсадида доимий равишда сирли мижоз тадбирларини ўтказиб келади. Бундан мақсад давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида шаффофликка, очиқликка эришишни таъминлаш, фуқароларга қонуний ва белгиланган тартибда мурожаатларининг кўриб чиқилишини таъминлаш бўйича ҳаракатларни амалга ошириб келади.
Шу билан бирга, бизда бундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида коррупцияга қарши курашиш мониторинг бўлими мавжуд. 2020 йилда ДХА коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро сертификатни қўлга киритди. Telegram мессенжерида аҳолини адлия органлари ва муассасаларида юз бераётган коррупция ҳуқуқбузарликлари ҳақида тезкор хабардор қилиш мақсадида махсус @antikorbot боти ишга туширилган. Адлия вазирлигининг 1008 ишонч телефон рақамлари ва агентликнинг ишонч телефон рақамлари мавжуд. Ва қандайдир ҳолатлар бўладиган бўлса, агентлик ёки адлия органларига хизмат кўрсатиш жараёнида юз берган ҳолатлар бўйича ариза беришса, ҳаракатимиз самаралироқ бўларди. Чунки бир шахснинг ҳаракати билан самарали ютуққа эришиш қийинроқ.
Фуқаро аризаси битта тегишли орган томонидан ҳал қилинмайди. Агар комиссияда ҳокимлик, иқтисодиёт, молия, солиқ, тижорат банклари қатнашмаса, у ваколатли ҳисобланмайди. Чунки айнан тижорат банки кредит ажратади. Ҳокимлик, иқтисодиёт, молия эса бюджетда субсидия бор ёки йўқлиги, ажратилаётган субсидия мақсадини ўрганади ва юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, қарорда молия ва иқтисодиёт органларига алоҳида бир мажбурият юклатилган. Субсидия мақсадли ва тўғри ажратилаётгани устидан қатъий назорат, жавобгарлик айнан шу органлар зиммасида.
–Ҳукумат қарори билан субсидия ажратишда номзодларни танлаб олишда уларга баҳо беришнинг мезонларида оилада сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи шахслар тоифаси келтирилган. Сурункали касалликнинг оғир турлари дейилганда айнан қайси касалликлар назарда тутилган?
–2011 йили Вазирлар Маҳкамасининг 195-сонли қарори қабул қилинган. Бунда фуқароларни тиббий ижтимоий меҳнат комиссияларидан кўрикдан ўтказиш, тегишли ногиронликни белгилаш бўйича касалликлар рўйхатлари мавжуд, бевосита фуқаро саломатлигидан келиб чиқиб, ташхис қўйилади ва 182-сонли қарорда бевосита сурункали оғир касалликлар турлари тасдиқланмаган бўлса-да, тегишли туманда ташкил қилинадиган ҳудудий комиссия таркибида туман тиббиёт бирлашмалари мавжуд. Ва улар шу тоифадаги ариза берувчилар келадиган бўлса, уларнинг маълумотларини текшириб, ўзларининг хулосаларини беради. Хулосаларга асосан ҳудудий комиссия кўриб чиқиб, уларга якуний баллни қўяди.
–“Алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар” кимлар?
–Алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар Ёшлар ишлари агентлигининг ҳудудий бўлимлари томонидан хулоса берилади. Масалан, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган, спорт соҳасидами, ютуқларга эришаётган ёшларимиз, илм-фандами, турли танловларда ғолиб бўлганлар ёки давлат бошқарув органларининг тақдимномаларига асосан тегишли давлат бошқарув органлари структуралари тизимларида самарали, фаол меҳнат қилиб кетаётган, жамият ривожланиши йўлида ўз ҳиссасини қўшиб келаётган ёшларни тушунишимиз мумкин.
–“Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар” деганда қандай аёллар тушунилади?
–Қарорда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларга аниқ кимлар киритилиши кўрсатиб ўтилмаган, лекин ижарада яшаб юрган ёки умуман турар жойи йўқ бўлган, ёлғиз боқувчи сифатида ўзи бўлган, оғир касалликларга чалинган ҳолатлар келтирилиши мумкин. Комиссия таркибида бандлик органлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги баҳо беради.
– Уй-жой сотиб олиш учун субсидия ажратиш билан арзон уй-жой олиш учун ариза бериш битта нарсами?
–Субсидиялар бериш тартиби 2020 йил март ойидан бошлаб йўлга қўйилган бўлса, ўтган давр ичида кўплаб фуқароларимиз арзон уй-жой ва субсидиялар ўртасидаги фарқни билмагани учун бизга мурожаат қилиб келди. Хотин-қизлар, ёшлар, ёш оила дастури бўйича ёки умуман арзон уй-жой дастури бўйича уй олиш учун давлат хизматлари марказларига келяпти. Арзон уй-жой бўйича сизга ариза берсак бўладими деган мазмундаги саволлар билан.
Арзон уй-жой беришда уйнинг умумий нархи тўлиқ арзонлаштирилган бўлади. Давлатнинг тегишли буюртмасига асосан ёки тегишли давлат ҳокимияти буюртмасига асосан қурилади ва танлаб олинган оилаларга бюджет комиссиялари бор ҳудудий ҳокимиятларда, ўша комиссияларнинг хулосаларига асосан тегишли оилаларга ёки шахсларга берилади.
Субсидия ажратиш бўйича эса фуқаролар марказларга мурожаат қилганда тегишли ижтимоий мезонлари мавжуд, уй-жой нархи бозор қийматларида бўлади, арзонлаштирилмаган бўлади. Ўша қийматнинг маълум бир миқдори 10 фоиз миқдоридаги дастлабки бадал ёки фоиз харажатларининг тегишли уй олинаётган ҳудуд бўйича 10 ёки 12 фоиз қисми давлат бюджетидан қоплаб берилади. Қолган қисми бозор тамойиллари, бозор нархи асосида тижорат банкларидан кредит олган ҳолда тўлаб борилади.
–Сурхондарёдан исмини очиқламасликни сўраган бир ўқувчимиз қуйидагича савол йўллабди: “Қизим икки фарзанди билан қайтиб келган. Яшамоқчи эмас. Ажрашиш учун ариза берганмиз, аммо суд томонларга муддат берган. Шу муддат тугаши билан ажрашади. Айни пайтда бизнинг уйимизга рўйхатга қўйилган, ўзи ва фарзандлари уй дафтарига киритилган. Маҳалладан турмуш ўртоғи билан яшамаётгани ҳақида далолатнома тузилган. Субсидия олиш учун бизнинг ҳолатимизда нима қилиш талаб этилади? Ёки расман ажрашмагунча қизим ариза беролмайдими?”
–Қарорда бевосита талаб, яъни чеклов йўқ. Оилавий ҳолати ажрашмагунча ёки никоҳ бекор қилинаётган пайтларда субсидияга ариза бериши мумкин эмаслиги ҳақида. Шу билан бирга, талаб қилинаётган ҳужжатларда юқорида таъкидлаб ўтдим, никоҳ қайд этилганлиги ҳақидаги гувоҳнома, агар никоҳ бекор қилинган бўлса ёки суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилган бўлса, қарор нусхасини юборишлари керак. Бу ҳолатда ҳали никоҳ бекор қилингани йўқ. Никоҳ гувоҳномасини қайд қилган ҳолда ариза беришлари мумкин 1 октябр санасига қадар. Комиссия ўрганиб чиқиб, қарор қабул қилади.
–Давлат хизматлари агентлиги томонидан 2020 йилда субсидия беришда 550 дан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган эди. 2021 йилнинг ўтган даврида қанча қонунбузарликлар аниқланди? Уларнинг орасида қайси турдаги қонунбузилишлар кўп учрамоқда?
– 2021 йилда жами 400 га яқин қонунбузилиш ҳолатлари тизим орқали, яъни электрон тизимда биз аризалар ҳолатини текшириб боришимиз мумкин. Муддати ўтган, тайёрланган ёки жараёнда турган аризаларни саралаб олиш имконияти мавжуд. Мазкур ариза ва мурожаатларни таҳлил қилганимизда 400 га яқин мурожаатлар турли қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди ва уларга нисбатан Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 210 га яқин таъсир чоралари қўлланилди. Булар огоҳнома, маъмурий жавобгарликка, интизомий жавобгарликка тортиш бўйича тегишли тақдимномалар киритилган.
Ваколатли органларга қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича доимий тарзда ишлар олиб бориляпти. Қонунбузилиш ҳолатлари орасида энг кўп муддат бузилиши ҳолатларини кўришимиз мумкин. Сабаб ҳудудий органларда кадрлар қўнимсизлиги, ходимнинг ишдан кетиши, бошқа жойга ўтиши билан боғлиқ. Янги ходимга шахсий кабинет очиб бериш сабаб муддат бузилиши бўляпти. Бундан ташқари, айнан шу иш билан шуғулланадиган махсус лавозим, ходим йўқ.
– Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини ҳисоблашда 12 фоизлик даромад солиғи чиқариб ташланадими?
–Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг даромад солиғига бевосита алоқаси йўқ. Бу ҳукумат томонидан ўрнатиладиган сумма. Лекин солиқ билан биргаликда умумий оладиган даромади ҳисобланади. Ишхонадаги бухгалтериядан маълумотнома олинганда бу тўлиқ ойлик даромадида келтирилган сумма.
– Субсидия билан иккиламчи бозордан уй олса бўладими?
– Президентнинг 5886-сонли фармонида, ҳукуматнинг 182-сонли қарорида белгилаб қўйилган бирламчи, яъни янги қурилган кўп қаватли уйлардан сотиб олиш бўйича ажратилади ва иккиламчи бозорга татбиқ қилинмаган.
–Интернет фойдаланувчиларидан келиб тушган навбатдаги савол: “Мен субсидия олдим, туманда яшайман, лекин уй шаҳардан берилди. Қандай йўл тутишим керак?”
– Фуқаролардан ариза беришда эътиборли бўлишларини сўраб қолардик. Олинаётган жойни олдиндан аниқлаштириб олишни сўрардик. Чунки сўровнома тўлдиришда тегишли банк танланади, яшаш жойидан келиб чиқиб, ўша ҳудуддаги банклар рўйхати келиб чиқади.
Электрон тизимда фуқарога қайси банкларни танлайсиз деган мазмунда сўровлар келиб тушганда банклар рўйхати тақдим қилинади, шу билан бирга, вилоятдан келиб чиқиб, туман ёки шаҳар ҳудудидан олишни истайсизми деган мазмундаги саволларга аниқ жавоб беришлари керак бўлади. Бунда масъулият фуқаро зиммасида бўлади.
–Обуначиларимиздан бири шундай ёзяпти: “Менинг қизим чет элда, ёлғиз она. Боласи биз билан яшайди. Уй олишига имкони борми? Онлайн ариза берди. 5 ойдан бери жавоб йўқ. Нима қилса бўлади?”
– Агар фуқаро субсидия бўйича мурожаат қилган бўлса, Давлат хизматлари агентлигининг 1148 ишонч рақамларига ва 207-00-66 рақамларига, шу билан биргаликда, ижтимоий тармоқлардан ҳам мурожаат қилишлари мумкин. Агар ариза рақами, исм-фамилияси билан яқин қариндошлари мурожаат қиладиган бўлса, бевосита Давлат хизматлари агентлиги мурожаатни ўрганиб чиқиб, нима учун ҳалигача кўриб чиқилмагани, ариза ҳолати ҳақида маълумот беради.
Агар бу бўйича эмас, арзон уй бўйича ариза берган бўлса ёки эндиликда субсидия бўйича уй-жой олмоқчи бўлса, яқин қариндоши, онаси фуқаро номидан мурожаат қилишлари мумкин.
–Қонунчиликда қандайдир ҳолатларда қайтариб олиниш ҳолатлари ҳам кўзда тутилган экан. Ушбу ҳолатлар қайсилар?
– Низомда таъкидлаб ўтилганки, агар фуқароларимиз ипотека кредитлари бўйича тегишли мажбуриятларни мунтазам равишда бузган тақдирда банклар тегишли даъволарига асосан ундирув уй-жойга қаратилган тақдирда ўша уй-жой сотилиб, ундан тушган маблағлар ҳисобидан тегишли субсидиялар давлат бюджетига қайтарилади. Бунинг учун фуқароларимиз банклар билан тузилган ипотека шартномалари бўйича ўз мажбуриятларини бажаришлари, тўловларни тўлашлари керак бўлади.
– Балки фуқароларга ариза топширгандан кейин тизимни кузатиб бориш кераклигини тушунтириш керакдир яна бир марта, балки улар бизга қўнғироқ қилишади деб кутиб юришгандир.
– Албатта, фуқароларимизга ариза бериш жараёни якунланганидан сўнг уларга ариза рақами ва ягона интерактив порталидан текшириб бориш учун алоҳида парол берилади, бу онлайн топширганда ҳам, офлайн топширганда ҳам марказга бориб топширганда марказ ходими ариза юборгани ҳақидаги маълумотномани керак бўлса чоп этиб ҳам беради.
Онлайн топширилганда бевосита компьютер ойнасида маълумотнома пайдо бўлади. Ариза рақамингиз мана шу, шу вақтда берилди. Аризани мазкур рақам билан текширишингиз мумкин. Буни бизга ишонч телефонлари орқали мурожаат қилганда аризамнинг ҳолатини текшириб беринг дейишади. Ариза рақамини биласизми деб сўрасангиз, кўпчилиги ёдидан кўтарилган ёки вақтида сақлаб қўймаган.
–Ариза рақамини йўқотиб қўйган бўлса, қайта тиклаш мумкинми?
– Уни биз ҳудудий давлат хизматлари марказлари орқали текшириб, ариза берувчилар рўйхати орқали исм-фамилиядан топамиз, лекин бу ҳам маълум вақт олади. Фуқаро ўзи кутиб қолиши мумкин. Агар фуқаронинг ўзида шу маълумот бўлса, шу заҳоти маълумот беришимиз мумкин.
– Меҳнат мигрантларининг оила аъзолари ҳам субсидия олиш учун мурожаат қила олишадими?
–Амалдаги тартибда меҳнат мигрантлари алоҳида бир мезон сифатида белгилаб қўйилган. Яъни хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган, уй-жойга муҳтож шахсларга 10 баллгача миқдорда алоҳида балл берилади.
Labor migration дастури бўйича меҳнат мигранти бўлса, улар ўзлари чет элда, яқин қариндошлари улар номидан ариза беришлари мустаҳкамлаб қўйилган. Шунга кўра, мигрантларимиз мазкур тартибдан фойдаланишлари мумкин.
– Суҳбатимиз аввалида амалдаги тартибга айрим ўзгартиришлар киритилгани ҳақида айтиб ўтган эдингиз. Шу ҳақда юртдошларимизга маълумот берсангиз.
– Аҳолини уй-жой билан таъминлаш кўламини ошириш мақсадида президентнинг 2021 йил 11 мартда 6186-сон фармони қабул қилинди. Эндиликда янги тартиб бўйича иқтисодиёт вазирлигига топшириқлар берилди ишлаб чиқиш бўйича. Эндиликда ипотека кредитлари бўйича субсидия ажратишга оид фоиз, яъни шу вақтга қадар фуқароларимиз 80 фоизини банкдан олган бўлса, 20 фоизи дастлабки бадал эди. 10 фоизини ўзи тўларди, 10 фоизини давлат субсидия ажратган. Мана шу 20 фоизнинг дастлабки бадал кўриниши 20дан 15га тушириляпти. Ипотека кредитларининг умумий муддати 15 йилдан 20 йилга ошириляпти. Ипотека кредитлари бўйича субсидия ажратишнинг айнан ҳар йилги параметрлари тасдиқланган.
Юқорида ОАВда ажратилиши керак бўлган субсидияларнинг ҳудудлар бўйича параметри берилмаяпти дедингиз. Умумий ҳудудлар бўйича бир йилда 23 мингдан ортиқ параметр тасдиқланган. Аввал ариза берувчи билан доимий биргаликда яшаётганлар даромадларини кўрсатиш мумкин бўлса, эндиликда у билан бирга доимий яшамайдиган, лекин яқин қариндоши бўлган шахсларнинг ҳам даромадларини кўрсатишга йўл берилди. Якка тартибда уй-жой қуриш учун, реконструкция қилиш учун ҳам ипотека кредитларини ажратиш назарда тутиляпти.
Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
17:04 / 15.11.2024
Уй-жой сотиб олиш учун субсидия ажратиш тартиби ўзгарди
14:34 / 30.10.2024
2025 йилда қайси йўналишга қанча субсидия ажратилади?
15:50 / 05.10.2024
Томчилаб суғориш тизимини ўрнатганлик учун ҳар бир гектарга 16 млн сўм субсидия ажратилади
10:27 / 14.09.2024