Спорт | 12:13 / 30.05.2021
43615
12 дақиқада ўқилади

«Челси» — Европанинг энг яхши жамоаси. Гвардиола эса яна ўзи барчасини барбод қилди

«Манчестер Сити» Чемпионлар лигаси финалида «Челси»га ютқазди (0:1). Барчасини «шаҳарликлар» бош мураббийининг хатоси ҳал қилди.

Чемпионлар лигаси. Финал
«Манчестер Сити» — «Челси» — 0:1 (0:1)
Гол: Ҳаверц, 43.
«Манчестер Сити»: Эдерсон, Уокер, Стоунс, Зинченко, Рубен Диаш, Гундўған, Де Брюйне (Габриэл Жезус, 60), Фоден, Стерлинг (Агуэро, 77), Маҳрез, Бернарду Силва (Фернандинью, 64).
«Челси»: Э.Менди, Тиагу Силва (Кристенсен, 39), Аспиликуэта, Рюдигер, Чилуэлл, Жеймс, Жоржинью, Канте, Ҳаверц, Маунт (Ковачич, 80), Вернер (Пулишич, 66).
Огоҳлантиришлар: Гундўған, 34. Рюдигер, 57. Габриэл Жезус, 88.
Ҳакам: Матеу Лаос (Испания).
29 май. Порту. «Драгау» стадиони.

Оддий мураббийлар оддий хатоларга йўл қўйишади, Пеп Гвардиолага эса ақллилик балоси халал беради.

2017 йилда «Манчестер Сити» янги бош мураббийи билан илк бора Чемпионлар лигасини эрта якунлаганди — 1/8 финалда жамоа «Монако»га икки баҳс натижасига кўра ютқазганди. Ўшанда ҳам Гвардиолага жавоб учрашувида туширган таркиби учун жиддий эътирозлар билдирилганди. Биринчи ўйинда «Сити» 5:3 ҳисобида ғалаба қозонган, иккинчи ўйинда мураббий таянч зонасига биргина Фернандиньони туширган, олдинги чизиқда биратўла беш нафар ҳужумкор футболчи ўйнаганди — Стерлинг, Де Брюйне, Агуэро, Давид Сильва ва Сане.

2018 йилда «Манчестер Сити» чорак финалда «Ливерпуль»га ютқазади. Барчаси биринчи ўйиндаёқ ҳал бўлган, қизиллар ўшанда 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Ўшанда Гвардиола тезкор Салоҳга қарши марказий ҳимоячи Ляпортани чап қанотга ўтказган, Стерлинг ўрнига асосий таркибда Гундўған ўйнаганди.

2019 йилда «Сити» драматик тарзда кечган чорак финалда «Тотенҳэм»га имкониятни бой берган. Биринчи ўйинда Пеп негадир 89-дақиқагача Де Брюйнени ҳам, Санени ҳам майдонга туширмаган, натижада «шпорлар» ғалаба қозонганди.

2020 йилда «шаҳарликлар» яна чорак финалда «Лион» билан тўқнашади. Пандемия туфайли бир учрашувдан иборат бўлган бу босқичда янгича ҳеч нарса ўйлаб топишга ҳожат йўқ эди — «Сити» шунчаки кучли эди. Аммо Гвардиола кутилмаганда 3 марказий ҳимоячидан иборат схемани танлайди, ҳолбуки жамоа бутун мавсум давомида тўрт ҳимоячи билан ўйнаб келганди. «Сити» ютқазади — 1:3.

2021 йилда, Гвардиола, ниҳоят донолик қилишни тўхтатганди. Чоракфиналда Дортмунднинг «Боруссия» клубига қарши (2:1, 2:1) ҳам, ярим финалда «ПСЖ»га қарши ўйинда (2:1, 2:0) ҳам жамоа одатий ўйинидан воз кечгани йўқ. Алдамчи «тўққизлик» вазифасидаги Де Брюйне — замонавий «Сити» рамзи, велосипедни қайта ихтиро қилишнинг ҳожати йўқ.

Аммо Гвардиола бу сафар финалда ақллилик қилди. «Сити» тўрт йил аввалги 1/8 финалда «Монако»га қарши ўйинда қилинган хатони такрорлади. Яна ҳужум чизиғида футболчилар тўпланиб қолиб, таянч ҳудудида биргина футболчи қолиб кетди. Қолаверса, бу позицияда мавсум давомида ишончли ўйин кўрсатган Родри ёки тажрибали Фернандиньо эмас, балки ҳужум чизиғида ўйнашга одатланган Гундўған туширилди. Ҳужумнинг чап қанотида мавсум охирини захирада ўтказган Стерлинг ҳаракат қилди, Фоден эса кутилмаганда ўнг қанотда ўйнади, де Брюйне ҳужум марказига қўйилди.

Вазиятлар фақат хатолар ва қарши ҳужумлардан кейин
Икки жамоада ҳам рақиб хатолари туфайли қарши ҳужумларда хавфли вазиятлар юзага келди.

Ўйиннинг илк декадасида, 8-дақиқада Эдерсон узун пас билан Стерлингни деярли бирга бир вазиятга чиқарди, аммо Раҳим тўпни ўзига яхши бўйсундира олмади ва Жеймс унга етиб олиб, вазият йўққа чиқишини таъминлади.

10-дақиқада Стоунз қўпол хатога йўл қўйди, Маунт ва Ҳаверц тезкор ҳаракат қилишди, тўп қулай вазиятда турган Вернерга етиб борди, аммо унинг чап оёқда берган зарбаси ўнг оёғига тегиб қайтди. «Сити» эса рақиб футболчилари олдинда қолиб кетганидан фойдаланиб қарши ҳужум уюштирди, Стерлинг дарвозанинг узоқ бурчаги томон етиб келган Маҳрезни топди, аммо сўнгги лаҳзада Чиллуэлл вазиятни ўқиди ва тўпни чиқариб юборишга улгурди.

Бир неча дақиқа ўтиб «Челси» яна тўп олиб қўйилгач тезкор қарши ҳужум уюштирди ва Ҳаверц яна Вернерни зарба бериш нуқтасига чиқарди. Бу сафар Тимо оёғини тепиб олмади, аммо унинг кучсиз зарбаси тўғри дарвозабоннинг қўлларига борди. Бироз ўтиб вазият яна такрорланди, лондонликлар яна тўпни эгаллаб олишди, икки пасдан кейин тўп яна Вернерга етиб борди, унинг зарбаси бу сафар дарвоза тўрига ташқи томондан тегди. 

Биринчи бўлим ўрталарида «Сити» сон жиҳатдан кўпчилик бўлиб қарши ҳужумга чиқди, де Брюйне Фоденни тўп билан рақиб жарима майдонига йўналтирди, аммо ёш инглиз футболчисининг зарбасини ўз вақтида Рюдигер тўсиб қолди. Бироз ўтиб Уокер Чиллуэллни доғда қолдирган ҳолда ўнг қанотдан дарвозабон ҳудудига тўпни узатди, аммо Маҳрез тўпга бир неча сантиметр ета олмади.

Пепнинг бошланғич таркиб учун танлови финалнинг муҳим воқеаси бўлди. Ўйинда яққол голли вазиятлар жуда кам бўлди, ўйин тақдирини бир эпизод ҳал қилди — Менди узун пас билан ҳужумни бошлаб берди, кейин Маунтнинг манчестерликлар ҳимоясини кесиб ўтган заргарона паси ва яккама-якка вазиятга чиқиб борган Ҳаверцнинг голи.

Бунинг барчасига етти сония кетди. Бу узатма айнан бўшаб қолган таянч зонаси бўйлаб ўтди. Албатта, бу ўринда Вернернинг ҳаракатини ҳам эътироф этиш керак, у АПЛнинг мавсумдаги энг яхши ҳимоячиси Рубен Диашни ўзи билан чап қанот томон олиб кетди. Аммо бу голнинг асл сабабини «Манчестер Сити» таркибида пас йўналишини ёпиши керак бўлган таянч яримҳимоячиси бўлмаганидан қидириш керак.

Эҳтимол Гундўған Фернандиньо ва Родридан кўра тезроқдир, аммо у тўпни керакли жойга тўғри етказиб беришда нўноқроқ эди, таянч яримҳимоячиси эса бундай бўлмайди. Шу туфайли «Сити»га ҳужумларни режалаштириш етишмади. 

Брюйненинг жароҳати иккинчи бўлим қандай кечишини белгилаб берди

Иккинчи бўлим бошланишидан де Брюйненинг Рюдигер билан тўқнашувига қадар 10 дақиқа вақт ўтди. Гвардиоланинг бу ҳолатдан кейинги режаси тайин эди - тўпга эгалик қилиш ва уни рақиб ҳудудида олиб юриш, аммо рақибнинг кучли прессинги туфайли бунинг амалга ошиши қийин эди. Яна бир неча дақиқа «шаҳарликлар» етакчисига майдонда ёрдам кўрсатиш учун кетди ва у 60-дақиқада алмаштирилди.

Бу ҳолат ўйиннинг кейинги ривожини белгилаб берди. «Челси» учун қулай вазият эди: ҳисобдаги устунлик ва қарши ҳужумларни пойлаш. «Сити» энг ижодкор футболчисиз қолди, аммо гол уриш зарурати.

Де Брюйне кетишидан бир неча дақиқа ўтиб Гвардиола Бернардуни майдондан олди ва Фернандиньони туширди. Аммо кеч эди. Кевинсиз жамоа оддийлашиб қолганди ва ўйиннинг охирги қисмида жамоа фақат қанотлардан манзилсиз тўп узатишга ўтди. Бельгиялик етакчи майдонда бўлганида у шошилмасдан тўпни тўғри йўналиш бўйлаб етказиб бера олган бўларди.

«Сити» ўйиннинг 70-дақиқасига қадар тўпга эгалик қилиш бўйича 65 фоизлик кўрсаткич қайд этди, 70-дақиқадан кейин эса 76 фоиз. Аммо бу натижани ўзгартира олмади. «Челси» эса иккинчи голни уришга жуда яқин келди - Ҳаверцнинг пасидан кейин Пулишич яккама-якка вазиятни аниқ зарба билан якунлай олмади.

«Сити»га креативлик етишмади, Фоден бир неча марта тўпни олдинга олиб борди, аммо ҳимоя қўрғонидан ўта олмади, Брюйненинг ўрнига тушган Жезуснинг ҳаракатлари бесамар кетди, ўйин якунига 15 дақиқа вақт борлигида Стерлинг ўрнига туширилган Агуэро эса ҳеч нарса қила олмади.

Жамоага ритм, тайёргарлик ва совуққонлик етишмади. Гвардиола учун бу фожиа эди. Унда, барча буюк мураббийларда бўлгани каби, ҳейтерларнинг бутун бир армияси бор. Улар Пепнинг ҳар бир хатосини катта хурсандчилик билан нишонлашади ва унга «кал шарлатан» деб лақаб қўйишган. Испаниялик мураббий Чемпионлар лигасида Месси, Хави ва Иньестасиз ғолиб бўла олмаслигига уларнинг ишончи комил. Бу ўйин Гвардиола учун сўнгги ўн йилдаги илк ЕЧЛ финали эди. Бу илк ютқазилган финал бўлди.

Тухель қандай таркиб тушириши олдиндан аниқ эди. Фақат жароҳатидан энди тикланган Канте ва Менди ўйинга қанчалик тайёрлиги номаълум эди. Қолгани одатий 4-3-3 схемаси ва доимий асосий таркиб футболчилари.

Шак-шубҳа йўқ, «Челси» ажойиб ўйин кўрсатди. Томас Тухель қаторасига иккинчи мавсумда ҳам финалга чиқди ва бу сафарги ўйинга идеал даражада тайёрланди. У икки кучли таянч яримҳимоячиси Канте ва Жоржиньони бошланғич таркибда туширди, Ҳаверцни илк дақиқалардан тушириб ҳам адашмади — ОАВда Пулишич бошланғич таркибда тушиши кераклиги ҳақида кўп ёзишганди.

«Челси»нинг бутун мудофаа чизиғи бир текисда ҳаракат қилди. Чиллуэлл ва Рюдигер «Сити» футболчиларига хавфли вазиятлардан фойдаланишга имкон беришмади, аммо энг муҳими Менди дарвозаси олдида бундай вазиятлар жуда кам бўлди. Ахир рақиб Англия премьер-лигасининг энг сермаҳсул жамоаси эди, бу жамоа евромавсумда бирор ўйинда мағлубиятга учрамаганди. Чиллуэлл ўз паслари билан қарши ҳужумларга тезкорлик бағишлади, Маунт эса доҳиёна пас берди, Канте рақибларни яккакурашларда иложсиз қолдирди (уч яккакурашда уч ғалаба, икки марта рақибдан тўпни олиб қўйиш). Жеймс Стерлингни «еб қўйди». Умуман, ғолиблар сафидаги барчани эътироф этиш мумкин.

«Сити» бу ўйиндагидан кучлироқ, сифатлироқ ўйнаши мумкин эди - жамоа финалга келиб нега ўзининг энг яхши ўйинини кўрсата олмагани мураббийларга ва футболчиларга савол. «Челси» эса ўз максимумини намойиш этиб, ғолиб чиқди.

Томас Тухель икки ой ичида «Сити»ни уч марта енгди. Бунгача Англия Кубоги ярим финалида (1:0) ва АПЛ ўйинида (2:1) зафар қучилганди. Бу ўйинларда Тухель Гвардиола жамоасига тўп бермай ўйнаганди. У энди элитар мураббийлар сафида. Яқиндагина ушбу германиялик мутахассисни ёш ва истиқболли мураббий сифатида кўришарди, ҳозир эса у нақ Гвардиолани таслим қилди ва уни орзуси ушалишидан маҳрум этди.

«Челси» Роман Абрамович даврида иккинчи бор Чемпионлар лигаси ғолиби бўлди. «Сити» ҳамон ғалабасиз. Гвардиола ҳали Манчестерда кўп иш қилиши керак.

Мавзуга оид