Ўзбекистон | 14:14 / 03.06.2021
14120
5 дақиқада ўқилади

Божхона қоидалари: дори-дармонлар олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби

Kun.uz Давлат божхона қўмитаси билан ҳамкорликда туркум кўрсатувларни бериб бора бошлайди. Бундан мақсад – божхона чегараси орқали турли ашёларни (олтин, валюта, заргарлик буюмлари, дори-дармонлар, чорва моллари, транспорт воситалари каби) олиб ўтиш тартиби ҳақида аҳолини хабардор қилиш.

Илк кўрсатувда Давлат божхона қўмитаси бош инспектори Элёр Ҳакимов божхона чегараси орқали дори-дармон маҳсулотларини олиб ўтиш тартиби қандай, бунда нималарга эътибор қаратиш зарур деган саволларга жавоб беради.

— Амалдаги қонунчиликка асосан, жисмоний шахслар божхона чегараси орқали қандай транспорт воситасида кириб келганидан қатъи назар, белгиланган меъёрлар доирасида олиб кириши мумкин. Бу ҳолатда жисмоний шахс олиб кираётган дори воситаларини декларациялаш оғзаки тартибда бўлади.

Умуман, дори воситаларини олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг «Дори воситалари ва тиббий буюмларни жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ҳамда олиб чиқиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ амалга оширилади.

Жисмоний шахслар бирор ҳужжат тақдим этмаган ҳолда шахсий фойдаланиш учун қуйидаги миқдордаги дориларни олиб кириши ёки олиб чиқиши мумкин:

  • турли номдаги 10 тагача дори препаратларидан иборат дори воситалари ва уларнинг ҳар бири учун 5 ўрамдан ортиқ бўлмаган дори воситалари;
  • 5 бирликдан ортиқ бўлмаган тиббий буюмлар.

Бунда бир ўрамда:

  • қаттиқ (таблеткалар, дражелар, гранулалар, кукунлар, капсулалар) дори шакллари учун – 100 бирликдан ортиқ бўлмаган;
  • эритма тайёрлаш учун қўлланиладиган кукунлар учун – 500 граммдан ортиқ бўлмаган;
  • гранула шаклдаги гомеопатик дори воситалари учун – 50 граммдан ортиқ эмас;
  • инфузион эритмалар ва орал (оғиз орқали) қўлланиладиган эритмалар учун – 500 миллилитрдан ортиқ бўлмаган;
  • инъекциялар учун эритмалар – 10 ампуладан ёки 10 флакондан ортиқ эмас;
  • ташқи дорилар, яъни суртма геллар, мазлар – 200 миллилитрдан ёки 200 граммдан ортиқ бўлмаган меъёр белгиланган.

Масалан, парацетамол учун 5 ўрам, аспирин учун 5 ўрам ва ҳакозо. Кетонал мазини оладиган бўлсак, ундан 5та тубик ва ҳар бир тубики 200 гр.дан ошмаслиги талаб этилади.

Дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчининг ўрамида бўлиши керак. Яъни улар банкада ёки пакет ўрамларда олиб ўтиш ҳолатлари бўлмаслиги лозим. Бундай ҳолатда фуқаро божхона органи ходими томонидан тўхтатилиб, экспертиза тайинланишига сабаб бўлади. Натижада ортиқча вақт йўқотади.

Алоҳида таъкидлаш ўринли, белгиланган меъёрдан ошмаган дори-дармонлари бор фуқаро бемалол оғзаки декларациялаш тартибида яшил йўлакдан ўтиши мумкин.

***

Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни божхона назорат постлари орқали олиб кириш, олиб чиқиш ва олиб ўтишга ҳам маълум бир шартларда йўл қўйилади. Яъни айримлар воситалар ва моддаларга рухсат берилса, баъзилари тақиқланади. Бундай воситалар ва моддалар рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг 330-сон қарори билан тартибга солинган.

Дори воситаларини олиб ўтиш тартибига асосан, маълум бир гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалари ва прекурсорларни олиб ўтиш, олиб чиқиш ва олиб кириш тақиқланган, айримларига рухсат берилган.

Элёр Ҳакимов

Гиёҳвандлик воситаларини 7 суткалик эҳтиёждан ортиқ бўлмаган миқдорда олиб чиқишга тиббиёт муассасасининг даволаш-маслаҳат комиссиясининг муҳри билан тасдиқланган хулосаси мавжуд бўлганда рухсат берилади.

Гиёҳвандлик воситаларини 7 суткалик эҳтиёждан ортиқ бўлмаган миқдорда олиб киришга яшаган ёки бўлиб қайтган мамлакатининг тиббиёт муассасаси томонидан берилган, даволаш курсининг тавсия этиладиган сони кўрсатилган ҳужжатлар мавжуд бўлганда рухсат берилади.

Жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун психотроп моддаларни яшаган ёки бўлиб қайтган мамлакатининг тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжат тақдим этилмасдан турли номдаги 5 тагача даволаш препаратларини ва улардан ҳар бирининг иккитадан ортиқ бўлмаган ўрамини даволаш курси доирасида олиб кириш ва олиб чиқишда рухсат берилади.

Ўтказиш пунктларида божхона чегарасини кесиб ўтишда жисмоний шахслар уларда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар борлигини декларацияда қайд этишлари шарт, бунда гиёҳвандлик воситалари учун – божхона органига жисмоний шахснинг яшаш ёки бўлиш мамлакати тиббиёт муассасаси томонидан берилган, дори воситасининг номи, унинг дори шакли ва даволаш курсининг тавсия этиладиган сони кўрсатилган ҳужжат тақдим этилиши керак.

Жисмоний шахсларда ортиқча доира воситалари бўлса, декларациялаш тартиби асосида қизил йўлакдан олиб ўтиш тавсия қилинади. Чунки ортиқча юкни кўриб чиқиш масаласи йўловчи томонидан божхона идорасига тақдим этилган ҳисобланади ва кўриб чиқишда енгиллик беради.

Мавзуга оид