Жамият | 16:36 / 03.06.2021
11707
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекларнинг анъанавий ҳовли уйида юргандек ҳис этиш мумкин» — Euronews Венеция биенналесидаги Ўзбекистон павильони ҳақида

Euronews телеканали Венеция архитектура биенналесида Ўзбекистон илк марта қатнашаётгани ҳақида лавҳа тайёрлади. Телеканал Ўзбекистон бу йирик анжуманда қатнашаётган Марказий Осиёнинг ягона мамлакати эканини эътироф этган.

Фото: Courtesy Christ & Gantenbein

Euronews телеканали Венеция архитектура биенналесида Ўзбекистон ҳам илк марта ўз миллий павильони билан қатнашаётгани ҳақида лавҳа тайёрлади.

«Венеция биенналесининг ранго-ранг муҳитида 17-марта ташкил этилган халқаро архитектура кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Унда илк марта Ўзбекистон ҳам иштирок этяпти. Ўзбекистон – биенналеда ўз миллий павильони билан қатнашаётган Марказий Осиёнинг ягона мамлакати ҳамдир», – дейилади Euronews мақоласида.

Ўзбекистон павильони ўзига хос ижтимоий-меъморий феномен – маҳаллаларга бағишланган.

«Павильонга келганлар ўзларини анъанавий ўзбек ҳовлисида бўлгандек ҳис қилишлари мумкин», – дея таъкидланади Euronews лавҳасида. Бунинг учун павильонда ўзбек маҳалласи, унга оид атрибутлар ва ҳатто товушларгача акс этган бўлиб, ташрифчилар мобил қурилмаларга махсус иловани ўрнатган ҳолда, павильон бўйлаб ҳаракатланиш давомида кўргазманинг тўла шоҳиди бўлишлари мумкин.

Фото: Courtesy Christ & Gantenbein

Euronews ўз лавҳасида лойиҳа ташкилотчилари – бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси ўринбосари Саида Мирзиёева, жамғарма ижрочи директори Гаянэ Умерова, лойиҳа куратори – Цюрихдаги Олий техника мактабининг архитектура ва санъат профессори Кристоф Гантенбейн билдирган фикрларни келтириб ўтади.

«Кўргазма – биенналенинг бу йилги саволи: «Биз биргаликда қандай яшаймиз?» сўроғига Ўзбекистоннинг жавоби демакдир», – дея қайд этади Euronews.

Фото: Courtesy Christ & Gantenbein

Кўргазма меҳмонларига ўзбек маҳалласи феноменини очиб берувчи фанзин (фан-журнал) ҳам тақдим этилмоқда.

«Лойиҳа таълимга оид ва илмий жиҳатдан катта мақсадларга эга. [...] Кўплаб маҳаллалар иқтисодий ҳолат, одатларнинг ўзгариши ва инфраструктура етишмовчилиги боис келажакда ҳозирги кўринишини йўқотиб боради. Лойиҳанинг мақсадларидан яна бири – бу меросни йўқолиб кетмасидан аввал ҳужжатлаштириб қўйиш», – таъкидланади телеканал лавҳасида.

w5sycT1-fq3C-qEtoUENAwtZcZkrcjxG.jpg (891×500)

Аввалроқ Kun.uz Италиянинг ушбу мўъжаз шаҳрида бўлиб, миллий кўргазма очилишини ёритган эди.

21 май куни старт олган Венеция архитектура биенналеси ўз ишини 21 ноябрга қадар давом эттиради.

Мавзуга оид