Жамият | 20:40 / 03.06.2021
4855
3 дақиқада ўқилади

Қоида бузган ҳайдовчини сўккан ЙПХ ходими ишдан ҳайдалди

Жиззах шаҳрида қоида бузган ҳайдовчи билан мулоқот давомида ўзини носамимий тутган ва уни сўккан ЙПХ ходими ишдан бўшатилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 12 апрель куни Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходимлари З.Пўлатов, З.Ғаниев ва Ш.Муродов Жиззах шаҳар, И.Каримов шоҳкўчасида тунги хизматни олиб бораётган вақтда инспектор Ш.Муродов томонидан «ВАЗ-2108» машинаси ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидалари 99-бандида белгиланган талабларга амал қилмасдан ҳаракатлангани боис тўхтатилган.

ЙПХ ходими ҳайдовчидан меъёрий ҳужжатларини тақдим қилишини сўраганда, ҳайдовчи ҳужжатларини тақдим эта олмаган. Ҳайдовчи А.Ж.га нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённома тузилиб, «ВАЗ-2108» вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига махсус эвакуатор ёрдамида олиб кетилаётганда, ҳайдовчи ЙПХ ходимига эътироз билдириб, қаршилик кўрсатган. Шунда инспектор Ш.Муродов ҳам ҳайдовчи билан мулоқот жараёнида одоб-ахлоқ нормаларидан четга чиқиб, унга носамимий муносабатда бўлган.

Ҳайдовчи ЙПХ ходими билан ўрталарида бўлган мулоқотни видеолавҳага ёзиб олиб, уни ижтимоий тармоқларга жойлаган. Шундан сўнг Жиззах вилояти ИИБ томонидан ҳайдовчи ва ЙПХ инспектори Ш.Муродов хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган.

Мазкур текширув хулосасига кўра, хизмат фаолияти давомида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сон қарори билан тасдиқланган «Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида»ги Низом ҳамда ички ишлар вазирининг айрим меъёрий буйруқлари талабларини бузгани учун Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходими Ш.Муродов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Мавзуга оид