Жаҳон | 11:22 / 03.06.2021
15326
5 дақиқада ўқилади

Янги Зеландияга виза олиш тартиби ва мамлакатга олиб кириш тақиқланган нарсалар ҳақида биласизми?

UzbekLife хорижий мамлакатлар визалари ҳақидаги туркум мақолаларни давом эттиради. Бу гал Янги Зеландия мамлакатига виза олиш тартиби ҳақида маълумот берамиз.

Янги Зеландияга келганингизда паспортингизнинг амал қилиш муддати мамлакатдан қайтиб чиқиб кетаётганингиздан кейин ҳам камида 3 ой давомида амал қилишини ҳисобга олинг.

Янги Зеландияга келишда виза талаб қилинмайдиган ҳолат ҳам мавжуд. Булар қуйидагилар:

  • Агар сиз Австралия ёки Янги Зеландия фуқароси ёки резиденти бўлсангиз;
  • Агар Бирлашган Қироллик фуқароси бўлсангиз ёки унинг паспортига эга бўлсангиз (6 ойгача қолишингиз мумкин);
  • Янги Зеландия билан виза бўйича шартномага эга давлат фуқароси бўлсангиз (3 ойгача қолишингиз мумкин).

Агар юқоридаги бандларнинг бирортаси сизга тегишли бўлмаса, у ҳолда сизга Ташриф виза (Visitor Visa) керак бўлади. Бу виза билан Янги Зеландияда 9 ойгача қолиб, таътилингизни ўтказсангиз бўлади. Визага онлайн ариза топширсангиз тезроқ ва осонроқ оласиз.

Янги Зеландияга виза олишнинг асосий шартларидан бири инглиз тилини билиш ҳисобланади. Номзод тил билиш даражасини тасдиқловчи ҳужжат, масалан, халқаро имтиҳон натижалари қайд этилган сертификат тақдим қилиши керак.

Янги Зеландияга иммиграциянинг турлари

Юқоридаги жадвалдаги имтиҳон IELTS кўрсаткичи бўйича келтирилган. Бундан ташқари TOEFL ёки бошқа турдаги халқаро имтиҳон натижалари ҳам қабул қилинади.

Янги Зеландияда ишлаб, дам олиш

Мазкур турдаги виза 18-30 ёшдаги шахслар учун мўлжалланган. У 12 ойгача Янги Зеландияда саёҳат қилиб, ишлаш ҳуқуқини беради. Бундай визани олиш учун сиз виза талабларига мос келишингиз ҳамда қайтиш билетингиз (ёки шунга етадиган пулингиз) бўлиши, мамлакатга асосан саёҳатга келишингиз, ишлаш эса иккинчи даражали мақсадингиз бўлиши керак.

Меҳнат визаси ва доимий яшаш

Агар Янги Зеландияга бир неча йилга келаётган бўлсангиз ёки доимий яшашни режалаштирган бўлсангиз, сизга меҳнат визаси ёки резидент визаси керак бўлади. Бунинг учун эса Янги Зеландиядан иш топишингиз керак.

Янги Зеландияга олиб кириш тақиқланган нарсалар

Янги Зеландияга самолётингиз қўниши олдидан экипаж аъзолари сизга Йўловчи етиб келиш картасини (Passenger Arrival Card) беради. Картада биологик хавфли ҳисобланган маҳсулотлар рўйхати келтирилган бўлиб, агар юкларингиз орасида рўйхатдаги маҳсулот бўлса, картада кўрсатишингиз, самолётдан тушгач уларни чиқинди қутисига ташлаб юборишингиз керак. Акс ҳолда жазоланишингиз, ҳатто депортация қилинишингиз мумкин.

Мамлакатга қуйидагиларни олиб кира олмайсиз:

  • Исталган турдаги озиқ-овқат маҳсулоти (пишган, хом, қуритилган);
  • Ўсимлик ва ўсимлик маҳсулотлари (мева, гул, уруғ, ёғоч, барг, шох-шабба, сабзавот, ёнғоқ, бамбук);
  • Ҳайвон ва ҳайвон маҳсулотлари (гўшт, тухум, сут маҳсулотлари, балиқ, асал, пат, чиғаноқ, ишлов берилмаган ҳайвон юнги, тери, суяк, ҳашарот);
  • Бошқа биохавфли ҳисобланган маҳсулотлар (гиёҳлар, ҳайвон дорилари, турли организмлар, тупроқ, сув);
  • Ҳайвон, ўсимлик ёки сувда ишлатиладиган маҳсулотлар (қармоқ, асалари ини, боғдорчилик анжомлари, сув спорти ва ғаввосликда фойдаланиладиган анжомлар);
  • Ташқарида ва фермерликда ишлатиладиган буюмлар (махсус оёқ кийим, чайла, ов қуроллари, голф ва бошқа спорт анжомлари)ни олиб кира олмайсиз.

Мамлакатга киришга электрон рухсат (eTA)

Янги Зеландия Ташқи ишлар вазирлиги 60 дан ортиқ давлат фуқаролари учун мамлакатга киришга электрон рухсат (eTA) жорий қилди.

eTA сайёҳларга транзит ёки туристик мақсадларда Янги Зеландияга киришга ҳуқуқ беради ва 2 йил давомида амал қилади. eTA’га ариза топшириш осон бўлиб, у тўлиқ онлайн тарзда амалга оширилади. Ариза қабул қилиниши билан аризачига виза олиши учун электрон ваучер тақдим қилинади. Кейин бу ваучер мамлакатга етиб келганда Иммиграция хизмати ходимларига тақдим қилинади.

Электрон виза тизими бу дунёнинг исталган нуқтасидан виза олиш учун мурожаат қилиш усули дегани. Ушбу тизимнинг бошқа афзалликлари қаторида шуни таъкидлаш керакки, саёҳатчилар энди элчихонага ташриф буюришлари шарт эмас, чунки сиз истаган вақтингизда виза тўловини интернет орқали тўлашингиз мумкин.

Электрон визага ҳужжат топшириш учун нима керак бўлади?

  • Янги Зеландияга кирганингиздан кейин камида 6 ой амал қиладиган паспорт;
  • Мамлакатга кириш ва чиқиш вақти;
  • Кредит/дебит карта ёки PayPal’да ҳисоб.

Зиёдахон Ғуломова,

UzbekLife колумнисти

Мавзуга оид