Жамият | 19:26 / 04.06.2021
9186
3 дақиқада ўқилади

Фарғоналик 21 ёшли талаба фермер беш йилдан буён ота касби этагини тутиб келмоқда

Фарғона вилояти Қўштепа туманида истиқомат қилиб келаётга қаҳрамонимиз ёш бўлишига қарамай ҳаётнинг аччиқ чучугини татишга улгурган. 21 ёшли фермер марҳум отасидан қолган фермер хўжалигини бошқариб келмоқда.

Аминдарё кўчасида жойлашган «Дилшод» фермерлик хўжалигини мана, 5 йилдирки, 21 ёшли Достонбек Расулжонов бошқариб келяпти.

2016 йилда машъум автоҳалокат оқибатида отасидан айрилиб қолган Достонбек гарданига отаси бошқариб келаётган фермер хўжалигига раҳбарлик қилиш тушади. 16 ёшли Достонбек масъулиятни ҳис қилиб хўжаликни бошқаришга киришади.

Ҳозирда ёш фермер Фарғона Политехника институти иқтисодиёт факультети 1-босқич талабаси. У олийгоҳда ўқиш билан бирга фермерлик ишини ҳам уддалаб келяпти. 

«Фермер хўжалигимиз 1992 йилда ташкил топган. Чорва ва паррандалар боқамиз. 10 гектар ерда фаолият олиб борамиз. Шундан 5 гектари узумзор, 2 гектари гилос боғи, 2 гектари олмазор. Мевали дарахт тагидан ҳам унумли фойдаланамиз. Дарахтлар тагига асосан картошка, помидор кўчатларини экканмиз. 500 туп гилосимиз бор. Гилос меваси ҳосилни яхши беряпти. Аксарият меваларимиз даромадга кирган.

Бундан ташқари, тут дарахти ҳам экканмиз. Ипак қурти боқишда бу бизга жуда ҳам қўл келяпти. Ҳозирда хўжалигимизда 12 нафар ишчи мунтазам иш билан таъминланган. От, ғоз, товуқ ҳам парвариш қилинади.

Бу ерларни ҳосилдор ерга айланишида отамнинг ҳиссаси беқиёс. Отам вафотидан кейин фермер хўжалигини бошқариш ўзимга қолган. Хўжаликни бошқариш аввалида анча қийин кечган.

Келгусидаги режаларимиз ҳақида гапирадиган бўлсам, фермер хўжалигимизни паррандачилик ҳамда сутни қайта ишлаш корхонаси ҳисобига кенгайтириб яна 30 та иш ўрни яратмоқчимиз. 50 бош зотдор қорамолимиз бор. Улар бир кунда 200-250 литр сут беради. Яқин келажакда сутни ўзимизда қайта ишлаб сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни режа қилиб турибмиз. Паррандачиликни ҳам ўзимизда ривожлантирмоқчимиз», — дейди Kun.uz мухбири билан суҳбатда ёш фермер Достонбек Расулжонов

Ота касбни шараф билан давом эттираётган умидли ёш тадбиркор Достонбек Расулжонов билан суҳбатимиз ниҳоясига етиб хайрлашар эканмиз, унинг ишларига омад ва зафарлар тиладик.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид