Ўзбекистон | 20:28 / 04.06.2021
5322
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон парламенти Сенати раисини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 4 июнь куни мамлакатда расмий ташриф билан бўлиб турган Қозоғистон парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаевни қабул қилди.

Давлат раҳбари олий даражадаги мунтазам ва самарали мулоқотлар туфайли Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари бугун юксак даражага чиққанини мамнуният билан қайд этди.

Сенат раиси Маулен Ашимбаев, ўз навбатида, Ўзбекистон етакчисига самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Таъкидланишича, пандемия оқибатларини биргаликда енгиб ўтиш мақсадида ҳукуматлар, ҳудудлар ва тадбиркорлар даражасида фаол алмашинувлар давом этмоқда. 2021 йил бошидан товар айирбошлаш ҳажми 40 фоизга ошди. Машинасозлик, тўқимачилик саноати, транспорт, туризм ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида йирик кооперация лойиҳалари тайёрланмоқда ва амалга оширилмоқда. Маданий-гуманитар соҳадаги дастурлар қайта тикланди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболдаги кун тартибини шакллантиришда фаол иштирок этиши, ҳудудлар маъмуриятлари ва ишбилармон доираларни кенг жалб қилган ҳолда янги ташаббуслар ва аниқ лойиҳаларни илгари суриш, шунингдек, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар бўйича ҳамкорлик ва ўзаро мувофиқлашувни кучайтириш муҳим экани алоҳида таъкидланди.

Бундан аввал Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид