Иқтисодиёт | 16:30 / 09.06.2021
27589
3 дақиқада ўқилади

Минимал пенсия ва нафақаси оширилганлар сони маълум қилинди

2021 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда минимал пенсия ва нафақалар миқдори ошириладиган бўлди.

Пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Фарруx Пардаевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, бунда турли бандлар контингентидаги фуқаролар қамраб олинган.

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдори оширилмоқда.

Ҳужжатда келтирилган бандлар ҳар бирининг ўз контингенти бор. Мисол учун, иш стажи тўлиқ бўлмаган пенсия олувчилар 900 минг нафарни ташкил этади. Улар ҳозирда олаётган

306 минг 675 сўм (ун ва нон компенсациясини инобатга олган ҳолда) эндиликда 400 минг сўмга оширилади. Шунингдек, 85 минг нафар зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган тўлов миқдори 365 минг сўмдан 400 минг сўмга етказилди. Мазкур ўзгаришлар умумий олганда 1 миллион 951 минг контингентга таъсир қилади», деди жамғарма вакили.

Қайд этилишича, боқувчисини йўқотганларнинг энг кам пенсия миқдори:

  • 1 фарзанд учун 306 минг 675 сўмдан 452 минг 494 сўмга;
  • 2 фарзанд учун 613 минг 350 сўмдан 761 минг 663 сўмга;
  • 3 фарзанд учун 920 минг 25 сўмдан 1 миллион 70 минг 832 сўмга ошди.

Боқувчисини йўқотганларнинг нафақа миқдори эса:

  • 1 фарзанд учун 306 минг 675 сўмдан 400 минг сўмга;
  • 2 фарзанд учун 485 минг 12 сўмдан 550 минг сўмга;
  • 3 фарзанд учун 663 минг 350 сўмдан 700 минг сўмга оширилди.

Жамғарма маълумотларига кўра, 1 апрель ҳолатига Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 3 миллион 877 минг 200 нафарни (жами аҳолининг 11,2 фоизи) ташкил қилмоқда.

Бунда аҳолининг:

  • 2 миллион 881 минг 900 нафари (74,3 фоиз) ёшга доир пенсия;
  • 390,1 минг нафари (10,1 фоиз) ногиронлик пенсияси;
  • 192,8 минг нафари (5 фоиз) боқувчисини йўқотган пенсия олувчи оилалар;
  • 412,4 минг нафари (10,6 фоиз) нафақа олади.

Ҳисоб-китобларга кўра, жамғарма 2021 йилда пенсия ва нафақалар тўлови учун 36,5 триллион сўм маблағ харажат қилади. Айтилишича, ойига 2,9 триллион сўмдан сарфланади. Бунда, мазкур фармонга мувофиқ пенсия ва нафақаларни оширилган миқдорларда тўланиши учун республика бюджети ва Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан жорий йил якунига қадар жами 433 млрд.сўм маблағ йўналтирилади.

Қонунда белгиланишича, жамғармага давлат бюджетидан ажратиладиган трансфертлар миқдори 2021 йил якуни билан 14,7 триллион сўмни ташкил этади.

Аввалроқ, Ўзбекистон аҳолисининг минимал истеъмол харажатлари миқдори киши бошига бир ойда 440 минг сўм этиб белгилангани хабар қилинганди. Пенсия жамғармасига кўра, мазкур қиймат жорий қилингач энг кам пенсия миқдорлари ҳам минимал истеъмол харажатлари қийматига етказилади.

Мавзуга оид