Ўзбекистон | 12:59 / 09.06.2021
10104
3 дақиқада ўқилади

«Tashkent City» ҳудудида ер ажратиш масалалари қонуний ҳал этилган - Русланбек Давлетов

«Tashkent City»да қурилиши деярли якунланган бинолар ҳамон ҳужжатсиз экани ҳақида хабарлар тарқалди. АОКАда ўтказилаётган матбуот анжуманида адлия вазири Русланбек Давлетов шу ҳақдаги саволга жавоб қайтарди.

Унинг сўзларига кўра, махсус ҳудудлар «Иқтисодий ҳудудлар тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади.

«Агар бу ҳақда бирор бир тадбиркор субъектив фикрини айтган бўлса, бу унинг ўз фикри. Махсус ҳудудлар «Иқтисодий ҳудудлар тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади, масалан, саноат билан боғлиқ эркин иқтисодий зоналар. Бошқа кимнингдир шахсий фикри расмий аҳамиятга эга эмас. 

«Tashkent City» ҳудудида ер ажратиш масалалари қонуний ҳал этилган. Қурилиш объектини қуришда лозим бўлган ҳужжатлар тури жуда кўп. Улар орасида қурилиш бошланмасдан тайёр бўладигани ҳам, қурилиш жараёни билан параллел тайёрланадиган ҳужжатлар ҳам бор. 

Агар қайсидир қурилиш объектининг тайёр бўлиши керак бўлган ҳужжати ҳамон йўқ эканини аниқ айтадиган бўлсангиз, шунда унга қонуний баҳо бериш мумкин бўлади», дейди Русланбек Давлетов. 

Аввалроқ, Murad Buildings асосчиси Мурод Назаров «Tashkent City» таркибидаги бирорта қурилиш тасдиқдан ўтмаганини маълум қилганди.

Мурод Назаровнинг Rost24.uz сайтига берган интервьюда айтишича, «Tashkent City» ҳудуди махсус ҳудуд бўлиб, у ерда қурилиш ишлари амалга оширилаётган биноларнинг бирортаси тегишли қуйи идоралар тасдиғидан ўтмаган.

«Tashkent City ҳудудидаги қайси бино тасдиқдан ўтганига жавоб берсангиз, кейин мен жавоб бераман. Бу ҳудуд махсус ҳудуд, бу жойда параллел лойиҳалаштириш ва параллел ишларни олиб бориш рухсати билан ташкил қилинган жой. Фақат Nest One эмас, балки битган Hilton меҳмонхонасининг ҳужжатлари ҳозир ҳам тайёрланмоқда», деди Мурод Назаров.

Мавзуга оид